Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.07.2018 20:13 Чоп этиш версияси

Партия сарҳисоби: таҳлил ва натижа

Миллий матбуот марказида “Адолат” социал-демократик партия сиёсий кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан 2018 йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлар ҳамда истиқболдаги режалар хусусида ахборот берилди.

Таъкидландики, партия фаолиятида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан 2017 йил 12 июлда ўтказган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида ва парламентга йўллаган Мурожаатномасида белгиланган устувор йўналишлар асосий мезон бўлди.

Партиянинг барча туман, шаҳар кенгашларида фаоллар ва депутатлардан иборат ишчи гуруҳлар тузилиб, ҳар чоршанба маҳаллаларда аҳоли билан мулоқотлар ўтказилмоқда.

Жорий йилнинг 6 ойида ишчи гуруҳлар аъзолари жами 2 минг 796 маҳалладаги 41 минг 872 хонадонда бўлди. Учрашувлар мобайнида 6 минг 641 мурожаат кўриб чиқилди. Улар юзасидан 1 минг 286 депутатлик сўрови юборилиб, одамларни қийнаётган муаммолар ўз ечимини топди. Мурожаатларнинг 932 таси мутасадди органларни жалб этиш орқали жойида ҳал этилган бўлса, 4 минг 423 мурожаатга ҳуқуқий маслаҳат берилди.

Партия аралашуви билан ижобий ечимини топган масалалардан 60 фоизи соғлиқни сақлаш йўналишидаги муаммоларни ташкил этади. Фуқароларга соғлиғини тиклаши учун ордер олиш ва дори-дармон таъминотида ёрдам кўрсатилди, ногиронлик аравачалари олиб берилди, моддий имконияти чекланган беморларга жарроҳлик амалиётини ўтказишда кўмаклашилди.

Қишлоқ жойларда газ, электр таъминотидаги узилишлар, ичимлик суви, маҳаллий йўлларни таъмирлаш билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш бўйича ҳам самарали ишлар қилинди.

Партиянинг “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур”, “Тозалик йўлида бирлашайлик!”, “Адолат – қонун устуворлигида”, “Талабаларнинг кичик инновацион корхонаси” ҳамда “Ватан келажаги ёшлар қўлида” каби лойиҳалари доирасида партия фаоллари, маҳаллий депутатлар ва ҳамкор ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар томонидан кўплаб хайрли ишлар қилинди.

“Мактабгача таълим – кадрлар тайёрлашнинг бирламчи бўғини” лойиҳаси доирасида ўтказилган ўрганишлар бўйича ҳомийларни жалб этиб, бир қатор мактабгача таълим муассасаларида “Адолат боғи” ва “Адолат майдони” ташкил қилинди. Партия ташаббуси билан ўлчами 3х3 метр бўлган жами 16 та шахмат-шашка майдончалари қуриб берилди.

Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими, Инновацион ривожланиш вазирликлари, Фанлар академияси билан ҳамкорликда “Фан тўғрисида”ги, “Инновацион фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонунини янги таҳрирда тайёрлаш бўйича иш олиб борилмоқда.

Тадбирда партия фаолиятида камчиликлар ҳам мавжуд эканлиги, уларни бартараф этишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар белгилангани қайд этилди.

Гулноза Бобоева, ЎзА
4 661