ЎзА Ўзбек

17.12.2018 11:04 Чоп этиш версияси

Пенсия ёши аёллар учун 58, эркакларга эса 63 ёш бўлади...(ми?)

Пенсия ёши аёллар учун 58, эркакларга эса 63 ёш бўлади...(ми?)

Ўзбекистон Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ташаббуси билан Миллий матбуот марказида давлат пенсия таъминоти тизимини такомиллаштириш концепцияси моҳиятига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. 

Нафақа олувчиларнинг ёшини белгилаш, тегишли тартибда пенсия тўловини жорий этиш бугун барчани қизиқтираётган масалага айланди. Билдирилган маълумотларга кўра, пенсия фуқароларнинг умр кечириш ёшига нисбатан белгиланиши манба сифатида олинади. Яъни, умргузаронлик эркаклар 71 ёш, аёллар 76 ёшгача бўлса, ўртача 73 йил эканлиги қайд қилинган. Пенсия ёши аёллар учун 58, эркакларга эса 63 ёш бўлиши мумкин.

Пенсия ва ижтимоий нафақа тайинлашда даромад ва харажат муҳим манба ҳисобланади. Яъни, ҳар бир ишчи-ходимнинг иш ҳақидан “Халқ банки”да очилган жамғариб бориладиган дафтарчага муайян миқдорда маблағ ўтказилади. Фуқаро пенсия ёшига етгач, жамғармада тўпланган пул тақсимланиб, ойма-ой тўлаб борилади. 2018 йилнинг 10 ойлиги давомида тушумлар ижроси 19 240,5 миллиард сўмни ташкил этди.

Бошқача айтганда, бу белгиланган пулдан кўп. Пенсия ва нафақа олувчиларнинг ойлик тўловларини ошириш имкони мавжуд, аммо пенсия ва нафақа олувчилар сони соғлигини йўқотганлик, бахтсиз ҳодиса, тасодифий фалокат сабаб ногиронлик нафақасига чиқаётган, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларга кўрсатилаётган ижтимоий ёрдам йилдан-йилга ошиб бораётгани ҳисобга олинса, пенсия миқдорини “бир зарб билан” оширишнинг имкони йўқлиги сезилади. Мазкур йилнинг 10 ойи давомида 244 225 нафар фуқаро қўшимча равишда пенсия ва ижтимоий нафақа ола бошлади.

Президентимизнинг 2017 йил 28 декабрдаги “Меҳнат фаолиятини олиб бораётган пенсионерларнинг алоҳида тоифаларига қулай шароитлар яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан, 2018 йил 1 январидан 65 ёш ва ундан ошган ҳамда 2010 йилга қадар пенсия тайинланган фуқароларни нафақасида аниқланган ортиқча тўловлар қарздорликлари ҳисобдан чиқарилди, улардан ундирилмайдиган бўлди ҳамда мазкур йилнинг январидан 24 тоифадаги ишловчи пенсионер иш ҳақи ҳамда пенсиясини 100 фоиз миқдорда олади. Мамлакатимизнинг мустақиллиги, аҳолининг эркин, озод ҳаёт тарзи ана шундай имкониятларга йўл очди. 

Айтилгани каби харажатга нисбатан аҳолидан йиғилган даромад тушумлари бир мунча кўп. Пенсия ва нафақа олувчиларнинг ойлик тўловлари суммаси келгуси йилда ҳам ошиб боради. Шунингдек, нон ва нон маҳсулотларининг нархи ошиши муносабати билан Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан, “Пенсия” дастури модулига кўра, мазкур йилнинг октябридан айрим тоифадаги пенсия ва нафақа олувчиларга энг кам иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида ҳар ойлик нон компенсация пули тўлови жорий этилди. Пенсия ва ижтимоий нафақа ҳар ойнинг 10 санасидан 27 гача “Халқ банки” томонидан тўланмоқда. 

Тадбирда аҳолидан тушаётган шикоятларга ҳам тўхтаб ўтилди. 2018 йилнинг ўтган даврида Пенсия жамғармаси ижро этувчи аппаратига

5925 нафар фуқародан келган ариза, шикоятлар муддатида ҳал этилди. Пенсия жамғармасининг “Ишонч телефони” орқали 754 нафар ҳамда Республика Бош прокуратурасининг “Ишонч телефони” орқали 198 нафар фуқародан мурожаатлар қабул қилинган, белгиланган тартибда жойига чиқиб ўрганилиб, ижроси таъминланган. 

“Пенсия ва ижтимоий нафақа тўловларига оид қонун борлигига қарамай, айрим ходимларимизнинг ўз мансабини суиистеъмол қилиш ҳолатлари учраб турибди, — дейди Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро этувчи директори Ёрқин Турсунов. — Қонунни билмаслик оқибатида аҳоли сўровига масъулиятсизлик билан жавоб қайтарилган.

Амалдаги қонунда меҳнат дафтарчаси пенсияга чиқиш учун асосий ҳужжат эканлиги қайд этилган, одамларнинг архивдан маълумотнома олиб келишини талаб қилиш ҳақида гап-сўз йўқ. Бу ортиқча қоғозбозликдан бошқа нарса эмас. Лекин, баъзи инспекторларимиз архивдан маълумотнома талаб қилаётгани бор гап. Ўз касбига лаёқатсизлик билан ёндашган 5 та ходимимизни ишдан бўшатдик, 184 нафарига ҳайфсан эълон қилдик. Махсус ўқув курслари ташкил этдик. Шунга қарамай, жамғармамизда иқтидорли, етук, соҳани яхши биладиган кадрларга эҳтиёж катта”. 

Меҳнат дафтарчасида иш фаолияти давомида узилишлар бўлиши табиий жараён. Доимий иш жойига эга бўлмаслик, томорқа меҳнати ёки бировларнинг ҳожатини чиқариш орқали даромад қилиши, яъни уй таъмирлаш, киракашлик, бозорда арава тортиш каби масалаларга доир матбуот ходимларининг берган саволларига Ёрқин Турсунов қуйидагича жавоб берди:. 

“Ҳозирда мамлакат ичкарисида туриб оиласини боқиш учун ёлланма меҳнат орқали даромад қилиб, давлатга солиқ тўламай, пул топаётганлар ҳамда хорижда ишлаётган фуқароларимизга нисбатан пенсияга чиқишларида енгиллик яратиш мақсадида олдиндан бадал тўловлари жорий этилди.

Маълумотларга кўра, хорижда меҳнат қилаётганлар сони 2 миллион нафарни ташкил этса, шундан 1,5 миллиони Россияда ишлайди. Ҳали бу рўйхатга олингани. Ички ва ташқи муҳитда доимий иш жойига эга бўлмай, меҳнат дафтарчаси юритилмасдан, ёлланма меҳнат қилаётган фуқаролар энг кам иш ҳақининг 4,5 баробари миқдорида жамғарма ҳисобига маблағ киритса, бир йиллик иш стажига эга бўлади. Шу тариқа тўловни амалга оширса, ёшга доир пенсиясини белгиланган тартибда олади.

1993 йилда қабул қилинган “Пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонун эскирганлиги сезилиб қолаяпти. Ўтган давр мобайнида қонунга киритилган ўзгаришларни яна бир бор кўриб чиқиш, хориж тажрибаси асосида такомиллаштириш, аҳоли манфаатларига мослаштириш учун таклифлар ишлаб чиқилди”.

Юсуф Жўраев

ЎзА
14 947