Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.09.2017 18:10 Чоп этиш версияси

Пешқўрғонда ички ишлар бўлинмаси очилди

Пешқўрғонда ички ишлар бўлинмаси очилди Наманган вилояти Чортоқ тумани Пешқўрғон қишлоғида туман ички ишлар бўлимининг 9-сонли ички ишлар бўлинмаси иш бошлади.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда мамлакатимизда ички ишлар органлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилаётган алоҳида эътибор жойларда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

Президентимизнинг 2017 йил 10 апрелдаги "Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони бу борада муҳим аҳамият касб этаётир.

Мазкур ҳуқуқ-тартибот идораси учун танланган 2 қаватли бинода 350 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, ходимлар учун замонавий шароитлар яратилган.

Вилоят марказидан 80 километр узоқда, қўшни Қирғизистон билан чегарадош ҳудудда жойлашган Пешқўрғон қишлоғининг Узункўча, Бодомзор, Тўпқайрағоч, Арбағиш, Олаариқ, Балиқли кўл, Ҳазратишоҳ, Тўриқ каби 16 маҳалласида 52 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудда ички ишлар бўлинмаси ташкил этилиши тизим ходимлари фаолияти самарадорлигини янада ошириш билан бирга, аҳолининг ҳуқуқий хизматдан фойдаланиш имкониятини кенгайтиради.

– Паспорт олиш, алмаштириш каби ички ишлар тизими билан боғлиқ юмушлар учун 30-35 чақирим йўл босиб, туман марказига борар эдик, – дейди меҳнат фахрийси Н.Нарзуллаев. – Ярим соатлик иш учун бир кун вақтимиз кетарди. Энди бундай оворагарчиликлар бартараф этилди. Энг муҳими, ички ишлар бўлинмасининг яқин жойда бўлиши қишлоқдаги ижтимоий-маънавий муҳитга ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

– Бўлинма ташкил этилиши билан кўплаб муаммолар, қийинчиликлар ечимини топадиган бўлди, – дейди Чортоқ тумани ички ишлар бўлими бошлиғи А.Давлатов. – Зеро, аҳолига қанча яқин бўлсак, профилактика-тарғибот ишлари шунча самарали бўлади. Янги бинода ходимларнинг самарали ишлаши учун барча шароит муҳайё. Жумладан, ходимларнинг ўз устида ишлаши, спорт билан шуғулланиши ва касбга оид бошқа тайёргарлик тадбирлари учун зарур имкониятлар мавжуд. Бу келгуси фаолиятимизда албатта ўз самарасини беради.

Акрамжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА
1 203






Все о погоде - Pogoda.uz