ЎзА Ўзбек

29.03.2020 Чоп этиш версияси

Пандемия тез кунда чекинади. Биз албатта ғолиб бўламиз!

Пандемия тез кунда чекинади. Биз албатта ғолиб бўламиз!

Бугун мамлакатимизда коронавирусга чалинган етти нафар беморнинг бир йўла соғайгани ҳақидаги хабар ҳар бир юртдошимиз кўнглида илиқ туйғулар ўйғотди. 

Ватанимизга чегара билмас инфекция кириб келганидан буён илк марта ижтимоий тармоқларда яшин тезлигида тарқалган бу хушхабар сўнгги йилларда Ватанимиз соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ва қўли енгил шифокорларимизнинг жонкуяру фидойилигига ишончимизни янада оширди. Эндиликда биз бундай ёқимли муждаларни ҳар куни интиқ бўлиб кутамиз. Дунё бўйлаб ёйилган бу офатни юртимиздан тезроқ чекинтириш учун янада жипсроқ бирлашамиз.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқаб кетишининг олдини олиш ҳамда ундан сақланиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар белгилаб олиниб, тезкор зарур чоралар кўрилаётгани халқимизнинг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаб, фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилишда ютуқларимиз омили бўлмоқда. Лекин, шундай қалтис бир даврда биз фуқаролардан қатьий талаб қилинадиган бурчлар борлигини унутмаслигимиз керак. Бу масъулият нафақат ўзимиз, балки, оила аъзоларимиз, яқинларимиз, қўни-қўшнилар ва халқимиз саломатлиги, уларнинг хавфсизлиги билан бевосита боғлиқдир. Карантин талабларига қатьий риоя қилиб, жиддий тартиб-интизом намуналарини кўрсатсак албатта, вазиятни тезда барқарорлаштириб оламиз. 

Бугун инсоният шундай бир вазиятда яшаяптики, инфекцияни кўчадан уйга етаклаб келиш ҳеч гап бўлмай қолди. Жаҳон амалиётида жуда зарур бўлмаган ҳолларда уйдан чиқмаслик, кўпчилик билан мулоқот қилмаслик, жамоатчилик орасида тиббий ниқоб тақиб юриш ва санитария-гигиена талабларига риоя этиш касаллик кенг тарқалиб кетишининг олдини олиши ўз исботини топган. 

Айни пайтда Сурхондарё вилоятида ҳам карантин тартиблари ўрнатилиб, кўча-куй ва маҳаллаларда одамларнинг ҳаракатланиши чекланган. Бироқ, давлат ва жамоат ташкилотлари, тадбиркорлар, саховатпеша, савобталаб инсонлар кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ва эҳтиёжманд оилаларга меҳр кўрсатиб, ёрдам қўлини чўзмоқда. Озиқ-овқат ва бошқа бирламчи эҳтиёж моллари билан бепул таъминламоқда. Тиббий ниқоб, антисептик воситаларни етказиб бераётир.

Оғир кунларда бир-бирини қўллаб-қувватлаб, кўмак бериш, борини эл билан баҳам кўриб, уларга меҳр-мурувват кўрсатиш халқимизга хос улуғ фазилатдир. Ҳозирги ташвишли кунларда ҳам бундай буюк қадриятларимиз кенг намоён бўлмоқда. Шунга мувофиқ ҳунармандларимиз уйда ҳимоя ниқоби тикиб, одамларга бепул тарқатишни йўлга қўйди. Шунингдек, бошқармамиз томонидан Термиз шаҳридаги кам таъминланган оилалар ва ногиронлари бор ҳунармандларимиз хонадонларида бўлиб, бепул озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаяпмиз. Уларни ортиқча саросимага тушмасдан уйда ўтиришини сўраяпмиз. Мамлакатимизда етарли захира борлиги ва осуда кунлар жуда яқинлигини тушунтираяпмиз. Бундай меҳр-мурувват ва тарғибот тадбирларимиз туманлардаги ҳунармандлар томонидан ҳам амалга оширилмоқда.

Биз аҳил, иноқ бўлиб, интизом билан карантин тартибларига қатьий амал қилсак, имкон қадар уйда ўтириб, одамлар билан камроқ муносабатда бўлсак, албатта бу бало тез кунларда юртимиздан чекинади. Биз ғолиб бўламиз!

Муҳайё ЖЎРАЕВА, 
“Ҳунарманд” уюшмаси
Сурхондарё вилоят бошқармаси бошлиғи

2 925
ЎзА