Пандемия: Қишлоқ хўжалигида нималар ўзгарди?
Пандемия ҳамон давом этмоқда. Карантин туфайли дунёда озиқ-овқат маҳсулотлари етишмовчилиги юзага келиши мумкин.
Пандемия ҳамон давом этмоқда. Карантин туфайли дунёда озиқ-овқат маҳсулотлари етишмовчилиги юзага келиши мумкин. Шундай шароитда қишлоқ хўжалигидаги мавжуд ресурслар ва имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш борасида нималар қилинмоқда? Бу ҳақида Қишлоқ хўжалиги вазирининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси-матбуот котиби Нигора Ходжаева қуйидагиларни сўзлаб берди.
“Озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ҳажмларини кўпайтириш орқали ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш ҳамда мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида 55 туман мева-сабзавотчиликка тўлиқ ихтисослаштирилди. Самарқанд, Тошкент, Фарғона ва Навоийда 18,5 минг гектар хусусан, Бўстонлиқ ва Паркент туманларида ғалла майдонлари тўлиқ қисқартирилиб, ўрнига мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш йўлга қўйилди. Олтиариқда 1350 гектарда войиш усулида токзор, Қувада 950 гектарда анорзор ва Қувасой шаҳрида 700 гектарда гилос плантациялари барпо этилмоқда.
Албатта, эртаки сабзавотларни кўпайтириш ҳам эътиборда. Мисол учун, жорий йил ҳосили учун ўтган йил кузда 206 минг гектарда тўқсонбости усулида сабзавот экинлари экилди. Улардан ва эртаки экинлардан ҳозирда 4 миллион 992 минг тонна сабзавот йиғиштириб олинди.
Жорий йил якунига қадар 11 миллион 974 минг тонна сабзавот, 2 миллион 916 минг тонна картошка ва 2 миллион 504 минг тонна полиз маҳсулотлари етиштирилиши кутилмоқда.
Кейинги йилларда боғдорчилик ва узумчилик соҳасини ривожлантиришга қаратилган эътибор натижасида илк маротаба боғдорчилик-узумчилик йўналишидаги фермер хўжаликларига томчилатиб суғориш технологиясини жорий этилгани учун субсидиялар ажратилмоқда.
Қайд этиш керакки, 2020 йилда барча тоифа хўжаликларининг асосий, боғ қатор оралари, лалми ва такрорий майдонларининг 423,4 минг гектарида дуккакли, 101,7 минг гектар мойли, 9,2 минг гектар чорва озуқаси етиштириш белгиланган. Тезкор маълумотларга кўра деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларида 22,5 минг гектар дуккакли, 3,5 минг гектар мойли экинлар экилган.
Тезкор маълумотларга кўра, бугунги кунда 115,3 минг гектар дуккакли, 8,7 минг гектар мойли ҳамда 82,6 минг гектар озуқа экинлари экилган бўлиб, экиш ишлари давом этмоқда. Йил якунигача 692 минг тонна дуккакли, 113 минг тонна мойли, 16 минг тонна техник ва 16 389 минг тонна озуқабоп экинлар етиштирилиши кутилмоқда.