ЎзА Ўзбек

06.08.2020 Чоп этиш версияси

Пахта хом ашёси ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича ХМК лойиҳаси муҳокама қилинди

Пахта хом ашёси ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича ХМК лойиҳаси муҳокама қилинди

Ўзбекистонда ижтимоий масъулиятли ва экология жиҳатидан барқарор пахта хом ашёсини ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича Халқаро молия корпорацияси (ХМК) лойиҳаси Маслаҳат кенгашининг учинчи йиғилиши видеоконференция шаклида бўлиб ўтди.

Тадбирда Жаҳон банки гуруҳи, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ), “Better Cotton Initiative” (BCI) ташкилоти, “Responsible Sourcing Network” (масъул етказиб берувчилар тармоғи), “Cotton Campaign” коалициясига кирувчи нодавлат ташкилотлар ва хорижий тўқимачилик компаниялари вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда Ўзбекистон томонидан Инвестициялар ва ташқи савдо, Қишлоқ хўжалиги, Сув хўжалиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси, тармоқ идоралари ва жойлардаги давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари, шунингдек, пахта-тўқимачилик кластерлари раҳбарлари қатнашди.

2017 йил ишга туширилган ХМКнинг Ўзбекистонда ижтимоий масъулиятли ва экологик барқарор пахта ишлаб чиқаришни ривожлантириш лойиҳаси BCI (Энг яхши пахта ташаббуси) пахта хом ашёси ишлаб чиқариш стандартларига мувофиқ, замонавий халқаро талабларга жавоб берадиган пахта етиштириш жараёни ва технологияларини жорий этишга йўналтирилган.

Халқаро нотижорат ташкилоти ҳисобланган «BCI»нинг мақсади - барқарор товар сифатида “Better Cotton”, яъни BCI барқарор ишлаб чиқариш стандартлари бўйича етиштирилган пахта ишлаб чиқарилишини ривожлантириш орқали бутун дунё бўйлаб пахта хом ашёси ишлаб чиқаришни ўзгартиришдир.

“H&M”, “Leviʼs”, “Adidas”, “Nike” сингари таниқли кийим-кечак брендлари ўз маҳсулотида фақат барқарор пахта хом ашёсидан, жумладан, BCI станард тизимига мувофиқ етиштирилган пахтадан фойдаланишни маъқул кўради. “IKEA” BCI методологияси асосида етиштирилган, жумладан органик ва қайта ишланган пахта хомашёсидан фойдаланишга тўлиқ ўтди.

Йиғилиш давомида пахтачилик соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш ҳамда барқарорлик ва халқаро бозорга масъулият билан маҳсулот етказиб бериш талабларига мувофиқ пахта етиштиришнинг замонавий усулларини жорий этиш бўйича Лойиҳа доирасида эришилган натижалар батафсил муҳокама қилинди.

“Cotton Campaign” коалицияси аъзолари 2019 йилги пахта хом ашё ҳосилини мустақил мониторинг қилиш натижалари ва масъул етказиб берувчи манбалар тўғрисидаги Битим лойиҳасини тақдим этдилар. Ушбу Битимнинг имзоланиши пахтани қайта ишлаш саноати соҳасида корпоратив бошқарувга оид илғор амалиётни жорий этиш, халқаро брендлар томонидан комплекс текширув ва масъулиятли харид соҳасидаги талабларни бажариш, шунингдек, RSA (RSA Eligibility Scorecard System) Мувофиқликни баҳолаш тизими бўйича ўзбек пахта-тўқимачилик кластерлари баҳоланадиган механизмни жорий этишга кўмаклашади.

Йиғилиш давомида, лойиҳа маслаҳатчиларидан бири, Буюк Британиянинг “Ergon Associates” компанияси раҳбарияти Ўзбекистонда ушбу тизимни ишга тушириш Режасини кўриб чиқиш учун тайёргарлик босқичи бўлган BCI (Scoping Study) стандартлари тизимини синчковлик билан ўрганиш бўйича олиб борилган ишлари тўғрисида маълумот тақдим этди.

Ўзбекистон томони мамлакатда пахтани қайта ишлаш саноати соҳасида шаффофликни таъминлаш, шунингдек, пахта ишлаб чиқариш жараёнини автоматлаштириш ва механизациялаш даражасини ошириш бўйича кўрилаётган чоралар самараси, айни йўналишларда халқаро ташкилотлар, жумладан, ХМК, Халқаро меҳнат ташкилоти ва “Cotton Campaign” коалицияси билан ҳамкорликни давом эттириш истиқболи тўғрисида маълумот берди.

Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати ХМКнинг мамлакат пахта соҳасидаги ислоҳотларни ривожлантиришдаги инструментал ролини юқори баҳолаши ва ушбу масалада самарали ҳамкорлик қилиш мўлжалланаётгани таъкидланди.

Йиғилиш якунида Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерларига дунёнинг йирик брендлари билан тўғридан-тўғри ҳамкорликни тез орада йўлга қўйиш имконини берадиган масъул етказиб берувчи манбалар тўғрисида Битим лойиҳасини биргаликда ишлаб чиқишни жадаллаштириш бўйича келишувга эришилди.

photo_2020-08-06_14-35-37.jpg

photo_2020-08-06_14-35-44.jpg

photo_2020-08-06_14-35-46.jpg

2 608
ЎзА