Гдлян ва Иванов ҳам Ўзбекистонда содир этган ўта оғир жиноятлари учун қилмишига яраша жазога лойиқ.
КЕЧАГИ КУНЛАРНИНГ ЎҚИЛМАГАН САҲИФАЛАРИ
Йўлдош Акбаров: “Мен комиссиянинг ҳар бир ҳамраиси ва ҳар бир комиссия аъзоси съезд томонидан берилган топшириқларни қанчалик виждонан бажаргани тўғрисида тушунтириш беришларини талаб қиламан. Уларнинг позициялари мени ажаблантирмоқда ёки улар ҳам нимадандир қўрқишяптими? Улар ҳеч нарсадан чўчимай дадиллик билан объектив ахборот бериши шарт, акс ҳолда, уларга нисбатан ишончсизлик билдириш ва комиссияни тарқатиб юбориш лозим. Мен Рой Медведевнинг позициясига тушунмаяпман. Ахир у ўзининг китобларида Берия ва Ежов томонидан содир этилган жиноятларни дадиллик билан очиб ташлаган эди-ку? Шундай экан, нима учун у ҳозир бундай қилишдан қўрқмоқда?”
Гдлян ва Иванов ҳам Ўзбекистонда содир этган ўта оғир жиноятлари учун қилмишига яраша жазога лойиқ. Улар бундай жазодан қочиш учун Москвада, Ленинградда, Тушино, Зеленоград ва ҳатто Ереванда ўтказилган митингларда, юқорида айтганимиздек, ёлғон-яшиқ, халқимиз шаънига оғир ботадиган гаплар билан сайловчиларни лақиллатиб СССР халқ депутатлари этиб сайланиб олдилар.
Бу пайтга келиб Ўзбекистонда гдлянчиларнинг қилмиши юзасидан норозиликлар, уларнинг жиноий қилмиши тўғрисидаги ариза ва шикоятлар ҳам тобора кўпайиб бораётган эди. Халқимизнинг илғор вакиллари Аҳмаджон Мухторов, Эркин Юсупов, Одил Ёқубов, Владимир Одилов, Йўлдош Акбаров ва бошқалар СССР Олий Совети депутати этиб сайландилар. Уларнинг номи ҳамиша чуқур ҳурмат ва эҳтиромга муносиб. Чунки улар СССРдай қудратли, қатағон қиличини ишга солишга ҳамиша шай бўлган мустабид тузум ҳукм суриб турганига қарамай, халқимиз юзига қора чаплаган гдлянчиларнинг жиноий хатти-ҳаракатларини фош қилиш, уларни жиноий жавобгарликка тортишни мақсад қилдилар. Фалсафа фанлар доктори, профессор, ЎзФА академиги Эркин Юсупов, Халқ ёзувчиси Одил Ёқубов, забардаст журналист, “Халқ сўзи” газетасининг биринчи бош муҳаррири Аҳмаджон Мухторов, Чкалов номидаги авиация заводи мутахассиси Владимир Одилов, оддий ишчи, оловқалб Йўлдош Акбаров съезд минбаридан туриб, СССР халқ депутатларининг эътиборини Гдлян ва Иванов тергов гуруҳининг ноқонуний ишларига қаратди.
Гдлян ва Иванов ишининг СССР Олий Советида муҳокамаси бошланганида Олий Советга тазйиқ ўтказиш учун улар минглаб одамларни тўплаб, митинглар ўтказишарди. Оқибатда Олий Совет Гдлян ва Ивановни кўпчилик овоз билан бир неча марта қамоққа олишга, жиноий жавобгарликка тортишга, лавозимидан бўшатишга розилик бермади. СССР Олий Советида Гдлян ва Ивановнинг ишларини ўрганиш бўйича тузилган комиссия ҳамраиси Рой Медведев комиссия иши бўйича саёз ва юзаки маъруза қилганида Йўлдош Акбаров ва Владимир Одилов сўзга чиқиб, Рой Медведевнинг маърузасини қаттиқ танқид остига олдилар.
Ўша пайтларда республика раҳбарияти томонидан депутатларимизга нутқлар матнини тайёрлаш борасида, хусусан, тегишли материаллар билан юридик ёрдам кўрсатиш учун бириктирилганим сабабли уларнинг фаолиятидан яқиндан хабардор эдим. Шу боис менда ҳозир депутатларимизнинг СССР Олий Советидаги нутқлари матнини ўқувчилар эътиборига ҳавола қилиш имконияти мавжуд:
Йўлдош АКБАРОВ:
– Халқимиз жуда сабр-тоқатли халқ. Балки бизнинг кучлилигимиз ҳам, ожизлигимиз мана шундадир. Лекин ҳар қандай сабрнинг ҳам охири бор.
Бизнинг жафокаш халқимизни Гдлян ва Иванов қаттиқ ҳақорат қилишди. Улар халқимизга “Ўғри” деган тамғани ёпиштиришди, аёлларимиз ва фарзандларимизни хўрлади, Ўзбекистонни тиконли симлар билан ўраб ташлаш керак, деб айтишди. Мен эса бу жиноятчиларнинг ўзларини тиконли симлар орқасига ташлашни талаб қиламан. Бундан бошқача йўл тутиш ушбу жиноятчиларга шерик бўлиш ва Ўзбекистоннинг йигирма миллионлик халқини янада қаттиқ ҳақорат қилишни англатади.
Мен комиссия иши ҳақидаги маълумотномадан қониқмадим. Унда асосий саволларга жавоб берилмаган. Бугун мен, Гдлян ибораси билан айтадиган бўлсам, шарқий фронт полигонига нима учун айнан Ўзбекистон танлаб олинган, “Ўзбеклар иши” деган ибора ким учун керак бўлиб қолган, бутун бир миллатни ҳақорат қилиш ҳуқуқини уларга ким берган, уларнинг орқасида кимлар турибди деган саволларга жавоб олмоқчиман.
Шунинг учун ҳам комиссия ахборотига нисбатан ўзимнинг жиддий норозилигимни айтиб ўтишга қарор қилдим. Чунки ахборот қўрқоқларча ёзилган ва, юмшоқ қилиб айтганда, ҳақиқий аҳволни акс эттирмайди. Бу ҳолатда комиссия аъзолари ўз обрўларини йўқотиб қўйиши ҳеч гап эмас, негаки, улар Гдлян, Иванов, Гайданов, Лаптев, Карташян содир этгани аниқ кўриниб турган ва тасдиқланган жиноятларни инкор қилиш билан ўзларининг виждонига қарши иш олиб бормоқда.
Комиссия жиноятчиларни ҳимоя қилиб ғайриахлоқий позицияда турибди, бу эса бизнинг республикамиз халқи учун оғир ҳақоратдир. Чунки уларнинг хатти-ҳаракатидан менсимаслик ва шовинизм ҳиди анқиб турибди. Мен комиссия томонидан тўпланган материалларни ошкор қилишни талаб қиламан. Нима учун Бош прокурор Гдлян ва Ивановнинг ўзбошимчаликларига муносабат билдирмай, оғзига талқон солгандек жим ўтирибди?
Мен комиссиянинг ҳар бир ҳамраиси ва ҳар бир комиссия аъзоси съезд томонидан берилган топшириқларни қанчалик виждонан бажаргани тўғрисида тушунтириш беришларини талаб қиламан. Уларнинг позициялари мени ажаблантирмоқда ёки улар ҳам нимадандир қўрқишяптими? Улар ҳеч нарсадан чўчимай дадиллик билан объектив ахборот бериши шарт, акс ҳолда, уларга нисбатан ишончсизлик билдириш ва комиссияни тарқатиб юбориш лозим. Мен Рой Медведевнинг позициясига тушунмаяпман. Ахир у ўзининг китобларида Берия ва Ежов томонидан содир этилган жиноятларни дадиллик билан очиб ташлаган эди-ку? Шундай экан, нима учун у ҳозир бундай қилишдан қўрқмоқда? Мен комиссияга Болтиқбўйи республикалари вакилларидан сайланган аъзоларнинг позициясига мутлақо тушунмаяпман. Улар ўз республикалари ҳақида гап кетганда ҳуқуқий давлат ва инсон ҳуқуқлари тўғрисида оғзиларини тўлдириб гапиришади, бизнинг республикамиз ҳақида гап кетганда, мум тишлаб олгандек жим ўтиришади.
Ниҳоят, мен сизларга мурожаат қилиб шуни айтаманки, комиссия айрим мансабпараст кимсаларнинг манфаатини ўйлаб, бизни алдамоқчи бўлмоқда. Юқорида мен тўхталиб ўтган масалалар муҳокама қилинишини талаб қиламан.
Яна шуни айтмоқчиманки, Гдлян ва Иванов устидан бўладиган суд қонунга биноан, улар оғир жиноят содир этган жойда – Ўзбекистонда бўлиши лозим деб ҳисоблайман...”
Владимир ОДИЛОВ:
– Ҳурматли депутат ўртоқлар!
Мен сўзга чиқмасликнинг асло иложи қолмагани ва оғзига талқон солган одамдек жим ўтиришга ҳақим йўқлиги учун ҳам минбарга чиқишга мажбур бўлмоқдаман. Жуда хунук ишларни қилишга қилиб қўйиб, ўзларини қўй оғзидан чўп олмагандек оппоқ қилиб кўрсатишга уринаётган Гдлян ва Ивановларнинг фаолияти юз минглаб ўзбекистонлик сайловчиларнинг ғазабини қўзғатмоқда. Бу янги пайдо бўлган “сиёсатдон”лар ўзларини қатъиятли қилиб кўрсатишга уринаётгани республикамизда содир этилган жиноятлардан чалғитиш ва жавобгарликдан қочишдан бошқа нарса эмас.
Бугун бу ерда айтадиган ҳар бир гапим учун қаерда бўлса ҳам жавоб беришга тайёрман.
Яқинда матбуотда тергов гуруҳи томонидан одамлардан олинган қимматликларнинг умумий миқдори 43 ёки 33 миллион сўмдан иборат бўлиши мумкин деган фактлар чоп этилди. Аниқ айтиш мумкинки, Гдлян тергов гуруҳи 22 миллион сўмни давлатга топширган. Лекин у ўз чиқишларида 140 миллион деб айтган эди. Шундан ёлғон гапириш Гдляннинг энг асосий иш усулларидан бири экан деб ишонч ҳосил қилдим. Шунинг учун менда, у одамлардан олинган қимматликларнинг қанчасини давлатга топширган, деган ҳақли савол туғилди?
Мана менинг қўлимда шу ишларга оид ҳужжатлар бор:
Гдлян Тўрткўл тумандаги Дмитров номли колхозда бир гуруҳ терговчилари билан В.Н.Тожиевнинг уйига бориб, қимматликларни олади. Бу ҳолат уларнинг баённомасида қуйидагича расмийлаштирилган: қора полиэтилен халтада учта қутича бор, биринчи қутичада заргарлик буюмлари, тилла танга-узуклар, сирғалар соатлар; ўралган дастрўмолчада заргарлик буюмлари, беш ва ўн сўмлик тилла тангалар; иккинчи қутичада заргарлик буюмлари ва тилла тангалар. Учинчи қутичада ҳам заргарлик буюмлари ва тилла тангалар. Олинган буюмлар ўралди ва СССР прокуратурасининг 268-сонли муҳри билан муҳрланди.
Баённома Гдлян ва бошқа шахслар томонидан имзоланган.
Баённомада олинган қимматликларнинг белгилари, миқдори, вазни ва ҳоказолар батафсил баён этилиши лозимлигини билиш учун ҳуқуқшунос бўлиш шарт эмас.
Тожиевдан 1987 йил эрта тонгда олинган ва баённомада кўрсатилган қимматликлар қанақа ва қандай суммада эканини ким айта олади?
Бу тасодиф эмас, аксинча, у Гдлян томонидан ишлаб чиқилган ифлос тизим бўлиб, буни уларнинг қарийб барча ишларида кўриш мумкин.
Қимматликларга қонунга хилоф равишда жўртага аниқлик киритилмаган. Шу йўл билан Гдлян қимматликларнинг маълум қисмини ўзлаштириб олиш учун имконият яратган.
Бунинг натижасида Гдлянда қимматликлар ва пуллардан, одатда, оддий омбор мудирларида бўладиган камомадлар сингари йирик миқдордаги камомад бор. Бироқ оддий омбор мудиридан фарқли равишда Гдлян депутатлик мандатидан фойдаланиб жазосиз қолмоқда. Мен СССР Бош прокурорига мурожаат қилиб, ундан қонун олдида ҳамма тенг эмасми, деб сўрамоқчиман.
Бир қатор газеталар, масалан, 1989 йил 21 октябрда “Советской молодёжи”(Латвия) газетасида Гдляннинг каттагина интерьвюси чоп этилиб, унда Гдлян шундай дейди:” Ҳуқуқий давлатни биринчи ғиштидан бошлаб биз қурамиз, биринчи ғишт деганимиз, бу сўз эркинлиги, ҳар бир кишининг иқтисодий, сиёсий, маданий, миллий ривожланишини таъминлашдан иборат деганидир.”
Мен шуни баралла айтаманки, бу сўзларнинг барчаси ишонувчан гўл одамларга мўлжалланган даҳшатли иккиюзламачиликдан бошқа нарса эмас.
Энди Гдляннинг ишларидан аниқ бир мисол келтирсам. СССР Бош прокурорининг ёрдамчиси А.М.Овчарова 1985 йиллардаёқ Бухоро ишлари деб номланган иш бўйича айблов хулосаси судда эълон қилинганидан кейин шундай деб ёзган эди: “...судда 30 дан зиёд гувоҳ гдлянчилар томонидан калтакланганларини, хотинларинг, қизларинг ва сингилларингнинг номусига тегамиз деб таҳдид қилиб, инсоний ва миллий шаънимизни таҳқирлашди, деб гапириб беришди.
Мен ўзим Бухоро ишлари билан боғлиқ бўлмаган бошқа ишлар билан танишганимда ҳам улар барча ишлар бўйича ўзбошимчалик билан иш юритганлигига ишонч ҳосил қилдим...
...Гдлян ва Иванов содир этган жиноятлари учун депутатлик ваколатидан маҳрум қилинишини ва қонунда кўзда тутилган тартибда жиноий жавобгарликка тортилишини таклиф қиламан...”
Ўзбекистонлик бошқа депутатлар ҳам Гдлян ва Ивановлар содир этган жиноятларни факт ва далиллар билан очиб ташлашди ва уларни жиноий жавобгарликка тортишни талаб қилишди. Аммо гдлянчиларнинг митинглардаги ёлғон сўзларига лаққа тушган айрим депутатларнинг қаршилиги туфайли бу талаблар инобатга олинмади. Кейинчалик эса раислик қилувчи Лукьянов бизнинг депутатларга мутлақо сўз бермай қўйди.
1990 йил апрель ойининг ўрталари эди. Й.Акбаров ва В.Одилов Олий Совет мажлисидан жиғибийрон бўлиб меҳмонхонага келишди.
– Биз сўзга чиқиш учун биринчилардан бўлиб рўйхатга ёзилган эдик. Лекин Лукьянов яна сўз бермади. Кеча Манеж майдонида Гдлян ва Иванов Ўзбекистондан олиб кетган пуллар ҳисобига ташкил этилган ва уларни ҳимоя қилиш учун ўтказилган митингда СССР халқ депутатлари ҳам қатнашган экан. Кўпроқ ўшаларга сўз берилди ва улар Гдлян ва Ивановни ҳимоя қилишди. Агар биз минбарга чиқсак, Гдлян ва Ивановнинг пўстагини қоқишимизни жуда яхши билгани учун сўз бермади, – дейишди улар хуноб бўлиб. Сўнг:
– Қандай қилсак, Гдлян ва Ивановлар ишида бурилиш ясаш мумкин, бизга шу масалада юридик маслаҳат беринг, – деб мурожаат қилишди.
Алламаҳалгача шу ҳақда бош қотирдим ва тўсатдан хаёлимга СССР Олий Советига Ўзбекистон ССРдан сайланган депутатларнинг қатъий талаби қўйилган мурожаатнома тайёрлаш ва у СССР Олий Совети мажлисида ўқиб эшиттирилиши лозим деган фикр келди ва мурожаатнома матнини қоғозга туширдим. Сўнг Йўлдош акани ярим кечада уйғотиб, унга тайёрланган матнни ўқиб бердим.
Эртасига эрталаб бошқа депутатларимиз ҳам Мурожаатнома матнини маъқуллашди ва унга ўз имзоларини қўйишди. СССР Олий Совети мажлисида ўқиб бериш Йўлдош Акбаров зиммасига юкланди.
Мана ўша мурожаатноманинг ўзбек тилидаги матни:
“СССР Олий Советига Ўзбекистон ССРдан сайланган депутатлар Мурожаатномаси
Гдлянни ҳимоя қилиб кеча Манеж майдонида ўтказилган митингнинг кучли таъсирига берилган СССР Олий Советининг кўпчилик аъзолари сўзга чиқишиб, тергов гуруҳи томонидан қонунийлик қўпол равишда бузилишига йўл қўйилганлиги тўғрисидаги мавжуд далилларни чуқур ва мазмунан таҳлил қилишдан сессияни чалғитишди.
Биз, Ўзбекистон ССРдан сайланган депутатлар бу ишларнинг тагида хунук сиёсий ўйинлар ётганини кўриб турибмиз, шундан келиб чиқиб қуйидагиларни таклиф қиламиз:
Агар Олий Совет депутатлари прокуратура тақдим қилган далилларни етарли эмас, деб ҳисоблаётган бўлса, у ҳолда СССР халқ депутатлари мақоми тўғрисидаги қонундан келиб чиқиб СССР прокуратурасига уч кунлик муддат ичида ўзларида мавжуд барча материалларни тақдим қилиш топширилсин. Прокуратуранинг тақдимномаси овозга қўйилсин. Тергов билан бевосита шуғулланган ходимлар, ҳеч бўлмаганда тергов гуруҳи раҳбарларининг ҳисоботи тинглансин. Акс ҳолда, муҳокама бозорга айланиб кетмоқда.
Баъзи бир депутатлар кўзи кўр одам ҳам кўрадиган нарсани кўрмасликка олмоқда. Бу эса ишга юзаки ёндашиш бўлиб, ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин, чунки кўпчилик депутатлар масала моҳиятига чуқур кириб боришга ҳаракат қилаётганига бизда ишонч йўқ.
Агар илтимосимиз қаноатлантирилмайдиган бўлса, биз тегишли чоралар кўриш ҳуқуқини ўзимизда қолдирамиз.
СССР Олий Совети депутатлари:
Й.Т.Акбаров, В.Т.Одилов, Э.Ю.Юсупов, О.Ёқубов, А.Мухтаров, М.М.Мирқосимов, Н.Давронов, Т.Б.Қирғизбоева, Т.Жўраева, Ф.Сафершаев“
Йўлдош Акбаров сессия мажлисида сўз берилмаган бўлса-да, ушбу мурожаатномани жойидан туриб баланд овозда ўқий бошлаганда кутилмаганда залга жимлик чўкди. Бу жимлик Мурожаатнома ўқиб бўлинганидан сўнг ҳам бир неча дақиқа давом этди. Сўнг Мурожаатнома бўйича сўзга чиқадиганлар кўпайиб кетганини кўрган Раислик қилувчи танаффус эълон қилди. Танаффусдан сўнг Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон ва яна бир неча республика вакиллари сўзга чиқиб, Мурожаатномада қўйилган масалани қўллаб-қувватлади.
Шундан сўнггина СССР Олий Совети Гдлян ва Ивановни лавозимидан бўшатишга рухсат берди, аммо уларни жиноий жавобгарликка тортиш ва қамоққа олиш ҳақидаги талабларни рад этди.
Шунинг ўзи ҳам катта ғалаба эди.
Сайтимизни кузатиб боринг, давоми бор...
Шоҳрух АКБАРОВ суҳбатлашди
Агар сизда ушбу мақола юзасидан фикр-мулоҳазалар бўлса, қуйидаги манзилга юборишингиз мумкин.
Телеграм: @UzA_pochta
E-mail: pochta@uza.uz, uzauz@yandex.ru
Телефон: 71) 233-42-84, (71) 233-21-37.