Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.04.2018 20:00 Чоп этиш версияси

Пенсия ёши жаҳонда ўртача 65 ёш. Ўзбекистондачи?

Бугунги кунда пенсия ёши Ўзбекистон Республикасида нафақат Европа, Америка, Осиё мамлакатлари орасида, балки МДҲ давлатлари ичида ҳам энг кичик ҳисобланиб, муддатидан аввал пенсияга чиқиш ҳуқуқини ҳисобга олган ҳолда, ўртача эркакларда 58 ва аёлларда 53 ёшни ташкил этади.

Маълумотларга қараганда, пенсия ёши жаҳонда ўртача 65 ёш. Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги давлатларида бу кўрсаткич эркаклар учун 63 ва аёллар учун 58 ёшни ташкил этади. Мисол учун, Тожикистон ва Қирғизистонда пенсия ёши тегишлича 63 ва 58 ёш, Туркманистонда тегишлича 62 ва 57 ёш бўлса, Қозоғистонда эркакларда 63, аёлларда 58,5 ёшдир.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кучли ижтимоий ҳимоя концепцияси аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз кексалар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа аҳоли қатламларига моддий ва маънавий ёрдам қўлини чўзишда ўз аксини топмоқда.

Ҳаракатлар стратегиясида ҳам ушбу соҳада бажарилиш лозим бўлган муҳим вазифалар белгиланган.

Ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек, боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга эканлиги Конституциямизнинг 39-моддасида кўрсатиб ўтилган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан ташкил этилган “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти: Ўзбекистон тажрибаси, амалиёт ва истиқболдаги режалар” мавзуидаги давра суҳбатида ҳам фуқароларнинг ушбу конституциявий ҳуқуқларини таъминлашнинг ана шундай долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Тадбир Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 февралдаги «Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳамда 13 мартдаги “Пенсиялар ва нафақалар тўлаш механизмини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларига мувофиқ, 2017 йил февралдан бошлаб барча турдаги пенсиялар ва нафақалар фақат нақд пул кўринишида тўланиши, пенсия ва нафақалар акциядорлик тижорат Халқ банки филиаллари томонидан маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган махсус кассалар орқали, шунингдек, мустақил ҳаракатланиш ҳамда пенсиялар ва нафақаларни махсус кассалардан олиш имкониятига эга бўлмаган шахсларга бевосита улар яшайдиган жойга етказиб берилиши йўлга қўйилди.

Соҳада бир қанча ижобий ютуқларга эришилганига қарамасдан, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси даромадларини шакллантириш механизмларини замонавий молиявий сиёсат концепциялари асосида такомиллаштириб бориш, жамғарма маблағларидан оқилона фойдаланиш ва уни мақсадли сарфлашнинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий асосларини илмий-амалий тадқиқ этиш лозимлиги таъкидланди. Бунинг учун, энг аввало, пенсия таъминоти назарияси ва пенсия таъминоти борасидаги давлат сиёсати, давлат пенсия таъминоти тизимидаги пенсияларнинг турлари, жамғариб бориладиган пенсия таъминоти борасида қонунчиликни такомиллаштириб бориш муҳимлиги айтилди.

Ушбу соҳадаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, соҳага ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, архивлар фаолиятини янада ривожлантириш фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигини камайтириб, бюрократик тўсиқларни бартараф этишга хизмат қилади.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
24 566