ЎзА Ўзбек

13.08.2018 11:44 Чоп этиш версияси

Пенсия таъминотида ногиронлиги бўлган шахсларга имтиёз берилиши мумкин

Пенсия таъминотида ногиронлиги бўлган шахсларга имтиёз берилиши мумкин

Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимчалар ва ўзгартиш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинмоқда.

Хўш, мазкур қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга нима зарурат бўлди?

photo5443046161012336820.jpgБу ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ойбек Эгамов қуйидагиларни гапириб берди:

– Ҳудудларда аҳоли билан ўтказган учрашувларимизда, очиқ мулоқотларда фуқаролар томонидан турли соҳаларга тегишли муаммо ва камчиликлар кўтарилмоқда. Жумладан, пенсионерлар томонидан объектив ва субъектив сабабларга кўра, пенсия жамғармаси томонидан ортиқча тўлов ҳолатлари аниқланган тақдирда, ушбу суммаларни тўланаётган пенсия миқдоридан ушлаб қолиш тўғрисида қарорлар асосида маълум миқдордаги маблағлар сабабларини чуқур ўрганмасдан чегириб қолинаётганидан эътироз билдирилиб келинаётган эди. Баъзи ҳолатларда Пенсия жамғармасининг қарорларидан норози бўлган пенсионерлар, яъни улар томонидан айб йўқлиги ёки қасддан пенсияни оширишга ҳаракатлар амалга оширилмагани сабабли юқори турувчи органларга, шунингдек, судларга мурожаат қилмоқдалар. Натижада фуқароларнинг норозилиги ва суд органлари томонидан кўриб чиқилаётган даъво аризалари сони ортиб бормоқда.

Юқоридагиларни эътиборга олиб, амалдаги қонуннинг 65-моддаси иккинчи қисми янги мазмун билан тўлдирилмоқда. Унга кўра, пенсионер бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг пенсиядан ортиқча тўланган суммаларни ундириш тўғрисидаги қароридан норози бўлганда, аниқланган қарздорлик суд тартибида, бироқ у аниқланган санадан уч йилдан ошмаган давр учун ундирилади.

Бу борадаги халқаро амалиёт ўрганилганда деярли барча МДҲ мамлакатларида умумий даъво муддати уч йил этиб белгилангани маълум бўлди.

Шунингдек, Президентимизнинг 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2017 йил 28 декабрдаги “Меҳнат фаолиятини амалга оширувчи айрим алоҳида тоифадаги пенсионерларга мақбул шароитлар яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонлари асосида ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳасида яна бир муҳим янгилик кўзда тутилган.

Яъни, ушбу қонун лойиҳасида Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган рўйхатларга мувофиқ, алоҳида тоифадаги I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга – эркакларга иш стажи камида 25 йил бўлган тақдирда, аёлларга иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда умумий белгиланган пенсия ёшини 5 йилга қисқартирган ҳолда имтиёзли шартларда ёшга доир пенсия тайинлаш назарда тутилмоқда. Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, масалан, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган эркаклар 60 ёшдан пенсияга чиқиш керак бўлган бўлса, мазкур қонун лойиҳасига биноан, улар 25 йиллик стажга эга бўлса, 55 ёшида чиқишига рухсат этилиши назарда тутилмоқда. Ушбу ҳужжат қабул қилинган тақдирда, 143 мингдан зиёд I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган фуқаро ана шу имтиёзли равишда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлиши кутилмоқда.

ЎзА
5 816