Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.06.2018 16:31 Чоп этиш версияси

Паркентда электр ва газдан қарздорлик камаймоқда

Паркентда электр ва газдан қарздорлик камаймоқда
Бюронинг Паркент туман бўлими бошлиғи Нурмуҳаммад Ражабов ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди.

Давлатимиз раҳбари фармони билан Бош прокуратура ҳузурида Мажбурий ижро бюроси (МИБ) ташкил этилганига бир йил бўлди. Қисқа вақт ичида бюронинг ҳудудларда ҳам бўлимлари очилиб, моддий-техника базаси мустаҳкамланди, малакали кадрлар билан таъминланди. Бугун туманлардаги Бюро бўлимлари фаолияти ўзини оқлаяптими? Бу саволга МИБ Паркент туман бўлими фаолияти мисолида жавоб изладик. 

Бюронинг Паркент туман бўлими бошлиғи Нурмуҳаммад Ражабов ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди.

– Мажбурий ижро бюроси суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг ижросини таъминлаш, ижро ҳужжатлари ҳамда ундирилган маблағларнинг ҳаққоний ҳисобини юритиш, ижро иши юритишда сансалорлик ва суиистеъмолчилик ҳолатларининг олдини олиш, электр, газ, сув учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини таъминлаш, уларга ноқонуний уланишнинг олдини олиш каби вазифаларни бажаради, – дейди Бюронинг Паркент туман бўлими бошлиғи Нурмуҳаммад Ражабов. – Гап келганда айтиш жоиз, айрим ҳамюртларимиз фойдаланган электр ёки газ учун тўловни вақтида тўлашдан атай қочади. Баъзан ҳафсаласизликка, гоҳ етишмовчиликка ёки вақт йўқлигига йўямиз. Ҳақ гап эса – тўловларни вақтида тўламаслик ёки ундан бўйин товлашлик, ўзимизга ва халқимизга хиёнат. 

Бир мисол. Бюронинг Паркент туман бўлими томонидан 2017 йилнинг иккинчи ярмида табиий газдан 11 миллиард сўмга яқин, электр энергиясидан 9,5 миллиард сўмдан кўпроқ қарздорлик ундириб олинди. Бу катта маблағ. Қишлоқда бутун бошли завод  очиб, қанчадан-қанча одамларни ишли қилиш мумкин...

Ана энди биргина электр энергияси ва табиий газдан қарздорлик миқдорини вилоят, республика миқёсида талқин қилсак. Қарздорлик миқдори миллиардлаб сўмларни ташкил этмоқда. Юзлаб тадбиркорлик субъектларини саробга чиқариб, минглаб яратилиши мумкин бўлган иш ўринларини арзимаган баҳона – ҳафсаласизлик, етишмовчилик, вақт йўқлигини важ қилиб, ҳавога совуриб юбораяпмиз...

Мажбурий ижро бюроси зиммасидаги бошқа вазифалар билан бирга, ана шу ғоят муҳим ва мураккаб ишни бажариб келмоқда.

Туманимиз бўлими ходимлари 2018 йилнинг дастлабки тўрт ойида табиий газдан қарзи бўлган фуқаролар, юридик шахслардан 11 миллион 948 минг сўмни ундиришга муваффақ бўлди. Бу кўрсаткич электр энергияси учун 7,5 миллион сўмни ташкил этди.

Ижобий ҳолатга эътиборингизни қаратмоқчимиз. 2017 йилнинг 1 июль ҳолатида туманимизда электр энергияси истеъмолчиларининг жами қарздорлиги 1013.9 миллион сўмни, табиий газ истеъмолчиларининг қарздорлиги эса 3 189.1 миллион сўмни ташкил этган. Бу кўрсаткич 2018 йилнинг 1 май ҳолатида эса электр энергиясидан 877.2 миллион, табиий газдан 2238.5 миллион сўм қарздорлик кузатилди. Яъни, қарздорлик тобора камайиб бормоқда. Демак, халқимиз фидойилиги, ислоҳотларимизга дахлдорлик ҳисси ортиб бормоқда.

Туманимизда 2017 йилда табиий газ бўйича 12, электр энергияси бўйича 67 ҳолатда, 2018 йилнинг тўрт ойи таҳлилига кўра, табиий газ бўйича 22, электр энергияси бўйича 66 ҳолатда ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланди. Уларга нисбатан қонуний чоралар кўрилди, энергия етказиб берувчилар манфаатига етказилган 116 624.8 минг сўм миқдоридаги зарар ундирилди.

Йил бошидан тўлов интизомига риоя қилмасдан, қарздорлик юзага келишига йўл қўйган 132 истеъмолчи газ ва электр тармоқларидан узиб қўйилди.

Нурулло Насриев ёзиб олди

4 218