Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.07.2018 11:42 Чоп этиш версияси

Паул Ёханн Людвиг Фон Хейзе даҳшатли қайтиш

Паул Ёханн Людвиг Фон Хейзе даҳшатли қайтиш

Олти йиллик қамоқдан сўнг Альберт уйга қайтди. Ўша мусиқачилар кўчаси, 65-уйга. Уй ташқаридан одмироқ ва тор кўрингани билан аслида кенг ва шинам. Бу кўчадагилар баланд ва дабдабали уйлар қуришни ёқтиришмайди. Шунинг учун ҳам уйлар бир биридан паст, камтарона кўринади.

Альберт очиқ дарвозадан ичкарига қадам қўяр экан, ҳаяжондан юраги тез ва тартибсиз урар эди. Ахир олти йил оз муддат эмас. Қоронғу кунлар, маҳбусликдаги оила соғинчи... Шу топда Альбертнинг кўзи ҳовлидаги кичик ҳовуз ёнида ер чизиб турган саккиз ёшлар атрофидаги болакайга тушди. Болакайни кўрдию бақириб юборди.

– Ўғли-и-и-им, – ҳаяжон сабабми ёхуд ота меҳрини қумсаб ўсаётган ўғлининг юзидаги сўлғинликни кўрибми, овози бўғиқ ва паст чиқди. Ҳа, бу болакай Удо эди, Альбертнинг ўғли.

Удо “ўғлим” деган сўзни бундан олдин ҳам кўп бора онасидан, маҳалла-кўй, қўни-қўшнидан эшитган эди, бироқ отасидан эмас (қачонлардир эшитган, аммо эслолмайди). Шунинг учун бўлса керак Удо бир зум ҳайрон қолди. Сўнг қўлидаги хасни улоқтирганча отаси томон югурди ва Альбертнинг титроқ оёқларини қучиб олди. Отасини қайтариб олиб келган шу оёқларни. Ота-боланинг ўзаро суҳбатидан Альбертнинг келганини ошхонада пишир-тушур билан оввора муштипар она – Аника, рафиқаси Шади ҳам сезишди. Дийдорлашиш бир қарашда ширин, бир томондан азобли эди. Унсиз кўз ёшлар юзларни ювди.

Альберт ва Шадининг кўзлари тўқнаш келганда эса ҳаммаси аён бўлди. Ўтган йиллар давомида ҳаётнинг шафқатсиз чархпалаги Шадини не синовларга ташламади – бир тарафдан отасиз улғаяётган Удо, иккинчи томондан фарзанд дардида қадди дол бўлган онаизор. Олти йил буларнинг барини иложсиз кузатиш Шади учун оғир эди. Энди ҳаммаси ортда қолди. Ҳар қалай Шади шундай ўйлайди, ахир Альбертнинг кўзлари унга ҳаммасини айтиб турибди. Энди ҳаёт янгитдан бошланади.

Бироқ негадир Альберт бироз толиққан кўринади, хаёл қилди Шади, юзида ҳорғинлик, озиб-тўзиб кетган. Шади яна ўзига тасалли берди – ахир, у олти йил қамоқда шоҳона яшамади.

Кечқурун шоҳона зиёфат бўлди. Қадрдонлар, қўни-қўшнилар ва яқин қариндошлар жам бўлишди. Қайтиш шарафига қадаҳлар кўтарилди, қайта-қайта кўтарилди, самимий тилаклар билдирилди. Тун ярмидан оққандагина меҳмонлар секин-аста тарқай бошлади.Бу пайтга келиб Удо ухлаб қолган, толиққан Аника ҳам ўз хонасида ором олар эди. Базм тугаб, Альберт ҳам хонасига кириб кетди. Шади бўлса майин овозда қўшиқ айтар, гўёки тонг ёришиб сайроқи қушлар хониш қилаётгандек. Стол устидан дастлаб ширинликлар, таом тортилган идишлар йиғиштириб олинди. Доғлардан тозаланган стол устига оппоқ мато ташланди. Бир зумда барча юмуш бажарилди. Шади ўша кайфият ва ўша табассум билан Альберт кирган хона томон йўл олди. Кирдию юраги орқага тортиб кетди.

Не кўз билан кўрсинки, Альберт ухлаб ётар, унинг беўхшов лаби устида Шадига бутунлай нотаниш, ёқимсиз ва бадбўй тутун бўрқсирди... Бундай манзара Шадининг соғинч ва муҳаббатга тўла қалбидаги умид учқунларини бутунлай сўндирди. Унга йиллар давомида маҳбуснинг хотини дея қилинган иддаоли мурожаатлар энди гиёҳванднинг аёлига ўзгариши тайин эди.

Озишнинг ҳам, тўзишнинг ҳам сабаби бор экан...

Немис тилидан Дилобар АСЛИДДИН ҚИЗИ таржимаси


ЎзА
6 093