ЎзА Ўзбек

19.11.2019 Чоп этиш версияси

Пахта йиғим-теримида қўл меҳнати камаяди

Пахта йиғим-теримида қўл меҳнати камаяди

Тошкент вилоятида 2020 йилда етиштирилган пахтанинг 60-70 фоизи пахта териш машинасида териб олинади.

Вилоят пахтакорлари томонидан жорий мавсум сўнгги ўн йилларга нисбатан мўл-кўл ҳосил етиштирилиб, белгиланган 219 минг 600 тонналик режа ортиғи билан бажарилди. Ушбу жараёнда ялпи ҳосилнинг чорак қисми – 40 минг тонна пахта 49 та пахта териш машинаси орқали териб олинди.

Бу ҳақда Нурафшон шаҳрида “Қишлоқ хўжалиги – иқтисодий барқарорлик ва халқ фаровонлигининг асосий омили” мавзусида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.

20.JPG

13.JPG

Вилоят қишлоқ хўжалиги соҳасида ер ва сув муносабатларини тартибга солиш, ер майдонларидан самарали фойдаланиш, соҳага инновацион технологияларни жорий этиш, паст ҳосилли экин майдонларини қисқартириш ҳисобига экспортбоп экинлар экиш, шунингдек, соҳада мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этишнинг долзарб жиҳатлари муҳокамасига бағишланган анжуманда вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаси масъуллари, мутахассислар, илғор кластер ва фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди.

Вилоятда 374 минг 566 гектар қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ер майдони мавжуд бўлиб, унда 73 минг гектарда пахта, 117 минг 300 гектарда ғалла, 27 минг 600 гектардан ортиқ майдонда сабзавот, 3 минг гектардан ортиғида полиз, қарийб 110 минг гектарида бошқа экинлар парваришланади. Шунингдек, 30 минг 500 гектардан ортиқ боғ ва 13 минг 400 гектардан ортиқ узумзор мавжуд.

12.JPG

10.JPG

Мазкур ер майдонида кластер, фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан йилига ўртача 4 миллион тоннадан ортиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирилади. Жумладан, 219 минг тоннадан ортиқ пахта, 653 минг тоннадан ортиқ ғалла, қарийб 1 миллион 331 минг тонна сабзавот, 80 минг тоннадан ортиқ полиз, 253 минг тоннадан ортиқ мева, 103 минг тоннага яқин узум ҳамда 1 миллион 414 тоннадан ортиқ бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирилиб, ички ва ташқи бозорга йўналтирилмоқда. Шунингдек, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларида миришкор деҳқонларимиз томонидан етиштирилган қарийб 1 миллион тонна сабзавот ва полиз экинлари, картошка, мева ва узум элимиз дастурхони ва бозорларимиз тўкинлигини таъминламоқда.

Вилоятда томчилатиб суғоришни жорий этиш бўйича 2 миллиард 300 миллион сўм субцидия ажратилган бўлиб, жорий йил Қуйи Чирчиқ туманида 500 гектар, Ўрта Чирчиқ туманида 150 гектар пахтазорга томчилатиб суғориш тизими жорий этилди. Келгуси йил 1 минг 100 гектар майдонда мазкур тежамкор суғориш тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда.

7.JPG

Матбуот анжуманида журналист ва блогерлар томонидан соҳага оид, жумладан, ўтган мавсум қалампир ва картошка етиштириш, бу йил топширилган буғдой учун ҳақ тўлаш, кластер таркибига олинаётган фермер хўжаликларининг ҳақ-ҳуқуқлари борасида берилган саволларга мутасадди раҳбарлар томонидан атрофлича жавоб берилди.

Айрим эътирозли мурожаатлар, хусусан ўтган йили фермер хўжаликлари томонидан харид қилинган картошка уруғининг униб чиқмаслиги ёки ҳосилдорлиги пастлиги юзасидан вилоят ишчи гуруҳи тузилиб, ҳолат ўрганилиши ва ижроси жамоатчилик назоратига олиниши маълум қилинди.

841
Авазбек ХУДОЙҚУЛОВ, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА