ЎзА Ўзбек

16.09.2020 Чоп этиш версияси

Партия дастури амалда: ЎзМТДП ўзбек тилини ривожлантириш бўйича амалий ишлар олиб бормоқда

Партия дастури амалда: ЎзМТДП ўзбек тилини ривожлантириш бўйича амалий ишлар олиб бормоқда

Ўзбекистон Республикаси «Миллий тикланиш» демократик партияси ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақомини янада ошириш, уни мамлакатимизда ва хорижда кенг тарғиб этиш борасида унумли фаолият юритиб келмоқда.

Жумладан, партия давлат тилини бойитиш ва янада такомиллаштириш, тил маданиятини, ўзаро муомала сифатини юксалтиришга йўналтирилган чора-тадбирлар мажмуасини ишлаб чиқиш, расмий ҳамда оммавий муомалада ўзбек адабий тили меъёр ва қоидалари бузилишининг олдини олишда аниқ ва мақсадли ишлар олиб бормоқда.

Хусусан, партия ушбу йўналишдаги фаолиятида ўзбек тилини ривожлантириш, унинг софлиги, фойдаланиш учун қулай бўлиши, истеъмолда осон ва равон қўлланилишини таъминлаш бўйича амалий чоралар кўриш, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ва расмий доираларда давлат тили қўлланилишига, шунингдек, қонун ҳужжатлари ва идоравий ёзишмаларнинг тўлиқ давлат тилида ёзилишига эришиш каби қатор вазифаларни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили тўғрисида»ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси(ЎзМТДП) Тошкент вилояти Кенгаши томонидан қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Маълумки мамлакатимизда давлат тилини ўрганиш учун қулай шароитлар яратилган. Шунингдек, турли миллат ва элатлар тилларига ҳурмат билан муносабатда бўлиб, уларнинг ривожланиши таъминланланади.

Давлат тилини ўқитиш бепул амалга оширилади. Давлат тилига ёки бошқа тилларга менсимай ёки хусумат билан қараш таъқиқланади.

Бироқ бугунги кунда ўз она тилимизга бўлган эътибор ҳавас қиларли аҳволда эмаслиги тил масаласи ҳануз кун тартибида турганини, унинг ижтимоий, сиёсий нуфузини ошириш учун амалий ишлар қилиш кераклигини англатади.

ЎзМТДП сайловолди дастурида ўзбек тилини ривожлантириш бўйича белгиланган қатор вазифалар бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, ЎзМТДП Тошкент вилояти Кенгаши ҳам вилоят миқёсида бу борада зарур ишларни амалга оширмоқда.

Вилоятнинг Чирчиқ, Бекобод, Олмалиқ шаҳарлари ва Паркент, Бўстонлиқ, Пискент, Юқори Чирчиқ туманларида Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи аъзолари ва туман, шаҳар Кенгашлари депутатлари ва партия ташкилотлари ҳамкорлигида ўтказилган ўрганишлар бунинг яққол исботи бўла олади.

Бунинг объектив сабаблари энг аввало, бозор муносабатларининг кенг кўламда таркиб топаётгани, замонавий техник маҳсулотларга эҳтиёжнинг ортиб бораётгани боис тилимизга ажнабий тижорат лексикони шиддат билан кириб келмоқда. Бу жараён, айниқса, савдо ва реклама вакиллари томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Афсуски, бу каби ҳолат барча соҳаларда кузатилмоқда.

Вилоят миқёсида олиб борилган мониторинг натижаларига кўра, шаҳарларда фаолият юритувчи кўплаб корхона, муассаса ва ташкилотлар, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи савдо дўконлари, хизмат кўрсатувчи муассасалар ва бошқа ташкилотларда ўзбек адабий тили меъёр ва қоидаларининг бузилиш ҳолатлари аниқланди.

Ўзбек адабий тили меъёр ва қоидаларининг бузилиши ҳолатлари давлат ва хусусий корхоналар, ташкилот ва муассасалар пештоқларида ҳамда улар жойлашган биноларнинг ички қисмида ўрнатилган ёзув манбаларида кўплаб учратишимиз мумкин.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан ташқи реклама воситалари ва ўз пешлавҳаларида чет тилларидаги номлар, ўзбек тилида хато билан ёзилган сўзлар кўплаб учрайди.

Жойларда мониторинг жараёнида мутасадди ташкилот ва фуқароларга давлат тили тўғрисидаги қонун ва фармонлар мазмуни эслатиб ўтилди.

Олиб борилган ўрганишлардан шундай хулоса қилиндики, "Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида"ги Қонуни ҳамда Президентимизнинг "Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонининг Тошкент вилоятидаги ижроси масаласини Халқ депутатлари вилоят кенгаши сессияси кун тартибига киритиш орқали тилга олинган муаммоларга жиддий муҳокама орқали оқилона ечим топиш мақсадга мувофиқ.
ЎзМТДП Тошкент вилояти Кенгаши ўзбек тилига бўлган эътиборни янада ошириш учун олиб бораётган ишларини янада жадаллаштиради.

Маҳмуд НАЗАРОВ,
ЎзМТДП Тошкент вилоят
Кенгаши раиси

2 147
ЎзА