Ўтган йилнинг охирида ХХРнинг Ухань шаҳридан тарқалган коронавирус (COVID-19) қисқа муддатда бутун саёрамиз бўйлаб ёйилди.
Вирус инсониятни сергак торттирди
Ўтган йилнинг охирида ХХРнинг Ухань шаҳридан тарқалган коронавирус (COVID-19) қисқа муддатда бутун саёрамиз бўйлаб ёйилди. Февраль ойи бошида Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти унинг пандемияга айланганини эълон қилди. Ўзининг юқумлилиги ва тарқалиш суръати билан бундан юз йил олдин турли қитъалардаги миллионлаб кишиларнинг ҳаётига зомин бўлган “испан грипи”га ўхшаб кетадиган бу пандемиал хасталикни вирус тарқалиш занжирини узиш (карантин) билангина назорат остига олиш мумкинлиги бошидан маълум эди.
Дунёдаги давлатлар коронавирусга қарши курашар экан, бу жараёнда одамлар саломатлигини асраш, ҳаёт маромини иложи борича мўътадил сақлашни ҳам уддалаши лозим эди.
Пандемия бутун дунёда сиёсат, иқтисод, ижтимоий муносабатларга бўлган қарашларни, глобаллашув, дунё мамлакатлари ҳақидаги тасаввурларни ҳам тубдан ўзгартирди, коронавирус инсониятни сергак торттирди. Қайд этиш лозимки, баъзи тараққий этган давлатларда ижтимоий ҳамжиҳатлик таъминлана олинмагани COVID-19 ни жиловлашдаги муваффақиятсиз ҳаракатлар ҳамда саросима ва тушкунликка тушиб қолишларига олиб келди. ХХР, Италия, Испания, Америка, Россия каби дунёнинг етакчи ўлкаларидаги нохуш вазият бутун инсониятни изтиробга солди.
Коронавирус ваҳимаси бошланганда Ўзбекистон бу бало билан кураша олмайди, деган фикрлар ҳам баён қилинган эди, билъакс бу тахмин тасдиқланмади ва Президентимиз, ҳукумат, шифокорлар ва халқнинг биргаликда ҳаракати натижасида бир ярим ой ичида мамлакатимизда пандемия назорат остига олинди.
Халқимиз ўз тарихида бир неча бор намоён қилганидек, давлат ва жамият бир тан бир жон бўлиб ҳаракат қилса, ҳар қандай оғир вазифани уддалаши ва энг ноқулай шароитлардан ҳам чиқиб кета олишини яна бир бор исботлади. Халқимизнинг давлатимиз раҳбари чақириғига лаббай деб жавоб бергани ҳамда COVID-19вирусининг ёйилишига қарши мутахассисларнинг тавсияларига ёппасига амал қилгани унинг менталитетидаги азалий уюшқоқлик ва интизомлилик хусусиятларини намоён этди.
Ҳозирги шароитда одамлар хавфсизлиги ва саломатлигидан қимматроқ нарса йўқлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон каби Марказий Осиё давлатлари коронавирусга қарши курашнинг қаттиққўл йўлини танлагани, энг аввало одамларнинг соғлиги ва ҳаётини сақлаб қолишга қаратилгани маълум. Чунки энг оддий мантиққа кўра, давлат энг аввало иқтисодни эмас, бугунги постиндустриал жамиятда энг бебаҳо бойлик бўлган фуқаролар ва инсон капиталини асрашни ўйлаши лозим. Бундан 100 йил олдинги “испан грипи”да ҳам одамларни, ишлаб чиқариш кучларини асраб қолган давлатлар постпандемиал оғир шароитдан бошқаларга кўра эртароқ чиқиб кетишган эди.
Пандемиядан кейинги ҳаёт: ўзгаришлар парадигмаси
COVID-19 нинг инсоният ҳамда халқларга кейинги ўн йилликларда башар аҳлининг ягона келажаги ва қисмати каби кўринган глобаллашиш жараёнларига бошқача нуқтаи назардан қараш сабоғини берди. Қисқа муддатда энг кичик ўлкалардан тортиб энг қудратли давлатларгача таҳдид солган бу вирус дунё тараққиётининг ягона шакли бўлган глобаллашувнинг барқарор ва ўзгармаслиги хусусидаги иллюзияларга барҳам берди. Саноқли кунларда кишилар, товар ва капиталнинг эркин кўчиши тўхташи, ҳар бир давлат ўз чегараларини ёпиб, ўз ватандошларини ҳимоя остига олиши, одамларнинг ойларга етадиган озиқ-овқат ва дори-дармонни харид қилиб, уйларига қамалиб олиши глобализация жараёнларининг инсониятга хавф солувчи таҳдидлар қаршисида ожиз эканлигини кўрсатди.
COVID-19 пандемияси шахсий ва миллий хавфсизлик, жисмоний ва ижтимоий соғломлик 21- асрда ҳам асосий қадрият эканлиги ҳамда бу қадрият учун шахслар, жамиятлар ва давлатлар ҳар қандай қадамларни қўйишга тайёр эканлигини тасдиқлади.
Бир замонлар буюк ҳадисчи боболаримиз минглаб диний манкиба, ҳикоя ва ривоятлар ичида ҳақиқий, саҳиҳ ҳадисларни ажратиб олиб, бутун инсониятнинг маънавиятини бойитгани каби, Ўзбекистонда демократик ва либерал ислоҳотларнинг бошланғич даврида давлатимиз раҳбари мамлакатнинг мавжуд иқтисодий-ижтимоий аҳволидан ва миллий менталитетимизнинг ўзига хос тарафларидан келиб чиққан ҳолда ҳақиқий инсонпарварона қадриятларни тўрт йил бурун саралаб, уларнинг ҳар бирини ўз токчасига қўйиб бера бошлади.
Жумладан, соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, замонавий таълим олган етук ва тарбияли авлодни тайёрлаш, деҳқонни камбағаллаштириб қўйган самарасиз тизимдан халқнинг тўлақонли иқтисодий мустақиллигини таъминлашга олиб келадиган ва мамлакат саноатини хомашё ваозиқ-овқат хавфсизлигини таъминлайдиган аграр соҳани вужудга келтириш, қўшимча қиймати юқори бўлган моллар ишлаб чиқарадиган инновацион саноатни барпо этиш, пировард натижада халқимизнинг тўлақонли рўшнолигини таъминлайдиган тизимни яратиш каби параметрларда Президентимиз ташаббуси билан ўтказилаётган сиёсатнинг нақадар долзарб ва ҳаётбахш эканлигини намоён қилди.
Шу билан бирга глобаллашиш ташаббускорлари томонидан инсонларнинг “шахсий конституциялари” бўлмиш миллий қадриятлар ёнига турлича чиройли мафкуравий ниқоблар билан тиқиштирилган сохта қадриятларнинг ўткинчи эканлиги ҳам кўзга ташланиб қолди. Жумладан, глобал капитализм ёки иқтисодий империализмнинг ғайратлари билан ҳар ўтган кун халқларнинг турмуш тарзидан ўрин олаётган меъёрсиз истеъмолчилик “маданияти”, “чиройли яшаш” хуморини қондириш учун миллионлаб кишиларнинг азалий қадриятларини ҳамда ўз оиласини ва яқинларини тарк этиб, узоқ элларга кетиши, бунинг натижасида анъанавий оила муносабатларининг қадрсизланиши, Ватан, юрт, миллат туйғулари ўрнига дунёнинг моддий лаззатларига учиш ҳиссининг устувор келишини кўрдик. Пандемия эса ўз юртида, оиласи бағрида бўлиш, фарзандлар тарбияси ва таълимига эътиборнинг ҳавойи орзу умидлардан устун туришини кўрсатди, юз минглаб кишилар буни ўз ҳаётий амалиётида синаб кўрди.
Кишилик жамиятида, куррамизда пандемия шароитида вужудга келган ана шу принципиал ўзгаришларни ҳисобга олиб, пандемиядан кейинги ижтимоий ҳаёт ва тараққиётнинг баъзи параметрларини белгилаб олиш керак бўлади. Чунки COVID-2019 биринчи ва охирги пандемия эмас. Илгарида дунё ҳамжамияти каби мамлакатимиз ва халқимизни ана шундай глобал таҳдидлар кутиб турган бўлиши мумкин.
Биз бу ўринда ижтимоий соҳанинг икки муҳим йўналиши – соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасида COVID-2019 кризисидан кейинги босқичда ечимини кутиб турган ҳоллар ҳақида тўхталамиз.
Соғлиқни сақлаш тизми
Шуни чуқур қониқиш билан қайд этиш керакки, Президентимизнинг 2018 йил 7 декабрда қабул қилган “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида“ги фармонини амалга ошира бориб, тизимда жиддий ижобий силжишлар таъминлангани, соғлиқни сақлашни молиялаш тубдан яхшилангани COVID-2019кризисида мамлакатимиз дунёдаги энг яхши кўрсаткичлардан бирига эришишини таъминлади.
Кейинги 2 ой ичида мамлакатимизда келгусида юқумли ва паразитар касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши билан боғлиқ эпидемиологик ва пандемик вазиятларнинг олдини олишга ва бартараф этишга қаратилган ташкилий, маъмурий, муҳандислик-техник, тиббий-санитария инфраструктураси қисқа муддатда яратилди ҳамда такомиллаштирилмоқда.
Келгусида эса биринчи навбатда эпидемиологик ва пандемиологик таълимни кучайтириш, тиббиёт ОТМларида худди чет эллардагидек, махсус “Халқ соғлиги” (Public Health) факультетлари очиш ва бунда чет эл тажрибасидан кенг фойдаланиш лозим бўлади. Вирусолог, эпидемиолог, паразитолог, аҳолини турли эпидемиологик касалликларга қарши эмлаш хизматлари ходимларини махсус тайёрлайдиганбундай факультетларни, кучли фундаментал фанлар негизига эга бўлган университетлар қошида очса ҳам бўлади. Бу факультетларнинг битирувчилари ҳам юқумли касалликлар шифохонасида, ҳам махсус пандемиал касалхоналарда, ҳам карантин зоналарида бирдай фаолият олиб борадиган тартибда тайёрланиши ва улар давлат гранти асосида ўқиб, келгусида пандемик кризис вақтларида ўзларинингдавлат ва жамият олдидаги вазифаларини оғишмай бажаришлари лозим. Айни шу факультетларда шахсий ва ижтимоий гигиена, жисмоний ва ижтимоий соғлиқ бўйича аҳолига мактаб, лицей ва ОТМлар орқали махсус билимлар ва кўникмалар берадиган мутахассислар ҳам тайёрланиши керак.
ЯқиндаПрезидентимизнинг қарори билан тиббиёт ходимларини, айниқса пандемик кризисда фидойилик кўрсатган докторлар, ҳамширалар ва бошқа ходимларни моддий рағбатлантириш йўлга қўйилди ва бу бутун жамиятимизда қониқиш ва миннатдорлик туйғуси билан кутиб олинди. Пандемиал карантин даврида шифокорларимизнинг кўрсатган фидойилиги ва қаҳрамонлиги уларнинг жамиятдаги, ҳар бир ватандошнинг ҳаётидаги роли юксак эканлигини яна бир бор кўрсатди. Жамият ўз фидокорларига муносиб жавоб қайтариши лозим.
Жаҳон Пандемиясининг хулосаларидан яна бири шуки, ҳар қандай мамлакат тиббий тизимида давлат ўзининг ижтимоий улушини унинг эпидемиологик ва пандемик хавфсизлигини таъминлайдиган даражада сақлаб қолиши керак. Бугун Ўзбекистон бунга мисол бўла оладики, мамлакат раҳбарияти сиёсатининг башоратли йўналишларидан бири бўлиб COVID-2019 кризисида қўл келди.
Шу билан бирга, Жаҳоннинг пандемиал тажрибаси шуни кўрсатяпдики, тиббиётда муаммоларни ечишнинг оддий инновацион даври ўтиб боряпдики, бу янгиланишларни тўлақонли ўзлаштиришга улгурмай, мутлақо янги, рақамли тиббиёт босқичига ўтишни тақозо қилади. “Рақамли” тушунча, тиббиётда унинг одатдаги қўлланишидан бироз фарқ қилиб, бу фалсафани тўлақонли қабул қилиш, врачларнинг етишмаслиги, касаллик ва беморларнинг ўсиши ва шуларга ўхшаш давр тенденцияларидан келиб чиқадиган бошқа муаммолар фақатгина ташхис ускуналар сонини кўпайтириш ва дорилар ёрдамидагина эмас, автоматлаштириш ва сунъий интеллектни жорий қилиш асосида ечилади (Қиёсланг: Ғарб мамлакатлари вирус юқтирган одамларнинг тахминан 35 фоизини стационар даволанишга жалб қила олдилар, холос). Бундай тиббий хизматни таъминлай оладиган мутахассислар ҳозиргисига нисбатан янгича табақалаштириб тайёрлайдиган, фундаментал фанлар негизи кучли ривожланган кўп функцияли университетлар таркибидагина бўлиши мумкин. Демак тиббий таълим ва нафақат тиббий, аграр, айрим технологик йўналишлар ҳам жиддий микро ва макро тузилмавий ислоҳотларга муҳтож.
Таълим ҳақида
Карантин даврида болаларимизнинг билимсиз қолиб кетмаслиги, таълим даргоҳларидан, дарсдан, китобдан узоқлашиб кетмаслик чоралари кўрилди. Мамлакатимиз телеканаллари орқали фарзандларимизга масофавий таълим берилмоқда. БМТнинг ихтисослашган фан, таълим, маданият муассасаси – ЮНЕСКО Ўзбекистоннинг бу борадаги қадамини олқишлади ва бошқа мамлакатларни ўрнак олишга чақирди. Бу қувонарли ҳол, албатта.
Аммо, кейинги икки ой ичида ўқувчилар ва талабаларни масофали таълим усули билан ўқитиш тажрибаси ҳали бу борада олдимизда катта вазифалар турганини хам кўрсатди.
Масофали таълим самарадорлиги биринчи навбатда талабада мустақил билим олиш кўникмасининг шаклланганлик даражасига боғлиқдир. Бу кўникмани боғча ва мактабдан бошлаб шакллантириб бориш керак. Афсуски талабаларимизда бу ўқув ҳозирда анча саёз. Бу ерда алоҳида қайд этиш керакки, мустақил билим олиш кўникмасини шакллантириш нафақат масофавий таълимнинг, балки анъанавий таълимнинг хам асосий муаммоларидан биридир. Негаки, мустақил ўқиб-ўзлаштиришга ўрганмаган талабада ижодий ва креатив (яратувчи) тафаккур шаклланмай қолаверади. Бунинг учун биринчи навбатда оилада ва жамиятда ўқишдан мақсад, диплом олиш эмас, балки шахснинг жамиятдаги ўрни ва истиқболини белгилайдиган билим ва кўникмаларни эгаллаш, деган тушунча ҳукмрон бўлиши керак. Узоқдан таълим бериш, дарсларни ташкил этиш, фан дастурлари, “уй вазифалари” мажмуаси таркиби талабанинг мустақил билим олишга ундайдиган шаклда шакллантирилиши керак. Бу эса ўқитувчидан катта касбий-услубий маҳорат ва мотивацияни талаб қилади.
Кейинги муҳим масала анъанавий таълимда ҳам, масофавий таълимда ҳам талаба билимини баҳолашнинг ҳаққонийлигини таъминлашдир. Ҳозиргача бизда масофавий таълимда талаба билимини баҳолаш тизими мутлақо ишланмаган, анъанавий таълимдаги тизим эса эскирган шаблонга айланган. Пандемиал шароитларда эса уларнинг шаклланмаганлиги таълим жараёни самарасини кескин туширади. Умуман, мамлакатда кечаётган ислоҳотларнинг таркибий қисми бўлмиш олий таълимдаги бундай жараёнлар чуқур илмий-услубий изланишлар хулосаси ва тавсиясига таяниши самаралироқдир. Олий таълим вазирлиги қошидаги “Муаммоллар институти” (эскича қисқа номи) чинакамига шу соҳага оид илмий изланишлар ва услубият марказига айланиши керак.
Шу билан бирга, университетлар штатлар рўйхатидаги “услубчи” лавозимининг мақоми ва маошининг ўзи, ОТМ учун ўта зарур бўлган бу тоифадаги ходимга муносабатни билдиради. Аслини олганда ўқув ёки бошқа бўлим услубчиси кўп йиллик доцент ёки профессорлик даражасида илмий-педагогик тажрибага эга мутахассис бўлгандагина илмий-ўқув соҳаларнинг ҳақиқий менеджерига айланади ва ўқув жараёни ундан амалий ёрдам кутса бўлади.
Коронавирус пандемияси узоқ давом этса, иқтисодий, таълимий, хизмат кўрсатиш, савдо, банк фаолиятларининг онлайнлашуви натижасида онлайн фаолиятларнинг хавфсизлигини таъминлаш давлатнинг асосий вазифаларидан бирига айланади.
Бунинг учун барча таълим даргоҳларини тезкор Интернет тизими билан таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, бутун ўқув жараёнини форс-мажор тизимига ўтказиш ўзининг мураккаблигига эга. Жумладан, экран қаршисида дарс тушунтирадиган ўқитувчи ва бу билимларни масофадан туриб қабул қиладиган ўқувчи ва талаба учун махсус малака ва кўникма шакллантирилиши зарур. СамДУдамодул тизими, вебинар ва Zoom тизимлари, ҳар бир академик гуруҳлар учун яратилган телеграм каналлари орқали 2019-2020-ўқув йилининг асосий дарслари талабаларга етказилди. Аммо бир тарафдан, қишлоқ туманларида мобил интернетнинг жуда заифлиги, иккинчи тарафдан онлайн дарсларни берадиган ва тинглайдиган контингентнинг замонавий рақамли технологияларни қўллашдаги заифлиги ҳам кузатилмоқда.
25-30 дақиқали онлайн дарсни профессионал оператор даражасида ёзиш, тайёрлаш, бу вақт ичига матн, овоз, диаграмма ҳамда тестларни сиғдира билиш маҳорати ҳам шакллантирилиши зарур. Бунинг учун эса ўқитувчига камида 2 соат дарс материалларини тайёрлаши лозим бўлади. Уйда изоляция шароитида буларни ҳаммасига улгуриш қийин, албатта. Шу сабабли, кейинги ўқув йилларидан эътиборан, бу йўналишда йил бошидан пухта тайёрланиб, материалларнинг барчаси модул тизимига тўлиқ жойлаштирилишига эришиш лозим бўлади. Бундан ташқари, юқорида ҳам қайд этилгандек, онлайн режимда талабанинг синов ва имтиҳон жавобларини олиш (электрон почта орқали), уларни ёздириш ва баҳолаш муаммоси ҳам бор.
Шу сабабли, ҳам талабада, ҳам ўқитувчида онлайн режимда кўникмасини шакллантириш ва сақлаб туриш учун анъанавий (оффлайн) режимда дарслар қатори иккинчи ёки учинчи блокдаги бир қанча дарсларни онлайн ўқитиш ва қабул қилиш тажрибасини ҳам қўллаш керак. Бир қанча илғор чет эл университетларида бу тажриба 2000-йиллардан буён қўлланиб келинмоқда.
Кўринадики, пандемиал карантин жамият ва биринчи навбатда, соғлиқни сақлаш, таълим тизимлари олдига ўз ишини қайта қуришвазифасини қўймоқда. Эндиэскича ишлаб ва яшаб бўлмайди. Жамиятнинг қон томирлари бўлган соғлиқни сақлаш ва таълим ҳар қандай ҳолда ҳам ўзининг ижтимоий функциясини тўла ва камчиликсиз бажариши керак. Ривожланган жамиятларнинг энг ноёб бойлиги – инсон капиталини яратиш ҳамда унинг билим ва кўникмаларидан унумли фойдаланиш ушбу икки тизимнинг қай даражада муваффақиятли ишлаши билан боғлиқдир.
Умуман, пандемиядан кейинги ҳаёт тарзимиз, шу кунларда “Халқ сўзи” газетасидаги мақолалардан бирига қўйилган сарлавҳада айтилгандек “Ўзбекистонда яшаш брендга, бизнес юритиш трендга айланади”,мамлакатимизни янада кучли ва ривожланган давлатга айлантиришига ишончимиз комил.