ЎзА Ўзбек

13.02.2020 Чоп этиш версияси

Пиёда катта тезлик билан автомашинани "уриб кетди..."

Пиёда катта тезлик билан автомашинани "уриб кетди..."

Пиёда иштирокидаги йўл транспорт ҳодисаларининг барчасида бўлмаса-да, асосан кўпчилигида йўловчи ўзининг айбсизлигини исботлашга ҳаракат қилади. Лекин барча ҳолатларда жабрланувчи пиёда бўлади. Ҳали тарихда бирор пиёда автомашинани уриб кетганини кўрмадик.


Яқинда “Жиззах эски шаҳар бозори” томондан “Жиззах марказий деҳқон бозори” йўналишида ҳаракатланаётган давлат рақами 25 F 904 CA бўлган “Нексия” русумли автомашина йўлни кесиб ўтаётган пиёда София Эсанбоевани уриб юборди. Пиёда бош чаноқ, қўл суяклари синиши каби жароҳатлар билан Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази Жиззах филиалининг жонлантириш бўлимига ётқизилган. 
DSC_6080.JPG

Техниканинг олдида инсоннинг нима жони бор. Уриб кетса ҳам, урилиб кетса ҳам темир эмас, эт билан суяк жароҳатланади. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Ишқилиб, ўзининг ва ҳайдовчининг бахтига соғайиб кетсин.

Аммо кейинги пайтда пиёдалар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари кўпайиб бораётгани ҳам бор гап.

Вилоят ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси маълумотларига кўра, 2019 йилда пиёдалар иштирокида 165 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Ушбу ҳодисаларда 55 нафар фуқаро бевақт ҳаётдан кўз юмган, 113 нафар фуқаро турли даражадаги тан жароҳатлари олган.
DSC_6096.JPG

Жорий йилнинг ўтган 1 ойи давомида пиёдалар билан боғлиқ 10 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. Ушбу ҳодисалар натижасида 3 киши вафот этган, 7 нафар фуқаро тан жароҳати олган.

Булар оддийгина статистик маълумот эмас. Ҳар бир ҳодисанинг ортида аниқ инсон тақдири ётибди. Кимдир ота-онасидан, кимдир фарзандидан, яқинларидан айрилмоқда. Қанча одам бир умрга майиб, ногирон бўлиб қолмоқда.
DSC_6103.JPG
Бу ҳодисаларнинг кўпайишига нима сабаб бўлмоқда, деган савол бугун ҳаммани ўйлантиради, албатта.

Бунга пиёдалар автотранспорт воситаларининг кўплиги ва ҳайдовчиларнинг аксарияти пиёдаларни ҳурмат қилмаслиги сабаб, деб ҳисоблайди. Ҳайдовчилар эса пиёдаларнинг кўплигини, уларнинг йўл қоидаларига мутлақо риоя қилмасликларини асосий сабаб қилиб кўрсатади.

Аслида иккала фикр ҳам тўғри. Бизда йўл ҳаракати маданияти етишишмаслиги бор гап. Бу масалага ҳукуматимиз томонидан доимий эътибор қаратиб келинаётгани сабаби ҳам шунда.
DSC_6051.JPG
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ ҳафтанинг ҳар жума куни “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тарғибот куни” этиб белгиланганида ҳам шу мақсад – одамларнинг ҳаётини уларнинг соғлигини ҳимоя қилиш.

– Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, аксарият ҳолларда пиёдалар қоидабузарлиги балоғат ёшига етмаган болаларнинг катталар назоратидан четда қолиши натижасида содир этилмоқда, – дейди вилоят ИИБ ЙҲХБ катта инспектори, капитан Эркин Очилов. — Ана шундай йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан 10 февралдан 20 февралга қадар вилоят ҳудудида “Диққат, пиёда!” тадбири ўтказилмоқда. Аҳолига, айниқса ёшларга йўл ҳаракати қоидалари тушунтирилиб, хавфсиз ҳаракатланиш кўникмаларини ҳосил қилиш мақсадида таълим муассасаларида тарғибот учрашувлари ташкил этилаётир.

Шунингдек, серқатнов йўлларда, чорраҳаларда, таълим муассасалари атрофида болалар қатнови устидан назоратни кучайтириш, йўл ҳаракати иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида “Диққат, пиёда!” рейд тадбирлари ташкил этилмоқда. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш нафақат йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларининг, балки ҳар бир ҳаракат иштирокчисининг вазифаси эканлиги ҳақида тарғибот тадбирлари, тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Вилоят ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган шундай рейд тадбирларидан бирида ЎзА мухбирлари иштирок этиб, пиёдалар томонидан содир этилган айрим қоида бузиш ҳолатларини суратга туширди.

Рейд тадбирлари давомида пиёдалар томонидан йўлнинг белгиланмаган жойидан кесиб ўтишлари, бу ҳаракат давомида қолаверса, уяли алоқа воситасидан фойдаланишлари ҳам кўплаб кузатилди.

Ушбу рейдлар давомида пиёдаларнинг қоида бузишлари Жиззах Политехника институти қошидаги академик лицейи олдида анча кўп юз берди. Айниқса ўқувчиларга йўл ҳаракати қоидаларини, юриш маданиятини ўргатиш бурчи бўлган ўқитувчининг ўзи транспорт воситалари серқатнов йўлнинг белгиланмаган жойидан йўлни кесиб ўтишига гувоҳ бўлиш кўнгилни хира қиладиган ҳолдир.

Жиззах давлат педагогика институти қаршисидаги серқатнов йўлда ҳам шундай ҳоллар тез-тез учраши кузатилди. Бўлажак педагоглар орасида ҳам жамиятда қонунларни ҳурмат қилиш оддийгина йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишдан бошланишига эътибор бермайдиганлар борлиги ачинарлидир.

Рейд давомида йўл ҳаракати қоидаларини бузган 35 нафар фуқаронинг жаримага тортилгани ҳам айрим юртдошларимиз кўча ҳаракати иштирокчиси сифатида масъулиятни ҳис этмаслигини, ўз ҳаёти хавфсизлигига беэътибор қарашини кўрсатди. Шу ўринда бу оддий эътиборсизлик эмас, маданиятимиз даражасини ҳам белгиловчи мезонлардан бири эканлигини ҳам айтиб ўтиш керак.

Кўчада ҳар биримиз “Сиздан қайси қоида бўйича ҳаракатланяпсиз?” деган саволга "йўл қоидаси бўйича деб жавоб берадиган бўлганимизда" биз тасодифий деб ҳисоблайдиган кўнгилсиз ҳодисалар юз бермайди, ҳеч бўлмаса, анча камаяди.



22 302
Т.БЕКНАЗАРОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА