ЎзА Ўзбек

19.11.2019 Чоп этиш версияси

Партия Парламентда энг кўп ўрин эгаллашга интилмоқда

Партия Парламентда энг кўп ўрин эгаллашга интилмоқда

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан Навоий шаҳрида “Бирмиз! Қўлни қўлга берамиз!” шиори остида навбатдаги сайловолди митинги бўлиб ўтди. 

Дастлаб партия хайрихоҳлари бўлган ёшлардан иборат “Тарғибот гуруҳи” томонидан жойларда турли лойиҳалар ташкил этилди. Жумладан, ёшлар Кармана туманидаги Қосим Шайх мажмуасида бўлиб, мажмуа тарихи билан яқиндан танишди. 

Шунингдек, ёш тарғиботчилар Навоий ихтисослаштирилган маданият ва санъат мактабига ташриф буюриб, тенгдошлари билан учрашди. Улар тенгдошларига партия “Ёшлар қаноти” ва “Аёллар қаноти” томонидан юртимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга бағишланган лойиҳалар, уларнинг самараси ҳақида маълумот берди. 

Кечга яқин Навоий шаҳридаги “Ёшлар хиёбони”да “Бирмиз! Қўлни қўлга берамиз!” шиори остида навбатдаги сайловолди митинги бошланди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга партия томонидан кўрсатилган номзодлар, партия вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари фаоллари, бошланғич партия ташкилотлари, миллий маданий марказлар вакиллари, нуронийлар, ҳунармандлар, спортчилар, партияга хайрихоҳ бўлган ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. 

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларда “Бирмиз! Қўлни қўлга берамиз!” ва “Юксалиш йўлида қўлни қўлга берайлик!” шиорлари остида партиянинг сайловолди платформасида белгиланган мақсад ва вазифаларини амалга оширишда хайрихоҳларни бирлаштириш ҳамда партия ғояларини кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда. 

– Бу йилги сайлов кампаниясига “Янги Ўзбекистон: Янги сайловлар” шиори остида старт берилиб, илк бора мамлакатимизда сайловлар янги Сайлов кодекси асосида ўтказилиши эълон қилинди, – дейди Қонунчилик палатаси депутати Козим Тожиев. – Сайлов бу, энг аввало, халқимизнинг давлат ҳокимияти органлари фаолиятида ўз вакиллари орқали иштирок этиш, Конституциявий ҳуқуқларини амалга ошириш ҳамда мамлакатимиздаги демократик жараёнларнинг ёрқин кўзгуси ҳисобланади. Айни пайтда ушбу муҳим сиёсий жараёнда фаол иштирок этиб, ғалаба қозониш “Миллий тикланиш” партиясининг бош мақсади ҳисобланади. Партия томонидан тарихий, маданий ва илмий-интеллектуал меросимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, бойитиш, халқимизнинг бой тарихи ва маданиятини ўрганиш, ушбу бойликларни ёш авлод ўртасида кенг миқёсда тарғиб этиш, ёшларда тарихий мерос ва халқнинг миллий қадриятларига ҳурмат, эҳтиром уйғотиш каби кенг кўламли вазифаларни амалга ошириб келинмоқда. 

Бу йил партия ўз ғояларини ҳаётга изчил татбиқ этган ҳолда сайловда фаол иштирок этишни, парламентда энг кўп депутатлик ўрнига эга бўлишга ҳаракат қилмоқда. “Инсон ўзгармаса — жамият ўзгармайди” шиори остида аҳолининг йиллар давомида йиғилиб қолган ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ўрганиш ва бартараф этишга кўмаклашиш, таълим-тарбия сифати узлуксизлигини таъминлашга эътибор қаратиш, миллий урф-одатларни аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилишни ўз олдига мақсад қилган партия фаоллари томонидан жойларда тарғибот тадбирлари давом этмоқда. 

2 049
Нуриддин РАҲИМОВ, ЎзА