Ўзбекистон “Миллий тикланиш” ДП кўчирмачилиги борасидаги гап-сўзлар ижтимоий тармоқларда болалаб кетди. Бу факт албатта...
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” ДП кўчирмачилиги борасидаги гап-сўзлар ижтимоий тармоқларда болалаб кетди. Бу факт албатта...
Партия раисининг хоҳлаган давлат раҳбарини ўзига кумир сифатида кўришга ҳаққи борлигини ҳам инкор этиб бўлмайди. Лекин, аввало ҳар бир мустақил партия ўзини соф ғоя ва мақсадларига эга бўлиши ҳам мақсадга мувофиқмикин дейман-да.
(Манба: Elmadad фейсбукдаги саҳифаси)
Партиянинг бу ва бошқа бир қатор сайловолди PRга ҳаракатлари МТДПнинг ишонган ҳамда мустақил тарзда ишлаб чиққан бир ғояси йўқлигини номоён этганди.
Энди айнан шу партиянинг парламент қуйи палатасидаги фракциясининг кўчирмачилиги ёки тайёр лойиҳа ёки таклифни ўзлаштириб олиб чиқмоқчилиги хусусида. Гап шундаки, ушбу фракция куни кеча “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳақида таклиф билдирган.
Ваҳоланки, “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси O‘zLiDeP ва ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан аллақачон ишлаб чиқилиб, лойиҳа юзасидан жамоатчилик муҳокамаси давом этмоқда.
Шунингдек, O‘zLiDePнинг таклифлари асосида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чоралари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинган.
Унда меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини шакллантириш, давлат томонидан уларнинг кундалик эҳтиёжлари ва орзу-умидлари тўғрисида ҳар томонлама ғамхўрлик қилиш, мамлакат ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ишончли ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя кафолатларини кучайтириш мақсадида тизимли вазифалар белгилаб берилган.
Айни шу вазифалар ижросига қаратилган “Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Вазирлар Маҳкамасининг ҳам қарори кучга кирган.
Яна бир мулоҳаза МТДПни O‘zLiDePга ҳурмати бўлакча бўлса керак. Негаки, O‘zLiDeP бирор ишга қўл урса МТДП ҳам шунга астойдил киришади. Худди Туркиядан ғояга қўшиб хатти ҳаракатлар ҳам кўчириб олингани каби O‘zLiDePдан ҳам ғоя билан бирга ҳаракатлар ҳам кўчирилаётгани кўринади.
Биргина мисол: Шу йилнинг сентябрь ойи бошларида O‘zLiDeP делегацияси Россия Федерациясида бўлганлигидан хабарларингиз бор. Ташриф доирасида мамлакатимизнинг ушбу мамлакатдаги элчихонаси кўмагида Ўзбекистон тарихида илк бор мамлакатимиз сиёсий партияларидан бирининг ушбу давлатда фаолият юритаётган меҳнат мигрантлари билан учрашуви бўлиб ўтган эди.
(ушбу учрашувдан лавҳалар)
Бундан ташқари партия вакиллари Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг Россия Федерациясидаги вакиллигида ҳам бўлиб, унинг раҳбари С.Мансуров ҳамда у ерда фаолият юритаётган вакилларимиз томонидан юртдошларимизга кўрсатилаётган ёрдам, бу борада мавжуд муаммолар тўғрисида ҳам ишчи учрашувлар ўтказишди, мурожаат билан келган меҳнат мигрантлари муаммоларини ўрганишди.
(Меҳнат миграцияси агентлигининг РФдаги вакиллигида)
Албатта юртдошларимизнинг ушбу давлатдаги аҳволига даставвал Ўзбекистондан бориб улар билан ўтказиладиган бир марталик пиар акциялар эмас, аввало ўша давлат қонунчилиги билан белгиланган тартиблар таъсир қилиши мумкин, холос. Фақат пиарга боши билан кириб кетмасдан, бир оз қонунларни ҳам ўқиб турган ҳар қандай одам буни яхши тушунади. Бундай имкониятга эса, масалан ўша давлатнинг сиёсий партиялари, айниқса мамлакат парламентида ҳал қилувчи овозга эга бўлган “Единая Россия” партияси эга. Шу туфайли ҳам O‘zLiDePнинг ушбу партия билан Москва шаҳрида бўлиб ўтган музокараларида мана шу масалалар асосий ўринлардан бирини эгаллагани бежиз эмас.
(O‘zLiDeP ва “Единая Россия” партиялари ўртасидаги музокараларда меҳнат мигрантлари масаласи алоҳида ўрин тутди)
Ушбу келишувлар O‘zLiDePнинг ўзини кўз кўз қилишнигина мақсад қилиб, бир марталик акцияларга муккасидан кетмасдан, партиялар, депутатлик корпуси ваколатларидан фойдаланган ҳолда янги бир реал механизм яратаётганидан далолат беради. Умуман O‘zLiDeP делегациясининг Россияга сафари ва сафар чоғида меҳнат мигрантлари ҳимояси юзасидан амалга оширилган ишлар мамлакатимиз сиёсий партиялари томонидан бу йўналишда қўйилган биринчи йирик ва тизимли қадам бўлди.
Орадан сал ўтиб МТДП ҳам Россия Федерациясининг субъектларида меҳнат мигрантлари билан учрашувлар ўтказганлигини кўриб аслида даставвал қувондик. Чунки йиллар давомида эътибордан четда қолган юртдошларимизга нафақат O‘zLiDeP балки унинг ташаббусини қўллашга бел боғлаган парламентдаги блокдоши “Миллий тикланиш” партияси ҳам интилаётганини кўриш қувончли албатта. Лекин...Россияга юборилган партия делегациясининг раҳбарларидан бири айнан ушбу партияда тарғиботга, аниқроғи фақат пиар масалаларига мутасадди бўлган одам эканлигини кўриб, қолаверса сафар тафсилотларини ёритишдаги ўзига хосликларни кузатиб ўзи партия бу акциядан нима мақсад кўзлаган деган савол туғилмаслиги мумкин эмас эди. Наҳотки, ЎзМТДПнинг бу ҳаракати узоқ элларда қийинчиликда қолиб кетган юртдошларимизга беғараз кўмак эмас, балки бор йўғи сайловолди ПИАРи бўлса?!
Маълумот учун айтиб ўтиш керакки, O‘zLiDeP ўзининг бу борадаги ишлари хисобот тарзида фақатгина «XXI asr» ижтимоий-сиёсий газетасида чоп этганди, холос.
Албатта, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” ДП O‘zLiDePни узоқни кўра олишига ишонган ҳолда амалга ошираётган ишларимизни қўллаб-қувватлаётганлиги ижобий ҳолатдир...
Шу ўринда бир нарсани айтмоқчи эдикки, O‘zLiDeP ўзининг бу бораги саъй-ҳаракатларининг иккинчи босқичини бошлаш арафасида. Тез вақтда аҳолимиз бу йўналишдаги янги қадамларимизнинг гувоҳи бўлади деб ўйлаймиз.
Хулоса ўрнида шуни айтмоқчи эдикки, МТДП фракциясини қуйи палатадаги “Демократик кучлар блок”идаги келишувимизга кўра, кам аъзоли бўлсада бир шеригимиз сифатида кўриб, таклифларимизга ҳам шерик бўлишларига унчалик қаршилигимиз йўқ. Лекин, ташқи ва ички кўчирмачиликка ҳаддан зиёд берилиб кетиш “Ижтимоий фикр” марказининг маълумотлари яққол намоён этган шундоғам катта бўлмаган обрўларига баттар путур етказмасин деймиз.
Нуриддин МУРОДОВ,
O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия
қўмитаси Котибият мудири