ЎзА Ўзбек

03.06.2020 Чоп этиш версияси

Пиллачилик: Ҳар бир қутидан 60-70 килограмм ҳосил олинди

Пиллачилик: Ҳар бир қутидан 60-70 килограмм ҳосил олинди

Андижон вилояти Олтинкўл тумани пиллакорлари томонидан 3 минг 80 қути ипак қурти парваришланди. 169,4 тонна юқори сифатли пилла етиштирилиб, белгиланган шартнома режаси ортиғи билан бажарилди.

– Туман пиллакорлари учун бу йил муваффақиятли келди, – дейди туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосари Бунёдбек Исмоилов. – Фермер ва пиллакорларимизнинг самарали меҳнатлари туфайли пилладан кутилгандан юқори ҳосил олинди.

Жорий мавсумда тумандаги 2 минг 260 та аҳоли хонадонида ипак қурти парваришланди. Барча агротехник тадбирлар ўз вақтида, белгиланган тартиблар асосида олиб борилди. Натижада кўплаб тажрибали пиллакорлар ҳар бир қутидан режадаги 55 кило ўрнига 60-70 килодан «кумуш тола» етиштирди.

Пиллачилик кластерлари – «Олтинкўлнинг олтин ипаги» масъулияти чекланган жамияти 2 минг 288 қутидан 133,5 тонна, «Асака силк ворм» масъулияти чекланган жамияти 410 қутидан 20,3 тонна, «Андижон Гуанг Тонг» масъулияти чекланган жамияти эса 282 қутидан 15,6 тонна пилла етказиб бериб, умумий хирмонга муносиб ҳисса қўшди.

Мавсумда Андижон, Оқтепа, С.Ашуров номли массивлар пиллакорлари пешқадам бўлди. Айни кунларда яна қатор хонадонларда пилла терими давом этмоқда. Туман пиллакорлари умумий хирмонни 171 тоннага етказишни мақсад қилган.

2 013
Ф.УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА