Пандемия даврида дафн маросимлари 10-15 киши билан ўтказилади
Бунга Ўзбекистон мусулмонлари идораси қандай муносабат билдирди?
Бунга Ўзбекистон мусулмонлари идораси қандай муносабат билдирди?
– Юртимизда коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида барча турдаги оммавий тадбирлар, шу жумладан, байрам тадбирлари, халқаро тадбирлар ва спорт мусобақалари, шунингдек, театр, кино ва концерт дастурлари ҳамда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилиши (дафн маросимлари 10-15 кишидан кўп бўлмаган ҳоллар бундан мустасно) тўхтатилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолар кенгаши коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш фатвосида ҳам жаноза намозлари вафот этганнинг яқин қариндошлари иштирокида хонадонларда ўқилсин, дея алоҳида таъкидланади. Дарҳақиқат, майитга жаноза ўқиш фарз бўлиб, вафот этган кишининг яқинлари иштирокида адо этилса кифоя.
Мўътабар манбаларда ҳам улуғларимиз вафот этган кишининг жаноза намозини тезлик билан адо этиб, дафн этишга шошилганлари баён қилинган. Таъкидлаш жоизки, жаноза, дафн, таъзия ва шунга боғлиқ маросимларни ихчам тарзда ўтказиш баробарида эпидемия ҳамда карантин талаблари билан боғлиқ талаблар, хусусан, гигиена қоидаларига жиддий амал қилиш лозим бўлади.
Аввало бундай дамларда Аллоҳ таолодан барчага сиҳат саломатлик сўраймиз. Парвардигорнинг тақдири ила бу фоний дунёдан боқий дунёга рихлат қилган инсонларнинг жаноза намози ва маъракаларини айни кунлардаги оғир касаллик пандемияси даврида ихчам шаклда ўтказиш шариатимизнинг талаби ҳисобланади.
Ҳаёт бор экан синов бор, қийинчиликлар бор. Бу ҳақиқатни шу кунларда янада чуқурроқ ҳис этмоқдамиз. Бугун коронавирус инфекцияси деган жиддий бир хавфга дуч келдик. Фурсатдан фойдаланиб, вазиятни тўғри тушуниб, кўрилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаётганликлари учун барча мўмин мусулмонларимизга яна бир бор ташаккурлар айтамиз.
Ҳомиджон Ишматбеков,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари.