ЎзА Ўзбек

23.07.2018 20:00 Чоп этиш версияси

Пиёда ҳар доим ҳақ, лекин...

Пиёда ҳар доим ҳақ, лекин... Пиёда ҳар доим ҳақ деймизу бироқ доимо бундай бўлавермайди.

Жорий йил бошидан 22 июль санасига қадар Тошкент шаҳрида 660 та йўл транспорт ҳодисаси (ЙТҲ) рўй берган. Содир бўлган ЙТҲларда 93 нафар одам оламдан ўтган, 786 нафари турли даражада жароҳатланган.

ЙТҲлар ўтган йилга нисбатан бу йил 9,3 фоизга, ўлим билан якунлаган ҳодисалар 3,1 фоизга , жароҳатланганлар сони 7,4 фоизга камайган бўлса-да, ҳамон ноҳуш ҳолатлар тез-тез учраб турибди. Хўш, бунга ким айбдор? Баъзилар ҳайдовчиларни, айримлар пиёдаларни айблашади.

Тошкент шаҳрининг кўпгина катта кўчаларида пиёдалар йўлаклари тўлиқ (зебра) чизилмаганини ҳам ҳисобга оладиган бўлсак, айбдор биргина ҳайдовчи ёки пиёдалар эмас, балки мутасаддилар ҳам сабабчидек туюлади.

“Зебра” чизиқлари нари борса бир ойга қолмай кўринмай қолади. Ҳайдовчиларнинг йўловчиларга муносабати ҳам худди шундай ўзгарувчан. Яъни Йўл патруль хизмати ходими олдида рисоладагидек, агар ЙПХ вакили бўлмаса, йўловчи “зебра”да узоқ қолиб кетиши мумкин. Пиёдалар хусусида ҳам шундай салбий фикр билдириш мумкин. Йирик бозорлар яқинида ер ости йўлаклари бўла туриб улар белгиланмаган жойдан ўтишга уринадилар. Оқибатда бозорлар яқини доим тирбанд ва йўловчи, ҳайдовчилар учун ҳам бирдек хавфли, ноқулай бўлиб қолаверади.

Мана шундай дилни хира қиладиган ҳолатларни олдини олишда жамоатчилик назорати етишмаётгандек назаримда. Бу борада Сиз қандай фикрдасиз?..

Анора Содиқова, ЎзА
4 290