ЎзА Ўзбек

12.07.2018 20:18 Чоп этиш версияси

Парламент ва унинг ислоҳотлардаги ўрни

Парламент ва унинг ислоҳотлардаги ўрни
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий партиялар, Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари билан 2017 йил 12 июлда бўлиб ўтган учрашуви ҳамда унда парламент палаталари ва барча депутатлар корпуси фаолиятининг таҳлилига, истиқболдаги вазифаларга бағишланган маърузасига бир йил тўлди.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудида намойиш этилган ушбу тадбир ҳамда унда янграган маърузани сиёсий партияларнинг ўн минглаб фаоллари, шунингдек, барча даражадаги маҳаллий Кенгашлар депутатлари эшитиш имконига эга бўлди. Унда белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш Ўзбекистон ­сиёсат майдонидаги барча сиёсий кучлар фаолиятининг муҳим таркибий ­қисмига айланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон ИСМОИЛОВ ­билан суҳбатимиз ушбу ­соҳада эришилаётган натижалар хусусида бўлди.

– Сиз тилга олиб ўтган ушбу воқеа муҳим ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга бўлиб, аслида мамлакатимиз Конституциясининг асосий қоидаларини амалда рўёбга чиқарилиши билан узвий боғлиқдир.

Давлат ҳокимияти органлари келишилган ҳолда ­фаолият кўрсатишини ва ҳамкорлигини таъминлашга доир ўз конституциявий ваколатларини амалга ошириш асносида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳокимият барча тармоқларини янада такомиллаштиришнинг истиқболли режаларини ишлаб чиқиши талаб этилади. Ана шундан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон ­Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўзининг ўтган йил 12 июлдаги маърузасида ҳокимият вакиллик органларини яқин истиқболда сиёсий жиҳатдан модернизация қилишнинг асосий қоидаларини, шунингдек, ушбу органлар ­фаолиятининг замон талабларига монанд бўлишини таъминловчи вазифаларни белгилаб берди. Давлатимиз раҳбарининг маърузаси мамлакатимиз ҳаётидаги ўта долзарб ташаббуслар замирида таркиб топган бўлиб, бу ташаббусларнинг амалга оширилиши миллий сиёсий тизимимиз мутлақо янги, юксакроқ ривожланиш босқичига ўтишини англатади.

Шуни таъкидлаш керакки, 2017 йил 22 декабрда Президентимизнинг мамлакат Олий Мажлисига йўл­лаган Мурожаатномаси 2017 йил 12 июлдаги маърузада баён этилган ислоҳотларга юз тутган қоидаларнинг мантиқий давоми бўлди. Кенг жамоатчиликнинг эътиборига ҳавола этилган ушбу тарихий Мурожаатнома Президентимиз Шавкат Мирзиёев миллий парламентаризм тизимининг ҳолати ва истиқболларини, сиёсий институтлар фаолиятини демократлаштириш жараёнларини ҳамда сиёсий воқеликни стратегик жиҳатдан кенг кўламда қай тарзда тасаввур этишини ойдинлаштириб берди.

Президентимизнинг 2017 йил давомида депутатлар корпусига йўллаган ушбу икки мурожаати Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш жараёнида муҳим ўрин эгаллади ҳамда Президентимизнинг парламент фаолиятига бўлган жиддий эътибори ва муносабатини белгилаб берди.

Мамлакатимиз раҳбарининг давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш, иқтисодиётни либераллаштириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, ўзаро манфаатли ташқи сиёсат соҳасидаги ғоялари ва бу жабҳада белгилаб берган вазифалари парламентимиз олдига муҳим талаблар қўйди, унинг фаолиятига янгича мазмун-моҳият олиб кирилишига сабаб бўлди.

– Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолиятини ташкил этиш усуллари ва принципларидаги ўзгаришлар тўғрисида сўз борар экан, мамлакатимиз ­Президенти томонидан билдирилган таклифлар пар­ламент ишига қандай туб ўзгаришлар олиб кирганини билишни истардик.

– Энг аввало, депутатларимиз ўз сайловчилари билан бўлган муносабатларини янгича шакл-шамойилда олиб бора бошлади. Агар илгари Қонунчилик палатаси депутатлари ўз сайловчилари билан йилига 2-3 марта учрашган бўлса, бугунги кунда бундай ишлар депутатларнинг мунтазам, ҳар ойда жойларда бўлиши тарзида амалга оширилиши йўлга қўйилган. Биргина 2018 йилнинг январь – май ойларида республикамизнинг 70 та туман ва шаҳарида олиб борилаётган ишларнинг ҳақиқий ҳолати депутатлар томонидан чуқур ўрганилди. Амалга оширилган ишларнинг натижалари бўйича тегишли халқ депутатлари Кенгашларининг мажлислари ўтказилиб, уларда ҳокимларнинг, прокуратура, ички ишлар органлари ва солиқ хизмати раҳбарларининг ҳисоботи эшитилди ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этишга қаратилган қарорлар қабул қилинди.

Депутатларимиз жойларда ишларни амалга ошириш асносида ўтган давр мобайнида 28 мингдан ортиқ хонадонларга ташриф буюрдилар, 112 мингдан ортиқ фуқаролар билан, шу жумладан, 10 мингдан зиёд тадбиркорлик субъектлари билан бевосита суҳбатлар ўтказди. Аниқланган муаммоларни ҳал этишга кўмаклашиш чораларини кўрдилар.

Депутатлар корпуси қонун ижодкорлиги фаолиятининг самарадорлиги мамлакатимиз Президенти томонидан адолатли тарзда танқид остига олинган эди. Танқиддан тўғри хулоса чиқарган ҳолда қонун ижодкорлиги фаолияти самарадорлигини яхшилаш йўлида ибратли ишлар амалга оширилиши натижасида, агар 2016 йил мобайнида депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси тартибида бор-йўғи 11 қонун киритилган бўлса, 2017 йилда ушбу рақам 27 тага етди (ўсиш деярли 2,5 бараварни ташкил этди). Жорий йилда ҳам шунга ўхшаш натижалар кузатилмоқда – ярим йил ичида фақат депутатлар ташаббуси билан 12 та қонун лойиҳаси киритилди.

Депутатлар томонидан парламент назоратини амалга ошириш ҳам сифат жиҳатидан ўзгарди. Жумладан, сўнгги йилда ­Президентимиз таклифлари асосида Қонунчилик палатаси мажлисларида “ҳукумат соати” доирасида ҳукумат аъзоларини эшитиш механизми жорий этилди ва у амалда самарали қўлланилмоқда. Жумладан, “ҳукумат соати” доирасида Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, соғлиқни сақлаш ҳамда бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотлари эшитилди.

– Парламент қуйи палатаси таркибида кейинги вақтларда амалга оширилган тузилмавий ўзгаришлар тўғрисида сўзлаб берсангиз.

– Мамлакатимиз Президенти томонидан олдимизга қўйилган вазифаларни амалга ошириш ишимизга муайян тузилмавий-институционал ўзгартиришлар киритишни тақозо этди. Шу боис аниқ йўналишлар бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолияти самарадорлиги кучайишини таъминлаши керак бўлган янги тармоқ бўлинмалари шакллантирилди. Жумладан, қуйи палата таркибида Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси тузилди. Ушбу қўмитанинг фаолияти унинг аъзолари ишини бевосита жойларда йўлга қўйиш устуворлигини ҳисобга олган ҳолда ташкил этилиб, қўмита томонидан Жиззах вилояти ва Тошкент шаҳрининг барча туманида тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати ўрганилди. Умумлаштирилган маълумотлар асосида ҳуқуқни қўллаш амалиётини яхшилашга доир тавсиялар ишлаб чиқилди. 

Президентимиз таклифига биноан, Олий Мажлис ҳузурида Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ташкил этилди. Институт томонидан энг яхши халқаро тажрибаларни таҳлил қилиш асосида 25 та қонун лойиҳасига, Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг 5 та қарорига, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари ва қарорларининг 9 та лойиҳасига таклиф ва тавсиялар тайёрланди. Мазкур ­институт ҳозирги кунда мамлакатимиз парламенти фаолияти самарали кечишига ўзининг ­муносиб ҳиссасини қўшмоқда.

Шуни таъкидлаш керакки, Олий Мажлис ҳузурида суд соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишга, ёшларни, аёлларни ва оила институтини қўллаб-қувватлашга кўмаклашиши лозим бўлган янги коллегиал органлар шакллантирилди. Жумладан, Олий Мажлис ҳузурида ўз фаолиятининг йўналишлари бўйича Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашувчи комиссия ҳамда бевосита Қонунчилик палатасида Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссия ҳамда Ёшлар масалалари бўйича комиссия шакллантирилди. Улар бугун фаол иш олиб бормоқда.

Қонунчилик палатасида ­фаолият кўрсатаётган Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси ­негизида унинг вазифалари доирасига инновацияларни жорий этишга кўмаклашиш масалаларини киритган ҳолда, янги қўмита – Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси тузилди ва бу замонавий жамият учун ғоят аҳамиятли секторларда депутатлар фаолияти самарадорлигини юксалтириш имконини берди. 

– Мамлакатимиз Президенти давлат органлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш масаласига катта эътибор қаратмоқда. Парламентнинг қуйи палатасида бу йўналиш қандай ривожланмоқда?

– Парламент депутатлари ижтимоий тармоқларда ўз шахсий саҳифаларини очиши тўғрисидаги Президент таклифининг амалга оширилиши натижасида ҳозирги вақтда ижтимоий тармоқларда парламент вакилларининг фаоллиги бўйича Ўзбекистон ўртача жаҳон кўрсаткичларидан анча юқорилаб кетди. Бу, хусусан, БМТ томонидан тайёрланадиган Е-parliament World Report халқаро шарҳида ҳам қайд этиб ўтилди.

Бугунги кунга келиб, Қонунчилик палатасининг барча депутатлари “Facebook” ижтимоий тармоғида шахсий саҳифаларини очди. Улар томонидан ҳар куни турли электрон ОАВ ва тармоқ ресурсларида жамоатчилик эътиборини тортувчи долзарб масалалар бўйича 200 дан зиёд ахборот материаллари жойлаштирилмоқда, жамоатчилик фикрини шакллантириш, ишончли ижтимоий-сиёсий ахборотни аҳолига етказиш борасида тизимли ишлар олиб борилаётир.

“Facebook”даги шахсий саҳифаларида, шунингдек, Қонунчилик палатасининг расмий веб-сайтида барча фуқаролар учун очиқ бўлган “депутатнинг виртуал қабулхонаси” хизматидан фойдаланиш депутатларнинг ўз сайловчилари билан алоқалари сифатини ва тезкорлигини, улар фаолиятининг шаффофлиги ва ҳисобдорлиги даражасини жиддий тарзда оширди. Қонунчилик палатаси депутатларига электрон мурожаатлар йўллашни ташкил этиш қулай бўлиши учун фуқароларнинг электрон мурожаатларини қайта ишлашни соддалаштириш ва автоматлаштириш имконини берадиган махсус мобиль илова ­ишлаб чиқилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мамлакатимиз Президентининг ташаббусига биноан, ­фуқароларнинг жамоавий электрон мурожаатлари бўйича “Meningfikrim.uz” веб-портали яратилиб, ишга туширилди. Мазкур портал мамлакатимизда жамоатчилик муҳокамаларининг энг оммабоп майдонига айланмоқда. Ўтган тўрт ой мобайнида порталга фуқароларнинг ташаббуслари билан боғлиқ 1132 та мурожаат келиб тушди, 14138 та шарҳ қолдирилди, 74 та ташаббус овоз бериш босқичида турибди.

Қуйи палатада қонун лойиҳаларининг муҳокамаси кундан-кунга қизиқарли, фрак­циялараро баҳс-мунозаралар тарзида, конс­труктив руҳда кечаётганини алоҳида таъкидлаб ўтиш зарур. Фуқароларимиз булар ҳақида оммавий ахборот воситалари, жумладан, телевидение ва радиодастурлар орқали мунтазам танишиб бориш имконига эга бўлмоқдалар. Нокамтарлик бўлса ҳам шуни айтиб ўтиш керакки, Қонунчилик палатасининг интернетдаги веб-сайти энг ўқишли ва кенг ўқувчилар аудиториясига эга манбага айланган бўлиб, фуқароларимиз палатадаги қизғин жараёнларни, қўмиталар фаолиятини, муҳокама этилаётган қонунлар ҳақидаги маълумотларни бевосита кузатиб бормоқда. Диққатга сазовор жиҳати шундаки, ижтимоий муҳим аҳамиятга молик қонун лойиҳалари, албатта, жамоатчилик муҳокамасига қўйилмоқда.

Умуман олганда, Олий Мажлис бўйича “электрон парламент” комплекс дастури қабул қилиниб, амалга оширилмоқда. Ушбу дастурни бажариш электрон овоз беришнинг янгиланган ҳамда электрон ҳужжат айланишининг ихтисослаштирилган тизимларини жорий этишни, фойдаланувчиларнинг парламент Қонунчилик палатаси фракциялари ва қўмиталари йиғилишларининг ҳужжатлари, видеоматериалларидан фойдаланишини таъминлайди.

– Суҳбатимиз якунида депутатлик фаолиятининг истиқболлари тўғрисида ҳам тўхталиб ўтсангиз. Сиз ушбу соҳада нималарга ва қайси устувор йўналишларга эътибор қаратган бўлардингиз?

– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотчилик иродаси ила илгари сурилган кенг кўламли режалари ва лойи­ҳаларининг рўёби, шуб­ҳасиз, мамлакатимизни янги, янада юқори даражадаги ривожланиш босқичига олиб чиқади, халқимиз турмуш фаровонлиги ошишига хизмат қилади. Жамиятимизда қарор топган барча ижтимоий кучларни Ўзбекистонни ривожланган демократик давлат сифатида қарор топтириш ҳақидаги буюк ғоя атрофида жипслантирмай туриб, тараққиётимизда юксак мақсадларга эришиб бўлмайди. Ҳеч шубҳасиз, бундай шароитларда жамиятда ишчанлик, яратувчанлик муҳитини шакллантириш, ислоҳотларни рўёбга чиқариш учун зарур ҳуқуқий майдон яратиш, парламент назорати тадбирлари салоҳиятидан жамият манфаатлари йўлида самарали фойдаланишда парламентнинг, бошқа сиёсий институтларнинг роли ортиб бораверади.

Мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан таклиф этилган сиёсий йўл тўғри, ўз вақтида белгиланганлигига ва бундан бошқа йўл йўқ эканлигига парламентнинг ишончи комил. Биз амалга оширилаётган ислоҳотларнинг зарурлигига ва мисли кўрилмаган натижаларга эришишимиз муқаррарлигига қатъий ишонамиз. Шу туфайли ҳам мамлакатимиз Президентининг давлат ҳамда жамиятнинг бар­қарор ривожланишини таъминлашга қаратилган фаолиятини бундан буён ҳам сиёсий нуқтаи назардан қатъий қўллаб-қувватлаймиз. Бундай ҳамжиҳатлик фақат сиёсий баёнотларда ва расмий ҳаракатлардагина ифодаланиб қолмай, балки фуқароларнинг манфаатларини амалда рўёбга чиқариш ва ҳимоя қилиш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш, тинчлик-хотиржамликни таъминлашда парламентнинг, депутатларнинг бевосита иштироки орқали амалга оширилади.

Аёнки, миллий давлатчилигимизнинг тараққиёти, ўз даврида мамлакатимизда парламентаризм тизими жиддий ривожланишига ҳам туртки бўлди. Мустақиллик йилларида Ўзбекистон парламенти камол топди, мустаҳкам оёққа турди ва келажакка дадил боқмоқда. Ҳозирги вақтда парламент сезиларли куч ва нуфузга, халқ орасида обрў-эътибор ва ишончга сазовор бўлмоқда. Ушбу салоҳиятдан ва миллий парламентаризм тизимининг ваколатларидан халқ фаровонлигини юксалтириш, давлатчиликни мустаҳкамлаш, беқиёс Ватанимизни янада ривожлантириш йўлида самарали фойдаланиш зарур ва шарт­дир. Депутатлик корпуси бу ишга тайёр ва ҳозирги шиддатли социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар даврида Президентимиз томонидан қўйилган юксак вазифаларнинг амалга оширилишини таъминлашга қатъий бел боғлаган.

«Халқ сўзи» мухбири Қобил Хидиров суҳбатлашди.

11 493