ЎзА Ўзбек

21.07.2018 15:14 Чоп этиш версияси

Партия фаолиятидаги янгиликлар ва келгусидаги режалар муҳокама қилинди

Пойтахтимиздаги “Radisson Blu” меҳмонхонасида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси марказий кенгашининг навбатдаги Пленуми бўлиб ўтди. 

Пленумда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июлдаги Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги маърузаси ҳамда парламентга йўллаган Мурожаатномасида белгиланган вазифалар ижроси танқидий-таҳлилий муҳокама қилинди. Партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил ва сайлов округларидаги фаолияти кўриб чиқилди. 

Таъкидланганидек, партия томонидан 100 га яқин таълим муассасаларида болалар билан очиқ мулоқотлар ташкил этилиб, бу борада қатор камчиликлар аниқланди. Ўрганишлар натижасида ишлаб чиқилган таклифлар ҳамда соҳани такомиллаштиришга оид ҳукумат қарори лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим қилинди.

ЎзМТДП томонидан Маданият вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланиб, чора-тадбирлар белгилаб олинди. Жумладан, ҳамкорлар кўмагида «Маданият тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳамда «Туризм тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни янги таҳрирда тайёрланмоқда. 

Шунингдек, ўтган даврда партия томонидан юртимизда энергетик ичимликларни ишлаб чиқариш, истеъмол қилиш ва сотишни чеклаш бўйич «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида», «Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисида» ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳалари партия фракцияси аъзоларининг қонунчилик ташаббуси асосида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилди.

Давлатимиз раҳбарининг видеоселектор йиғилишидаги маърузасида белгиланган вазифалар асосида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий веб-сайтида «Ёшлар қаноти» фаолиятига бағишланган www.yoshlarmt.uz субсайти яратилди. Партия “Ёшлар қаноти” томонидан “Хизмат - беминнат”, “Навоий ворислари”, “Депутат билан юзма-юз”, “Уйма-уй” лойиҳалари ҳаётга татбиқ этилди.

Шунингдек, пленумда партиявий фаолиятда йўл қўйилган камчиликлар, фойдаланилмаган имкониятлар ҳам тилга олиниб, келгусидаги вазифалар белгиланди. Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган “Обод маҳалла”, “Обод қишлоқ”, “Ёшлар келажагимиз”, “Ҳар бир оила – тадбиркор” давлат дастурларининг ижросини таъминлашга хисса қўшиш барча даражадаги партия ташкилотлари ва депутатлар олдида турган муҳим вазифалардан бири эканлиги таъкидланди.

Пленум якунида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг 2018 йил иккинчи ярим йилликдаги фаолиятининг асосий йўналишлари белгилаб олинди. Муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Гулноза Бобоева, ЎзА
4 147