ЎзА Ўзбек

14.10.2019 Чоп этиш версияси

Партия тиббиётда пуллик хизматлар чегарасини аниқ белгилаш лозимлигини илгари сурмоқда

Партия тиббиётда пуллик хизматлар чегарасини аниқ белгилаш лозимлигини илгари сурмоқда

Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида “Куч – адолатда” мавзусида сайловолди тарғибот тадбири ўтказилди.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси томонидан соғлиқни сақлаш тизимидаги мавжуд муаммо ва камчиликлар, аҳоли дуч келаётган тўсиқларни ўрганиш бўйича жойларда митинглар ўтказиб келинмоқда.

Партиянинг вилоят кенгаши томонидан кенг жамоатчилик ўртасида партия ғояси мазмун-моҳиятини тарғиб этиш, аҳолининг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида ташкил этилган навбатдаги митингда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия сиёсий кенгаши вакиллари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлари, партия фаоллари иштирок этди.

Мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловига пухта ҳозирлик кўрилаётгани, мазкур жараёнга партия томонидан ҳам жиддий тайёргарлик олиб борилаётгани таъкидланди. Азал-азалдан адолат тарафдори бўлган халқимиз ҳар жойда қатъий тартиб-интизом бўлиши, қонун устуворлиги таъминланиши, ижтимоий адолат принциплари мустаҳкам қарор топишини хоҳлаши, шу боис, партия томонидан илгари сурилаётган ҳаётбахш ғоялар кўпчиликнинг эътиборини жалб қилаётгани қайд этилди.

Тадбирда партиянинг янги Сайловолди дастурида белгиланаётган устувор мақсадлар таъсирчан услубда, ҳаётий мисоллар орқали тушунтириб берилди. Шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимидаги мавжуд камчиликлар муҳокама қилиниб, ушбу масалаларга янада кенг жой ажратилиши таклиф этилди. Бунда аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, соғлиқни сақлаш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, “Ақлли тиббиёт” тизимини жорий этиш ва ҳудудларда ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилди.

photo5271798577900923953.jpg

Соғлиқни сақлаш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, пуллик хизматлар чегарасини аниқ белгилаш, тиббиёт ходимлари ўртасида коррупцион ҳаракатларни батамом йўқотиш иштирокчилар томонидан қўллаб-қувватланди.

Янгича услуб – маданий-кўнгилочар тарзида ташкил этилган тадбирда таниқли санъаткорлар томонидан концерт дастури намойиш этилди. Партия ғоя ва мақсадларини халқимиз онгига сингдиришга йўналтирилган бадиий чиқишлар, партиянинг тарғибот материаллари ва шиорлари аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларни турли ёт ғоялар, гиёҳвандлик, ичкиликбозлик каби салбий иллатлардан асраш, ёшларда ижтимоий-сиёсий ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини юксалтиришга хизмат қилади.

Тадбир доирасида интерактив ўйин ва викториналар ташкил этилиб, ғолиблар эсдалик совғалари билан тақдирланди.

1 682
Авазбек ХУДОЙҚУЛОВ, ЎзА