Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.05.2018 20:38 Чоп этиш версияси

Пенсия ёши ўзгарадими ёки...

Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ишлаб чиққан “Давлат пенсия таъминоти тизимини ислоҳ этиш концепцияси” лойиҳаси аҳоли эътиборига ҳавола этилганидан буён кенг муҳокама қилинмоқда.

Концепцияни ишлаб чиқишга нима сабаб бўлди?

Бу саволга жавоб беришдан олдин пенсия таъминоти тизими нимага хизмат қилишига тўхталиб ўтсак. Бу тизим меҳнатга лаёқатсиз ва кам таъминланган фуқароларнинг турмушини таъминлашга йўналтирилган иқтисодий, ҳуқуқий, ижтимоий ва ташкилий характерга эга бўлган қатор чора-тадбирлар комплексини назарда тутади.

Ушбу тизим 3,3 миллиондан ортиқ фуқарони қамраган. Бу мамлакат аҳолисининг тахминан 10 фоизи, демакдир. Бунда ёшга доир пенсия олувчилар – 2 502,6 минг, ногиронлик пенсияси олувчилар – 360,3 минг, боқувчисини йўқотганлик учун пенсия олувчилар – 168,5 минг ва ижтимоий нафақа олувчилар – 294,1 минг нафарни ташкил этади.

Демографик башоратларга кўра, 2018-2025 йилларда пенсия ёшидаги аҳолининг улуши (1,2 миллион кишига) ошиши кутилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, Пенсия жамғармаси харажатларининг мутаносиб равишда ошишига олиб келади.

Фуқаролар пенсия таъминоти тизимининг асосий кўрсаткичларидан бири пенсия ёши ҳисобланади. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, дунёда ўртача пенсия ёши эркаклар ва аёллар учун 62 ёш бўлса, Ўзбекистонда бу кўрсаткич 57,5 ёшни ташкил этади (аёллар учун 55 ёш, эркаклар учун 60 ёш).

Фуқароларнинг ижтимоий суғурта тизимида узлуксиз ва узоқ муддатли иштирокини рағбатлантириш механизми мураккаб ва шаффоф бўлмасдан қолмоқда. Меҳнатга лаёқатли аҳоли 60 фоиз (қарийб 17 миллион киши)ни ташкил этса, тахминан 10,2 миллион киши давлат ижтимоий суғуртаси билан қамраб олинмаган. Яъни, улар Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ижтимоий ажратмаларни амалга оширмаяпти.

Халқаро меҳнат ташкилоти талабларига мувофиқ, фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими барқарор ривожланиши учун бадал тўловчилар сонининг пенсия олувчиларга ўзаро нисбати 1:4 даражада бўлиши керак. Бироқ бугунги кунда Ўзбекистонда бу кўрсаткич ўртача 1:1,5 га тенг.

Таъкидлаш жоизки, пенсионерлар сонининг ишловчи аҳолига нисбати 2009 йилдаги 61 фоиздан 2017 йилда 66 фоизга ўсган.

Пенсия жамғармаси маблағларининг сезиларли қисми имтиёзли пенсияларни молиялаштиришга сарфланади. Имтиёзли шартларда тайинланган пенсиялар улуши 592,4 минг кишини ёки жами тайинланган пенсияларнинг 19,5 фоизини ташкил этиб, шундан ёшга доир пенсиялар 23,7 фоизни ташкил этади. Йилига ўрта ҳисобда 39,8 мингта имтиёзли пенсия тайинланмоқда.

Шунингдек, пенсия миқдори ва меҳнат давомийлиги улуши ўртасидаги ўзаро боғлиқлик ҳам сезиларсиз. Амалдаги пенсия таъминоти тизими 7 йилдан кам бўлмаган стажга эга бўлган шахсларга пенсия тайинланишини назарда тутади. Ушбу ҳуқуқ фақатгина 7 йил ишлаб, ўзининг бутун меҳнатга лаёқатлилик даври учун Пенсия жамғармаси маблағларини шакллантиришда энг кам ҳисса қўшган шахсларга пенсия олиш имконини беради.

Халқаро меҳнат ташкилотининг “Ижтимоий таъминотнинг минимал меъёрлари тўғрисида”ги конвенциясида ёшга доир пенсияни тайинлаш учун талаб этиладиган энг кам иш стажи 15 йил қилиб белгиланган. Кўплаб давлатлар, шу жумладан, МДҲ мамлакатларида талаб этилган энг кам иш стажи 10-15 йил даражасига етказилган.

Иш стажига нисбатан 7 йил давомийликдаги минимал талаб мавжудлиги фуқароларнинг давлат ижтимоий суғуртасидаги иштирокига салбий таъсир ўтказмоқда. Масалан, ҳозир 30 йил иш стажига (талаб этилган – 25 йил) эга бўлган эркак кишининг пенсия миқдори билан 10 йиллик иш стажига эга бўлган (минимал талаб этилган – 7 йил) эркак кишининг пенсия миқдори ўртасидаги фарқ тахминан 200 минг сўмни ташкил этади.

Ишловчиларнинг ижтимоий суғуртадаги узоқ муддат ва узлуксиз иштирокини рағбатлантиришдаги заиф механизмлар уларни суғурта бадалларини тўламасликнинг янги усулларини қидиришга мажбур этади.

Буларнинг барчаси аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш тизимининг пенсия таъминоти соҳасига оид асосий ёндашувларни қайта кўриб чиқишни тақозо этади.

Шунинг учун ҳам давлат пенсия тизимини ислоҳ қилишга доир концепция лойиҳасида ходимнинг пенсияси ва меҳнат стажидаги тафовут рағбатлантирилиши назарда тутилмоқда.

Яъни, 35 йилдан ортиқ стаж бўлса, ўртача ойликдан 2 фоиз кўпроқ пенсия олиниши, 54 ёшида пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга бўлган, лекин умумий ўрнатилган ёшдан кейин пенсияни расмийлаштирган аёллар учун пенсияга устама тўлаш назарда тутилмоқда.

Қонун ҳужжатлари билан белгиланган энг кам иш ҳақининг 8 бараваридан 12 бараваригача миқдордаги пенсияни ҳисоблаб чиқиш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақи миқдорини ошириш, пенсия ёшига тўлган, бироқ зарур меҳнат стажига эга бўлмаган фуқароларга давлат пенсияларини ҳисоблашда стажнинг ҳар бир етишмаётган ойи учун Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари суммасини бир марталик тартибда тўлаш ҳуқуқини бериш, ишлаётган эр (хотин)га ўз хотини (эри) учун ихтиёрий равишда Пенсия жамғармасига суғурта бадалини ўтказиш ҳуқуқини беришдек янги амалиёт таклиф этилмоқда.

Ёшга доир пенсия тайинлаш учун талаб этиладиган энг кам стажни ошириш таклиф этилмоқда.

Пенсия ёшини дунёдаги ўртача даражага ва бошқа мезонларга етказиш учун босқичма-босқич ошириш назарда тутилмоқда.

Концепциядаги таклифларга аҳоли томонидан фаол муносабат билдирилмоқда.

– Пенсия жамғармаси маблағларини ошириш учун амалдаги пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш лозим, – деб ёзган Дилшод Шолдаров. – Ёлланиб ишловчилар ва хорижга ишлаш учун кетганлар муайян муддатдан сўнг нафақа сўраб, Пенсия жамғармасига мурожаат қилади. Бу ҳам Пенсия жамғармаси харажатлари ошишига сабаб бўлади. Агар бундай фуқароларга нисбатан қонун ҳужжатларига мувофиқ мажбурий тартибда Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари ўтказиб бориш механизми такомиллаштирилса, бу, биринчидан, фуқароларни пенсия таъминоти билан қамраб олиш даражасининг ошишига, иккинчидан, Пенсия жамғармаси даромадлар базасининг кенгайишига олиб келади.

– Концепцияни маъқуллайман, – дейди Элдор Пўлатов. – Ҳозирги пайтда пенсия таъминоти тизими энг муҳим ижтимоий ҳимоя институтларидан биридир. Унинг самарали фаолият юритиши мамлакатимизнинг ижтимоий фаровонлиги даражасига бевосита таъсир кўрсатади. Шу жиҳатдан концепцияда кўзда тутилган ислоҳотлар муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, иш стажи 35 йилдан ошган фуқароларнинг ўртача ойлик иш ҳақи 2 карра оширилиши, пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган иш ҳақининг энг юқори миқдори энг кам иш ҳақининг 8 бараваридан 12 бараварига кўтарилиши пенсия расмийлаштириш учун мурожаат этган шахсларни муносиб пенсия билан таъминлаш имконини беради.

– Пенсия таъминоти "ижтимоий суғурта" тизимининг асосий йўналиши эканини ҳисобга олиб, пенсия таъминотида "иш стажи" тушунчаси ўрнига "суғурталанган иш стажи" тушунчасини киритиш зарур, – деган Шавкат Ҳамдамов. – Фуқароларнинг ёшга доир пенсияга чиқишини умумбелгиланган тамойил асосида амалга ошириш зарур. "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги қонунда белгиланган имтиёзли пенсияга чиқиш ёшини бекор қилиш, пенсия таъминотидаги имтиёзларни қайта кўриб чиқиш ва баъзиларини бекор қилиш зарур. Ижтимоий адолат тамойилига амал қилган ҳолда, пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун ўртача ойлик иш ҳақининг белгиланган максимал миқдоридан босқичма-босқич воз кечиш, ёшга доир пенсия таъминотида пенсия ёшини оширмасдан, зарур бўлган "суғурталанган иш стажи"ни ошириш, пенсия таъминоти тизимида аҳоли иштирокини рағбатлантирувчи механизмларни ишлаб чиқиш керак.

– Етишмаган стаж учун суғурта пули тўлаш орқали пенсия олиш жуда яхши ўйланган, – деб ёзган Ғолибжон Турдиев. – Лекин агар пенсия таъминотидаги маблағ етишмаслиги туфайли пенсияга чиқиш ёшини кўтариш билан вазиятдан чиқиш режалаштирилган бўлса, қўллаб-қувватламайман. Бунга бошқа, масалан, солиқ тизимини ислоҳ қилиш орқали ечим топиш керак, назаримда.

– Пенсия тизимини ҳам ислоҳ қилиш вақти келди, – дейди техника фанлари номзоди Ориф Қутлиев. – Концепцияни қўллаб-қувватлаб, айрим муаммолар бўйича таклиф билдирмоқчиман. Пенсия қонунчилиги тўғрисидаги ҳужжатларда ўша пайтда мавжуд имтиёздан фойдаланиб, яъни "ўта зарарли шароитда ишлагани учун" деган қоида билан 50 ёшимда пенсияга чиққанман ва ҳозирга қадар ишлаб келмоқдаман. Пенсияни ҳисоблаш вақтида қўшимча ишлаганим тўғрисида маълумотлар тақдим этилган бўлишига қарамасдан, "сизники максималга етади", деб уни ҳам ҳисобга олишмаган. Жами иш стажим 50 йилдан ошган бўлса-да, ўзгариш бўлмаяпти. Менимча, пенсиядан кейин ишлаётганлар учун ҳар 5-10 йилда унинг миқдори қайта кўриб чиқилса, адолатдан бўлади.

Улуғбек Усмонов энг кам иш стажи 7 йилдан 10 йилга узайтириладиган бўлса, бу ногиронларни боқиб парвариш қилаётган фуқароларга ноқулайлик туғдиришини маълум қилган. Ана шундай одамлар учун 7 йиллик нормани сақлаб қолиш керак, деган.

Ижтимоий тармоқларда кўпчилик концепция моҳияти билан чуқур танишмасдан, фақат пенсияга чиқиш ёши оширилишидан хавотир билдирмоқда.

– Ҳар бир янгилик халққа фойдали бўлиши керак, – дейди Зулфия Собирова. – Ҳозирги кунда соғлиқ туфайли пенсия ёшига етиш мушкуллашган ёки пенсияга чиқилса ҳам қисқа вақт пенсия олиб, оламдан ўтиш ҳолатлари йўқ эмас. Айниқса, Ўзбекистонда аёлнинг асосий ўрни оилада. Шу сабабли аёллар пенсия ёшини 54 (55) ёшда қолдириш мақсадга мувофиқ бўларди.

Эркин Рустамов пенсияга чиқиш ёшини ошириш меҳнат бозорига қандай таъсир қилишини ҳам таҳлил қилиш лозимлигини баён этган.

Манзура Камолованинг фикрича, пенсия ёши ҳаддан зиёд оширилиши одамларни таҳқирлашдан бошқа нарса эмас. Муҳаббат Юнусова эса аёллар учун – 55, эркаклар учун – 60 ёш этиб белгиланган меъёрни маъқуллашини билдирган.

Бахтиёр Ҳидоятовнинг фикрича, ходимнинг ишда кўрсатган хизматлари, ўз вазифасини бажаришга лаёқати ҳисобга олиниши керак. Лекин ўз ўрнини бировга бермай, лавозимни банд қилиб ўтириш ҳоллари бундан мустасно.

Хуллас, пенсия ҳар бир инсон ҳаётига бевосита боғлиқ бўлгани учун бу масала алоҳида эътиборда. Шу боис пенсияга оид концепция лойиҳаси бўйича билдирилаётган ҳар бир фикр қимматли. Уни синчиклаб ўрганган ҳолда таклиф билдириш келгусида пенсия таъминоти тизими самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Зеро, унда фақат пенсия ёшини узайтириш эмас, балки корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ходимлар манфаатига қаратилган асосли таклифлар ҳам бор.

Мунозарадан четда қолманг!

Норгул Абдураимова, ЎзА
27 389