Пахта йиғим-терими арбитраж гуруҳи назоратида бўлади
Бу ҳақида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашида ўтказилган видеоконференцияда алоҳида қайд этилди.
Пахта-тўқимачилик кластерлари ва кооперацияларига пахта хомашёсини териб олиш учун йиллик 16 фоиз ставкада кредит ажратиш мақсадида уч ой муддатда қайтариш шарти билан "Агробанк" депозитига 1,3 триллион сўмгача маблағлар жойлаштирилмоқда.
Жиззах, Қашқадарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида пахта йиғим- терим мавсумида жалб қилинадиган пахта териш машиналари томонидан терилган ҳар бир тонна пахта хомашёсини йиғиб-териб олиш хизмат баҳосининг 30 фоизини Молия вазирлиги қоплаб беради.
Бу ҳақида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашида ўтказилган видеоконференцияда алоҳида қайд этилди.
Вазирлар Маҳкамасининг "2020 йил пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида" ги қароридаги янгиликлар тушунтирилган онлайн мулоқотда терим билан боғлиқ бир қатор масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Хабарингиз бор, пахта териш машиналари билан териб олинган ҳар бир тонна пахта хомашёси учун 920 000 сўмдан кам бўлмаган хизмат ҳақи тўлаш кўзда тутилмоқда. Бироқ, пахта -тўқимачилик кластерлари ва кооперацияларига юқорида тавсия этилаётган нархлардан кам бўлмаган ҳолда мустақил нарх белгилаш ҳуқуқи ҳам берилган.
– Бу йилги пахта хомашёси йиғим-терими мавсумининг аввалги йиллардан фарқли бир қатор жиҳатлар мавжуд,- дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашида раиси Ахтам Ҳаитов.– Мисол учун, ўтган йили терим отряди раҳбарлари кластерлар ва фермер хўжалиги раҳбарлари ўртасида сарсон бўлган эди, аниқ белгиланган миқдор бўлмагани учун.
Бу йил уларга 2 миллион сўмдан кам бўлмаган миқдорда меҳнат ҳақи тўланади. Шунингдек, хориждан олиб келинадиган юқори унумли пахта териш техникалари, уларнинг бутловчи буюмлари ва эҳтиёт қисмлари, истисно тариқасида, 2021 йил 1 сентябргача божхона тўловларидан озод қилинади.
Ҳозирга қадар терим мавсумида пахта қабул қилиш заводларининг тарозибонлари турли баҳоналар билан пахта оғирлигидан 5-10 фоиз чегирма қилиб келган. Агарда ҳисоблаб кўриладиган бўлса, ҳисобга қўшилмаган бу миқдор йиғилиб-йиғилиб яхшигина миқдорни ҳосил қилиши ҳаммага аён.
Видеомулоқотда пахта хом ашёсини қабул қилиш жараёнларида шаффофлик эътиборда бўлиши алоҳида таъкидланди.
Бунинг учун жорий йилда биринчи марта кенгаш вакиллари ва бир қатор ташкилотлардан иборат арбитраж гуруҳи ташкил этилади.