Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.05.2018 12:57 Чоп этиш версияси

Парижда “Жаҳолатга қарши маърифат” мавзусида давра суҳбати ўтказилди

10.jpg

Париждаги Сиёсатшунослик фанлари институти профессори Шаҳрбону Тожибахш Ўзбекистондаги диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик муҳити дунёнинг кўплаб мамлакатлари учун намуна бўла олишини қайд этди.

Мамлакатимизнинг исломшунос ва шарқшунос олимларидан иборат делегациянинг Францияга ташрифи доирасида Ўзбекистоннинг Париждаги элчихонасида “Жаҳолатга қарши маърифат” мавзусига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Франция Миллий Ассамблеяси, Франция Ташқи ишлар вазирлиги, Франция Миллий тадқиқотлар маркази, Франция миллий кутубхонаси, Шарқ тиллари ва маданияти институти ва бошқа нуфузли давлат ташкилотлари ходимлари, халқаро эксперт ва мутахассислар, етакчи шарқшунос ва исломшунос олимлар иштирок этди.

04.jpg

Давра суҳбати қатнашчиларига Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, қабул қилинаётган фармон ва қарорларнинг мазмун-моҳияти, мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги ташаббуслари, жумладан, Давлатимиз раҳбари томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган таклифлар ҳақида батафсил маълумот берилди. 

05.jpg

Учрашувда таъкидланганидек, тезкор суръатларда ўзгариб бораётган бугунги дунёда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, турли эътиқодга мансуб аҳоли ўртасида бир-бирини тушуниш, ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган муносабатларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий барқарорликка салбий таъсир кўрсатадиган ҳар қандай таҳдиднинг олдини олиш ғоят муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш, уни янада ривожлантириш ишига давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири сифатида эътибор қаратилмоқда. 

09.jpg

Давра суҳбатида “Динлараро бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлашда Ўзбекистон тажрибаси”, “Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази: янги даврнинг долзарб ташаббуси”, “Марказий Осиёда ислом”, “Диний бағрикенгликни таъминлашда Франция тажрибаси”, “Ўзбекистоннинг зиёрат туризми соҳасидаги бой имкониятлари” мавзуларида маърузалар тингланди.


01.jpgФранция Ташқи ишлар вазирининг Дин ишлари бўйича маслаҳатчиси, таниқли дипломат Жан Пьер Поссель диний бағрикенгликни таъминлашда Ўзбекистон тажрибасини ўрганиш муҳим аҳамиятга эгалиги, Ўзбекистондаги тинчлик нафақат Марказий Осиё, балки жаҳондаги барқарорликка кучли таъсир этишини қайд этди. “Дунёнинг турли мамлакатларида дин номидан содир этилаётган бузғунчиликларни мутлақо оқлаб бўлмайди. Ушбу хатти-ҳаракатлар аксарият ҳолларда жамиятнинг эртанги куни бўлмиш ёшлар томонидан амалга оширилаётгани жуда ҳам ачинарли. Бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик учун биринчи галда ёшларнинг диний саводхонлиги, маърифатини ошириш ўта муҳим”, – дейди Жан Пьер Поссель.

Учрашувда сўз олган таниқли шарқшунос олима Ҳабиба Фатҳий: “Ўзбекистондаги диний бағрикенглик кўплаб синовларни бошидан ўтказган ўзбек халқининг меҳмондўст ва сабру бардошли менталитетига кўп жиҳатдан боғлиқ. Ўзбекистонга борсангиз, ҳеч ким сизни қайси динга эътиқод қиласан, қайси миллат вакилисан, деб сўраб ўтирмайди. Ўзбеклар нотаниш инсонга ҳам ўз уйидан жой беради, еб турган нони – таоми билан бўлишади”, – дея таъкидлади.
02.jpg
Париждаги Сиёсатшунослик фанлари институти профессори Шаҳрбону Тожибахш Ўзбекистондаги диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик муҳити дунёнинг кўплаб мамлакатлари учун намуна бўла олишини қайд этди. Айни пайтда, ушбу жараёнларда анъанавий бағрикенгликдан ташқари, оқилона ва пухта ўйланган қонунчиликка риоя қилиш муҳим эканини урғулади.

03.jpg
Франция мусулмонлари кенгаши ижроия котиби Аҳмад Ўғраш дунёда юз бераётган нохуш ҳолатлар, тўс-тўполонларга аксар ҳолларда диний саводсизлик, илмсизлик сабаб бўлаётгани, шу нуқтаи назардан, Ўзбекистоннинг жаҳолатга қарши маърифат билан кураш тамойилини қўллаб-қувватлашини билдирди. Ушбу жараёнда таълим тизимига катта эътибор қаратиш, ёшларни бошқа эътиқод вакилларига нисбатан ҳурмат руҳида тарбиялаш ижобий натижа беришини айтиб ўтди.

Тадбир давомида иштирокчиларга Ўзбекистонинг сайёҳлик имкониятлари, зиёрат туризмини ривожлантириш соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. 

“Хорижий сайёҳларда Ўзбекистонга ўхшаган тарихий юртларга қизиқиш жуда юқори. Минг афсуски, одамларимизда Самарқанд, Бухоро, Хива каби қадимий тарихга эга шаҳарлар тўғрисида маълумотлар оз. Бу каби тадбирлар Ўзбекистонни хорижлик сайёҳларга танитишга катта ҳисса қўшади”, – дейди Франциянинг “Пассиён Кот Баск” сайёҳлик ширкати ижрочи директори Мартина Лансад.

08.jpg

Давра суҳбати якунида Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини намойиш этувчи “Буюк ипак йўлида жойлашган жавоҳир” фильми намойиши ва фото кўргазма бўлиб ўтди. 

ЎзА
5 238