ЎзА Ўзбек

07.07.2020 Чоп этиш версияси

Пандемия даврида субсидиялар кимларга берилмоқда?

Пандемия даврида субсидиялар кимларга берилмоқда?

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бошқарма бошлиғи Темур Маҳмудов карантин даврида аҳоли бандлигини ошириш ва меҳнат муносабатлари соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

“Коронавирус пандемиясининг меҳнат бозорига салбий таъсирини юмшатиш мақсадида ишсиз ва вақтинча ишини йўқотган ҳамда хорижга ишлаш учун кета олмаган фуқароларни ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиш, шахсий томорқасига ва қишлоқ хўжалиги кооперативларни ташкил этган ҳолда субсидия ажратиш орқали бандлиги таъминланмоқда. Жумладан, 26,6 минг эҳтиёжманд ва камбағал оила аъзоларига енгил типдаги иссиқхона қурилиши, экин экишга уруғлар ва кўчатлар харид қилиниши, суғориш воситаларини харид қилиш учун 40, 6 миллиард сўм субсидия маблағлари берилди.

Қишлоқ хўжалиги кооперативларини ташкил этиб, уларга ўртача 50 нафардан фуқарони бирлаштириб, лалми ерлардан ҳар бирига ўртача 20 сотихгача ер майдони ва Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан 2,2 миллион сўмдан субсидия ажратиш амалиёти жорий этилди.

Бугунги кунда 136 тумандаги 6 931,2 гектар захирадаги лалми майдонда 282 кооператив ташкил этилди ҳамда пудрат шартномаси асосида бириктирилди. 13,3 минг нафар аъзога 29,1 миллиард сўм субсидия берилди.

Тадбиркорлик қилишни хоҳловчи 2,2 минг нафар шахсларга – якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш, кичик корхоналар ва микрофирмаларни давлат рўйхатидан ўтказиш, тадбиркорликка ўқитиш ва кредит олишда суғурта полиси тўлови учун харажатларни қоплаш учун 458,2 миллион сўм субсидия ажратилди.

Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари йўлланмаси билан ишга қабул қилинган сал кам 160 иш берувчига 1,8 минг нафар ходимларини касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш харажатларни қоплаш учун 3,9 миллиард сўм субсидия маблағлари ажратилди”.

4 764
ЎзА