ЎзА Ўзбек

23.12.2016 16:45 Чоп этиш версияси

Пиротехника: кўнгилхушликми ёки кўнгилсизлик?!

Яқинда Мексиканинг Тультепек шаҳридаги пиротехника бозорида юз берган портлаш акс садоси бутун дунёни ларзага солди. Ўттиздан ортиқ одамни бевақт ҳаётдан олиб кетган, етмишдан зиёд кишининг жароҳатланишига сабаб бўлган мазкур фожиа ялтироқ қоғозга ҳар қанча ўралмасин, “пақилдоқ” барибир порохнинг “қариндоши” бўлиб қолажагини амалда яна бир бор кўрсатди.

Мамлакатимизда пиротехниканинг ҳар қандай тури маиший ишлатиш учун тақиқланган. Уларнинг аксарияти хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган контрафакт маҳсулотлардир. Айниқса, бу матоҳ болалар қўлига тушиб қолса, фавқулодда ҳодисалар, жумладан, ёнғин келтириб чиқариши, одамларга оғир жароҳат етказиши мумкин.

Мамлакатимизда портловчи ва заҳарли моддаларни ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш, реализация қилиш соҳасида хавфсизликни таъминлашни назорат қилиш ишлари тизимли асосда йўлга қўйилган. 2010 йил 22 сентябрда қабул қилинган “Пиротехника буюмлари муомаласи тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ пиротехника воситаларини мамлакатимиз ҳудудига олиб кириш, ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш, сотиш устидан самарали давлат назоратини ўрнатиш, уларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлишининг олдини олиш, пиротехника воситаларини қўллаган ҳолда маданий-кўнгилочар тадбирларни ўтказишда хавфсизлик чораларини кучайтириш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ушбу қонун пиротехника буюмларининг ноқонуний айланиши ва улардан қонунга хилоф равишда фойдаланишнинг олдини олишга қаратилган давлат назоратини самарали амалга оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу билан бирга, турли маданий-кўнгилочар тадбирларни ўтказишда хавфсизлик чораларига риоя этишни таъминлашга хизмат қилаётир.

Шунга қарамай, мамлакатимизга пиротехника буюмларини олиб кириш, сотиш ва фойдаланиш ҳолатлари учраб турибди. Шу боис ички ишлар, солиқ, божхона идоралари ва жамоатчилик вакилларидан иборат махсус гуруҳлар иштирокида юртимиз ҳудудида пиротехника маҳсулотларининг ноқонуний муомаласига қарши курашиш бўйича тезкор тадбирлар ўтказилмоқда. Чегара ҳудудларда ҳаракатланаётган автомашина ва йўловчилар, дўкон ва савдо расталари, хонадон ва иншоотлар текширувдан ўтказилмоқда.

Давлат божхона қўмитаси ахборот хизматидан маълум қилишларича, 2016 йилнинг 20 декабрига қадар мазкур йўналишда 53 божхона қоидабузарлиги аниқланиб, 144 минг донадан зиёд пиротехника воситасининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.

2016 йилнинг 6 декабрида Фарғона вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Фарғона туманидаги хонадонлардан бирида қиймати 4 миллион 800 минг сўмлик 96 минг дона пиротехника воситаси ноқонуний равишда сақланаётгани маълум бўлган.

Москва-Тошкент йўловчи поездида мамлакатимизга кириб келган фуқаролардан бирининг қўл юклари “Келес” темир йўл чегара божхона постида кўрикдан ўтказилганда 72 дона пиротехника воситаси борлиги аниқланган.

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда ўтказилган тадбир давомида пойтахтимизнинг Олмазор туманида пиротехника воситаларини сотиш ва тарқатиш билан шуғулланаётган шахслардан қиймати 3 миллион 200 минг сўмлик 19 минг 200 дона пиротехника воситаси ашёвий далил сифатида олиб қўйилган. Ҳозир ушбу ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Таъкидлаш керакки, пақилдоқфурушларнинг йўлини тўсиш учун фақат мутасадди ташкилотлар эмас, барча бирдек ҳаракат қилмоғи зарур.

Беҳзод Бозоров, ЎзА
4 209