Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.03.2017 18:38 Чоп этиш версияси

Пенсия маълумотлари энди мобиль телефонда

2017 йил 1 февралдан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан пенсия ва нафақаларни олувчи шахслар учун SMS-Pensiya интерактив хизмати ишга туширилди. Ушбу хизмат пенсия ва нафақа тайинланиши, унинг тўлов муддатлари ҳақидаги маълумотларни мобиль алоқа воситасида олиш имконини беради. Пойтахтимизда жамғарма томонидан ўтказилган матбуот анжуманида бу алоҳида қайд этилди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси фуқароларнинг давлат пенсия таъминотини ташкил қилиш, пенсия ва ижтимоий нафақаларни тайинлаш, пенсия ҳамда бошқа тўловлар миқдорини қонунчиликда белгиланган тартибда қайта ҳисоб-китоб қилишни таъминлашга масъул муҳим давлат органидир.

«Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастури доирасида Пенсия жамғармаси раҳбариятининг жойларда фуқаролар билан учрашув жадваллари тасдиқланиб, шахсий қабуллар ташкил этилмоқда. Тизимда фуқаролар мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш, масъул шахсларнинг жавобгарлигини оширишга устувор аҳамият қаратилган.

Сўнгги беш йилликда пенсия ва нафақа олувчилар сони йилига ўртача 4 фоиздан ўсиб, бугунги кунда 3 миллион нафардан ортиқни ташкил этмоқда. Уларга тўловларнинг ўз вақтида етказиб берилишини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг февраль ойи учун талаб қилинган маблағлар 2017 йилнинг 17 февраль санасига қадар тўлиқ молиялаштирилди.

Мазкур тўловлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 февралдаги «Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ тўлиқ ҳажмда нақд шаклда етказиб берилди.

Қайд этилганидек, иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларнинг ўз вақтида ва тўлиқ тўланишида қонунчилик нормаларига амал қилиниши Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан қатъий назоратга олинган. Шунингдек, пенсия ва нафақаларни тайинлаш ва тўловларнинг ўз вақтида амалга оширилиш жараёни устидан назоратни кучайтириш мақсадида (1140) "ишонч телефони" ишлаб турибди.

Ишловчи пенсионерларнинг пенсия маблағларини осон ва қулай тарзда Пенсия жамғармаси томонидан молиялаштиришнинг интерактив талабномаси жорий этилди.

Тадбирда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Беҳзод Бозоров, ЎзА
1 619






Все о погоде - Pogoda.uz