ЎзА Ўзбек

25.06.2020 Чоп этиш версияси

Пенсияга чиқмоқчимисиз? Архив маълумотлари шарт эмас

Пенсияга чиқмоқчимисиз? Архив маълумотлари шарт эмас

Жорий йилнинг 20 июнидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Пенсия жамғармаси матбуот хизматидан маълум қилишларича, мазкур қарорга кўра, эндиликда ногирон боланинг, шунингдек 16 ёшга тўлмаган ОИВ инфекциясига чалинган шахснинг оиласига, тарбияга олган (патронат) тутинган ота-онасига ҳам нафақа тайинлаш тартиби жорий қилинди.

Шунингдек, пенсия тайинлаш учун иш стажи «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплекси («ЯММТ» ИДАК) да мавжуд маълумотлар асосида ҳам тасдиқланиши белгиланди.

Энг муҳими, архив маълумотларини тақдим этмасдан ҳам иш ҳақи миқдорини аниқлаш имконияти яратилди. Хусусан, 2005-2016 йиллар даври учун – жамғарилиб бориладиган пенсия тизимига мажбурий бадаллар тўғрисидаги маълумотлардан, 2016-2018 йиллар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ўтказилган суғурта бадалларини якка тартибда ҳисобга олишнинг марказлаштирилган электрон реестри маълумотларидан олинади.

Шунингдек, 2019 йил учун – фуқароларнинг иш ҳақининг якка тартибдаги ҳисобини юритишнинг марказлаштирилган электрон реестри маълумотларидан, 2020 йилдан кейинги давр учун – «ЯММТ» ИДАКда мавжуд маълумотлардан келиб чиқиб амалга оширилади.

Қабул қилинган қарор, Ҳукуматимизнинг аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган қатламига бўлган доимий эътиборнинг яққол ифодасидир.

9 502
ЎзА