ЎзА Ўзбек

12.07.2020 Чоп этиш версияси

ПЕНСИЯ ИСЛОҲОТИ: Кексайганда афсусланмаслик учун бугун хулоса қилиш керак

ПЕНСИЯ ИСЛОҲОТИ: Кексайганда афсусланмаслик учун бугун хулоса қилиш керак
Иш стажига эга бўлмаган, меҳнат дафтарчаси йўқ юртдошларимизнинг келгусида пенсия олишида муаммолар бўлиши мумкин. Бу борада амалдаги тартиб қандай? 

Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси сектор бошлиғи Аброр Холматов тизимдаги тартиб-қоидалар, ўзгаришлар ҳақида сўзлаб берди. 

– Маълумотларга кўра, республикамизда 15 миллион атрофидаги аҳоли иқтисодий фаол ҳисобланади. Бугунги кунда иқтисодий фаол аҳолининг қарийб 5,8 миллиони меҳнат шартномаси асосида, 400 мингдан зиёди якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини юритиб, Пенсия жамғармасига ижтимоий солиқ тўлаб келади. Демак деярли 9 миллион фуқаро расмийлаштирмаган ҳолда меҳнат фаолиятини юритмоқда. 

Булар кимлар? 

Ушбу тоифага хорижий давлатларда ишлаётганлар (мигрантлар), деҳқон хўжаликларида ва томорқада, қурилиш соҳасида, бозорлар, маиший хизмат кўрсатиш ва мавсумий ишларда банд бўлган фуқароларни киритиш мумкин.

Ушбу фуқаролар ўз фаолиятини расмийлаштирмагани ҳамда Пенсия жамғармасига тўловларни амалга оширмагани учун келгусида ижтимоий ҳимоядан, жумладан, пенсия таъминотидан маҳрум бўлиши эҳтимоли мавжуд. 

Ўзини ўзи банд қилган фуқаролар фаолиятини расмийлаштиришни соддалаштириш, якка тартибдаги тадбиркорлар ва оилавий корхоналарга қулайлик яратиш мақсадида, Президентимиз жорий йил 8 июнда “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ушбу қарорда ўзини ўзи банд қилган фуқароларга жорий йилнинг июль ойидан бошлаб кўплаб имкониятлар яратилди. Жумладан, ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхати кенгайтирилиб, 67 тага етказилди. Аввалги тартиб бўйича бу кўрсаткич 24 тани ташкил этар эди. 

Бундан ташқари, 1 июлдан бошлаб, вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари бекор қилиниб, ўзини ўзи банд қилганларга махсус мобиль илова ёхуд солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали рўйхатдан ўтиш имконияти яратилди. Ўзини ўзи банд қилганлар ижтимоий солиқни 2020 йил учун базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 фоизи, яъни 111 минг 500 сўм миқдорида маблағ тўлаш эвазига йил давомида расмий равишда фаолият юритиши мумкин. Энг асосийси ушбу талабларни бажарган тақдирда фуқаролар пенсия ёшига етганида пенсия таъминотини олиш ҳуқуқига эга бўлади. 

Табиий савол туғилади: бу қандай амалга оширилади? 

Жорий йилнинг июль ойидан бошлаб ўзини ўзи банд қилган фуқароларни масофадан рўйхатга олиш мўлжалланган мобиль илова жорий қилинди. 

Ушбу илова орқали фуқаролар нафақат фаолиятини рўйхатдан ўтказиш, балки буюртмаларни қабул қилиш ва тўловларни амалга ошириш, электрон ҳисоб-китоб фактураларни тақдим қилиш, даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритиш ҳамда ўз товарларини (ишларини, хизматларини) реклама қилиш имкониятига эга.

Қўшимча имтиёз ва қулайликлар ҳам берилаяпти. Эндиликда оилавий корхоналар солиқ имтиёзига эга бўлди. Улар ўзини ўзи банд қилганлар учун назарда тутилган фаолият турлари билан шуғулланса, айланмадан солиқни белгиланган миқдордан 50 фоизга камайтирилган ставкада тўлашга ҳақли. Якка тадбиркорлар солиқ хизматлари органларидан рўйхатдан ўтиши учун, яшаш манзили эмас, балки фаолият юритаётган ҳудуд бўйича мурожаат қилиши учун имконият яратилди.

2021 йилдан тадбиркорлар учун “Бизнес навигатор” ахборот тизими ишлаб чиқилади. Ушбу тизим орқали ишбилармон юртдошларимиз тадбиркорлик фаолиятининг рақобатбардош турини танлаш, кредит олиш учун зарур бизнес-режа лойиҳаси ва ҳужжатлар тўпламини шакллантириш, тегишли тадбиркорлик фаолияти учун тақдим этилган имтиёз ва преференциялар тўғрисида маълумот олиш, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун кўчмас мулк объектларини танлаш имкониятига эга бўлади. 

Умуман олганда, фуқароларга ўз фаолиятини расмийлаштириши, келгусида пенсия таъминотига ва иш стажига эга бўлиши учун барча шароитлар яратилди. Ушбу имкониятлар ва имтиёзлардан фойдаланмаган фуқаролар кексайганда ёки меҳнат қобилиятини йўқотганида афсусланмаслиги учун бугун хулоса қилиши ва ўзгаришларга мослашиши керак. 



4 970
Барно Мелиқулова ёзиб олди, ЎзА​