ЎзА Ўзбек

19.11.2019 Чоп этиш версияси

Партия дастури фермерлик ва тадбиркорлик ривожига хизмат қилади

Партия дастури фермерлик ва тадбиркорлик ривожига хизмат қилади

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Бухоро вилояти Кенгаши томонидан Арк қўрғони майдонида “Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз!” шиори остида сайловолди тарғибот тадбири бўлиб ўтди.

Унда партия фаоллари, сенаторлар, депутатлар, кенг жамоатчилик вакиллари, фахрийлар, спортчилар, санъаткорлар, ёшлар, маҳалла фаоллари, хотин-қизлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. 

Дастлаб ёшлар, партия хайрихоҳлари, фаоллар Пойи калон мажмуасидан Арк қўрғони томон тантанали юриш қилди. Мазкур жараёнда OʻzLiDeP тарафдорлари Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун шарафига Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини ва партия байроғини ҳамда партия дастуридан келиб чиқиб, олға сурилган шиорлар, ёзилган панноларни даст кўтарган ҳолда барчани OʻzLiDeP томонидан қўйилган номзодларга овоз беришга чақирди. Халқ сайловларда фаол иштирок этишга даъват этилди.

Шундан сўнг Арк қўрғони олдида оммавий тадбирнинг расмий қисми бошланди. 

Тадбирнинг очилиш маросимида партия фаоллари жорий йилнинг декабрь ойида мамлакатимизда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларда кўрилаётган тайёргарлик, яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган режалар билан йиғилганларни таништирди. 

– Тарғибот тадбирининг асосий мақсади OʻzLiDePнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида тутган ўрни, мавқеи, илгари сураётган ғоя ва мақсадларини сайловчилар ҳамда аҳолининг кенг қатламига етказишдан иборат, – дейди OʻzLiDeP вилоят кенгаши раиси Фармон Аминов. – Бу албатта, энг аввало, партиямиз нуфузини оширишга, бўлажак сайловларда номзодларимизнинг кўп овоз олишида муҳим роль ўйнайди.

– Ҳозир жудаям хурсандман, қувончим ичимга сиғмаяпти. Сабаби тадбир куй ва қўшиқларга уланиб, кўтаринки руҳда ўтди, – дейди “Заҳро юлдузи” фермер хўжалиги раҳбари Амон Кенжаев. – Қолаверса, партиянинг янги Сайловолди дастурида белгиланган асосий ғоя ва вазифалардан ҳам хабардор бўлдик. Очиғи, партия сайловолди дастурида илгари сурилган вазифалар келгусида фермерликни янада ривожлантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Дастурдаги ғоялар долзарблиги унинг кабинетда ўтириб эмас, фермер ва тадбиркорлар билан бамаслаҳат ёзилганидан далолат беради.

Тадбир доирасида ташкил этилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ярмаркаси барчага бирдек манзур бўлди. Санъаткорларнинг чиқишлари барчага шодумонлик бағишлади. 

OʻzLiDeP Бухоро вилояти кенгашининг “Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз!”шиори остидаги оммавий тадбири ҳақиқий байрамга айланди. 

1 767
Зариф КОМИЛОВ, ЎзА