ЎзА Ўзбек

13.06.2019 Чоп этиш версияси

Пальма ёғининг инсон саломатлигига таъсири қандай?

Пальма ёғининг инсон саломатлигига таъсири қандай?

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва “Буюк келажак” халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамкорликда аҳоли саломатлиги ва турмуш тарзини яхшилаш мақсадида “Пальма ёғининг инсон соғлиғига таъсири” мавзусида қўшма тадқиқотни амалга оширмоқда.

Тадқиқот ишлари жорий йилнинг май ойида бошланиб, бугунги кунда тегишли вазирлик ва идораларнинг ушбу масала юзасидан хулоса, таклиф ва статистик маълумотлари умумлаштирилмоқда.

Жумладан, Давлат статистика қўмитасининг пальма ёғининг охирги 10 йил ичида импорт қилиниши тўғрисидаги статистик маълумотлари, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг пальма ёғининг инсон организмига таъсири, ижобий ёки салбий хусусиятлари, шунингдек, бошқа қатор ташкилотларнинг бугунги кунда пальма ёғидан қайси турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилиши ҳақидаги маълумотлари тўпланди. Шунингдек, ушбу йўналишда ривожланган давлатлар тажрибаси ўрганилмоқда.

Таъкидланишича, Ўзбекистонга пальма ёғининг импорти 2000 йиллардан бошланган ва дастлабки етказиб берилиш миқдори 5 минг тоннани ташкил этган. Бугунги кунда тахминий ҳисоб-китобларга кўра, бу кўрсаткич 42 минг тоннагача ўсган.

Европанинг озиқ-овқат хавфсизлиги агентлиги ва Озиқ-овқат қўшимчалари бирлашган экспертлар кенгаши пальма ёғининг қандай зарарлари борлигига аниқлик киритди. Жумладан, гидрогенизация йўли билан олинган (водород атомларини қўшиш орқали суюқ ёғларни қаттиқ ёғларга айлантириш) пальма ёғлари энг арзони ҳисобланади, у мум ёки парафинни эслатади. Бу ёғ таркибида фойдали компонентлар йўқ, шунингдек, ёғ юқори ҳароратда қайта ишланганда унда кўп миқдорда зарарли моддалар ҳосил бўлади. 

Пальма ёғи 45фоизгача палметин кислотасидан таркиб топган. Ушбу моддадан кўп миқдорда фойдаланиш – атеросклероз ривожланишига, томирлар ёғ билан қопланишига олиб келади. Атеросклероз, ўз навбатида, юрак-қон томир касалликларининг ривожланишида муҳим омилдир. 

Ўтказилган ўрганиш ва тадқиқот натижалари кенг жамоатчилик учун тақдим этилади ҳамда ишлаб чиқилган таклифлар тегишли органларга киритилади. 

6 057
ЎзА