ЎзА Ўзбек

19.07.2018 21:35 Чоп этиш версияси

Педагоглар ғолиб бўлди

Чирчиқ шаҳрида “XXI аср аёли“ кўрик-танловининг Тошкент вилояти босқичи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Тошкент вилояти кенгаши томонидан “Донолик ва ташаббускорлик – сиёсий етакчилик мезони” шиори остида ўтказилган танловда ҳудудий босқичларда ғолиб бўлган хотин-қизлар “Партия – менинг тақдиримда”, “Партия фаолиятидаги ташаббусларим”, “Партия дастури ва қонунчиликка таклифлар” каби 3 шарт бўйича ўз билим ва малакасини намойиш этди.

– Танловдан кўзланган асосий мақсад хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, фидокорона меҳнатларини рағбатлантиришдан иборат, – дейди партия вилоят кенгаши раиси ўринбосари Мунира Қориева. – Ушбу лойиҳани амалга ошириш жараёнида партиямиз сафида сиёсий ва ҳуқуқий билими юқори хотин-қизлар кўплиги маълум бўлди.

Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, Бекобод санъат коллежи ўқитувчиси Гулруҳ Турсунқулова биринчи ўринга муносиб, деб топилди ва танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди. Иккинчи ва учинчи ўринларни Олмалиқ саноат касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Шоҳиста Хидирова, Чирчиқ шаҳридаги 25-умумтаълим мактаби директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Замира Юсупова эгаллади.

Кўрик-танлов ғолибларига махсус диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Аваз Худойқулов, ЎзА
5 901