Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.08.2018 17:45 Чоп этиш версияси

Парҳез маҳсулот мўл бўлади

Парҳез маҳсулот мўл бўлади Хоразм вилоятининг Боғот туманида балиқчиликка ихтисослашган 50 дан ортиқ фермер хўжалиги фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг аксарияти Бешариқ, Хўжалик ва Найман қишлоқлари атрофида жойлашган.

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг стратегик йўналиши ҳисобланган балиқчиликни янада ривожлантириш, тармоқда мавжуд муаммоларни самарали ҳал этиш ҳамда балиқ етиштиришда илғор технологияларни жорий қилиш борасида туманда муайян ишлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг 2018 йил 6 апрелдаги “Балиқчилик тармоғини жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

Саккиз йил муқаддам фаолият бошлаган Найман қишлоғидаги “Меҳриддин-Низомиддин” фермер хўжалиги раҳбари Озод Матёқубов маҳаллий аҳоли тилида “Минг ботмон” деб номланган ташландиқ кўл ўрнида дастлаб тўртта ҳовуздан иборат икки гектарлик кўл барпо этди. Айни пайтда ҳовузлар сони 12 тага етказилиб, умумий майдон 6 гектарни ташкил этаётир.

– Сўнгги йилларда балиқчиликка бўлган эътибор ортаётгани бежиз эмас, – дейди О.Матёқубов. – Балиқчилик аввало, иқтисодий жиҳатдан яхшигина даромад манбаи бўлса, бошқа томондан балиқ инсон саломатлиги учун ғоят фойдалидир. Ўзим кўп йиллар халқ таълими соҳасида ишлаб, нафақага чиққач, уйда ўтиришдан кўра бирор машғулот билан банд бўлишни мақсад қилдим. Мана энди, кунимиз дала ёки кўлда ўтмоқда. Бундан ўзим ҳам хурсандман, бошқаларга нафим ҳам тегаяпти.

Ўтган йили хўжалик эл дастурхонига 16 тонна балиқ тортиқ қилди. Олинган даромад эвазига янги ҳовузлар қазилди. Жорий йил эрта баҳордан банк кредити ҳисобига 700 килограмм балиқ чавоғи олинди. Йил охирида балиқлар сотишга тайёр бўлиши кутилмоқда. Улар кунлик рацион асосида парваришланади. Ҳовузлар атрофига полиз экинлари экилган.

Сув тақчиллиги кузатилаётган жорий йилда ушбу хўжалик ҳам айрим муаммоларга дуч келаётир.

– Бу йилги сув танқислиги барча фермер хўжаликлари қатори биз учун ҳам баъзи муаммоларни келтириб чиқармоқда, – дейди фермер хўжалиги иш юритувчиси Меҳриддин Матёқубов. – Ҳовузга оқар сув кириб турмаса, сув таркиби бузилиб, яроқсиз бўлиб қолади. Бу эса агар тезда зарур чора кўрилмаса, балиқлар нобуд бўлади, дегани. Шунинг учун имкон даражасида оқар сув олиб келишга ҳаракат қилмоқдамиз. Мақсадимиз – инсон саломатлиги учун фойдали бўлган балиқ маҳсулотларини кўпайтириш, унинг арзон бўлишига ўз ҳиссамизни қўшишдир.

Балиқ маҳсулотлари тумандаги бозорлар ва бир қатор умумий овқатланиш шохобчаларига етказиб берилмоқда.

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА
4 205