ЎзА Ўзбек

09.08.2018 19:59 Чоп этиш версияси

Партия фаолияти: таҳлил ва режа

Андижонда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси вилоят кенгаши, партия депутатлик гуруҳлари фаолияти ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда партия вилоят кенгаши раиси Т.Шоввозов 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 июлдаги Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузаси ҳамда Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиқадиган вазифалар, шунингдек, сайловолди дастури ижроси, партия фаолияти хусусида атрофлича маълумот берди.

Ҳозирги кунда партия вилоят кенгаши сафларига қарийб 15 мингга яқин аъзо бирлашган бўлиб, уларнинг 9 минг 224 нафари хотин-қизлар, 32,5 фоизи эса 30 ёшгача бўлган ёшлардир.

Анжуманда атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш мақсадидаги “Тозалик йўлида бирлашайлик!” лойиҳаси фуқароларда тозаликни сақлашга бўлган дахлдорлик туйғусини кучайтиришга, ободонлаштириш тадбирларида кўнгилли равишда қатнашиш, юрт ободлиги йўлида ёшларни бирлаштириш, уларда экологик ва тиббий маданиятни юксалтиришга хизмат қилгани таъкидланди. “Тозалик – саломатлик гарови” акцияси ҳам аҳоли томонидан илиқ кутиб олинди. Ана шу лойиҳа ва акция доирасида туман, шаҳар ҳокимликлари, мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда 200 дан ортиқ тадбир ўтказилган. Айниқса, Андижон, Хонобод шаҳарлари, Асака, Избоскан ва Пахтаобод туманларида эътиборга молик ишлар амалга оширилган.

Партиядан туман, шаҳар, вилоят кенгашларига сайланган депутатлар ва депутатлик гуруҳлари томонидан жойлардаги муҳим аҳамиятга эга долзарб 8 масала маҳаллий кенгашлар сессияларига киритилиб, уларга ижобий ечим топилган.

Партиянинг “Адолат – қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида вилоятдаги 795 маҳалла фуқаролар йиғинидаги 13 минг 690 оилага кирилиб, улардаги турмуш шароити ва муаммолар ўрганилди. 2 минг 70 муаммо аниқланиб, уларни ҳал этиш учун давлат ва бошқарув идораларига депутатлик сўрови юборилди, хўжалик юритувчи 94 субъектда депутатлик назорати ўрнатилди.

“Сиёсий-ҳуқуқий билимларни мустаҳкамлаш – демократик жамият пойдевори” лойиҳаси доирасида 336 маҳалла фуқаролар йиғинида аҳоли, айниқса, уюшмаган ёшлар вакиллари иштирокида сиёсий ўқишлар, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлашга қаратилган турли тадбирлар ўтказилди.

Матбуот анжуманида партия вилоят кенгашининг келгуси режалари ҳақида ҳам маълумот берилди. Шунингдек, ҳали қилиниши зарур ишлар кўплиги, айниқса, партия аъзолари фаоллигини ошириш, аҳолининг сиёсий қарашлари ва ижтимоий фаоллигини юксалтиришга қаратилган ишларни янада кучайтириш лозимлиги қайд этилди.

Тадбирда партия вилоят кенгаши раёсати аъзолари, фаоллари журналистларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарди.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
6 129