ЎзА Ўзбек

16.09.2020 Чоп этиш версияси

Партия қарор ижросини қатъий назоратга олади

Партия қарор ижросини қатъий назоратга олади

2 миллиардга яқин киши темир моддаси ва А витамини каби организм учун ўта зарур бўлган органик микроэлементларни талаб даражасида тановул қилмаяпти. 155 миллион бола ўсиш ва ривожланиш борасида, 52 миллион бола эса сурункали чарчоқдан азият чекяпти...

БМТ маълумотларига кўра, ҳар куни сайёрамизнинг 840 миллиондан ортиқ аҳолиси тўйиб овқатланмаяпти. Натижада, 160 миллиондан ортиқ жажжи болакайлар нимжон, бўйи паст, ҳатто ногирон бўлиб қолмоқда. Энг даҳшатлиси, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши аҳоли сони ва эҳтиёжлари ўсишидан ортда қолмоқда.

Дунё миқёсидаги ана шундай тенденцияларга қарамай, мамлакатимизда озиқ-овқат ишлаб чиқариш саноати жадал ривожлантирилмоқда. Аҳолини йил давомида мева-сабзавотлар билан узлуксиз таъминлаш мақсадида замонавий иссиқхоналар ташкил этиляпти, боғлар, токзорлар майдони кенгайтирилиб, етиштирилган ҳосилни куз-қиш даврида сифатли сақлаш имконини берадиган омборхоналар барпо этиляпти.

Натижада 2017 – 2019 йиллар давомида йилига 10 миллион тоннадан ортиқ сабзавот, 17 миллион тоннадан ортиқ бошқа деҳқончилик маҳсулотлари ва 2,5 тонна гўшт етиштирилди. 2019 йили қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти 2017 йилга нисбатан 2 бараварга кўпайди. Бугун юртимизда 80 дан ортиқ турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилиб, улар дунёнинг 70 га яқин мамлакатига экспорт қилинмоқда. 

Шу билан бирга, таҳлилларда йилига ўртача етиштирилган 21 миллион тонна мева ва сабзавотнинг 10 фоизидан ортиғи экспорт қилинмай қолаётгани, маҳсулотларни саралаш, қадоқлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш учун 30 дан ортиқ агрологистик марказлар ташкил этилган бўлсада, айланма маблағларнинг етишмаслиги туфайли улар мавжуд ишлаб чиқариш қувватининг атиги 15 фоизидан фойдаланаётгани кўрсатилмоқда. Шунингдек, ишлаб чиқариш орқали мамлакат эҳтиёжини тўлиқ қоплаш ва экспорт қилиш имконияти мавжуд бўлгани ҳолда сут маҳсулотлари, томат пастаси, маккажўхори ва яшил нўхат консервалари импорт қилинаётгани бу борада ҳали ечимини кутаётган муаммолар борлигини кўрсатяпти.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 9 сентябрь куни қабул қилинган «Республика озиқ-овқат саноатини жадал ривожлантириш ҳамда аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлақонли таъминлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори айнан ана шундай муаммоларни ҳал этишга қаратилгани билан ниҳоятда муҳим ҳужжат бўлди.

Мазкур қарорга кўра, мева-сабзавот, гўшт, сут ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи корхоналар билан бундай маҳсулотларни қайта ишловчи, тайёрловчи ва реализация қилувчи корхоналар ўртасида ўзаро манфаатли муносабатларни кучайтириш, тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотларининг рақобатбардошлигини ошириш, бундай маҳсулотларнинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш ва импорт ҳажмини камайтириш чораларини кўриш вазифалари белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари, Қишлоқ хўжалиги вазирлигида алоҳида бошқарма ташкил этилиши ҳамда Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва озиқ-овқат таъминоти жамғармасига 20 млрд сўм миқдорида маблағ ўтказилиши, мазкур соҳага халқаро молия институтлари маблағларини кенг жалб қилиш ва уларнинг манзилли етиб боришини назорат қилиш, кадрларга бўлган эҳтиёжни тўлдириш юзасидан ҳам қатор вазифалар белгилаб қўйилди-ки, бу юқорида таъкидланган вазифаларнинг ўз вақтида ва самарали бажарилишини таъминлаш имконини яратади.

Таъкидлаш жоиз, бу вазифалар Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг Сайловолди дастуридаги «...миллат генофондини сақлаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашни янада кучайтириш, аҳолининг овқатланиш хилма хиллигини кенгайтириш, мамлакатимизда сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва бунда генларни модификация қилиш усулидан фойдаланишни имкон қадар чеклаш, шаҳар ва қишлоқларимизда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи кескин ошиб кетишининг олдини олиш, қишлоқ хўжалигида озиқ-овқат маҳсулотлари етказувчилар фаолиятини рағбатлантириш тизимини яратиш ва жорий этиш ҳамда хорижий маҳсулотлар ўрнини босадиган ва хорижга сотиладиган маҳсулотларни ишлаб чиқарувчиларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш» сингари долзарб вазифалар билан ҳамохангдир.

Шу боис, партиядан сайланган барча даражадаги депутатлар ва фаолларимиз мазкур қарор ижроси таъминланиш жараёнида фаол иштирок этиб, мавжуд муаммоларни ҳал этиш ишларини ўз назоратларига оладилар.

Зумрад БEКАТОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси фракцияси аъзоси

1 641
ЎзA