Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

22.08.2017 16:17 Чоп этиш версияси

Падаркуш

Оилада ўғил фарзанд дунёга келса, уни оила шажарасининг давомчиси сифатида ардоқлашади. У комил инсон бўлиб улғайса, нафақат ота-онасининг, балки юртнинг корига ярайди. Керак бўлса, ўғлонлар оила, Ватан каби муқаддас тушунчалар учун кўксини қалқон қилади.

Шу боисдан ўғиллар тарбияси алоҳида ёндашувни талаб этади. Болаликдан уларга ҳалоллик, ватанпарварлик, мардлик каби олижаноб фазилатлар сингдирилса, фидойи ўғлон камолга етади. Тарбияда бирор хато, бўшлиққа йўл қўйилса-чи?

...Мункиллаб қолган бобо дарвозанинг қаттиқ тақиллашидан чўчиб уйғонди. Юраги нохушлик аломатини сезиб увишган бўлса-да, очмай иложи йўқ эди. Ахир, эшик ортидаги маст-аласт – ўз боласи...

Спиртли ичимлик таъсирида ҳушини бутунлай йўқотган, сал кутиб қолганидан ғазабланиб, кўзи қонга тўлган ўғил отасини зарб билан итариб юборди. У бу билан кифояланмай ошхонага кириб стол устида турган пичоқни қўлига олди... Кўкрагига қайта-қайта урилган тиғ зарбидан ота кўзини юмди. Ҳовлидаги шовқин-сурондан уйғонган оиланинг бошқа аъзолари қонга беланган отани дарҳол шифохонага олиб боришга чоғланди. Лекин отаизор йўлда жон берди.

Падаркуш ўғил ўзига келганида нима қилиб қўйганини англаб, дарду дунёси қоронғу бўлди. Уни дунёга келтириб катта қилган, нима деса кўнглига қараган отасининг қадрига етмагани, унга тиргак бўлиш ўрнига доим ўз инжиқликлари билан панд берганидан пушаймон эди. Лекин энди кеч...

Фуқаро О.нинг бу қилмиши учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисмининг “в,ж” бандлари бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Мазкур жиноят иши 2017 йил 22 август куни Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти судида кўриб чиқилди.

– Мазкур жиноят иши очиқ суд мажлисида муҳокама қилинди, – дейди Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти суди раиси Икром Муслимов. – Қилмишни содир этган фуқаронинг айби жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатувларидан ташқари, жиноят ишида мавжуд бўлган экспертиза хулосалари, ҳодиса жойини кўздан кечириш, олинган нарсалар тўғрисидаги баённомалар ва бошқа далиллар билан ўз исботини топди. Суднинг ҳукми билан О. узоқ йилга озодликдан маҳрум этилди. Шу билан бирга унга жазони ўташ жойларида алкоголизмдан даволаниш тарзидаги тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланиладиган бўлди.

Суднинг қора курсисида ўтирган бу йигит аслида ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланмасдан, спиртли ичимлик истеъмол қилишга ружу қўйиб, доимий равишда отасидан пул талаб қилиб, у билан жанжаллашиб келган. У муқаддам икки маротаба, ўғрилик ва талончилик жиноятлари учун судланиб, озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаб чиққан. Шундай бўлса-да, ахлоқан тузалиш йўлига ўтмаган.

Бу воқеалардан у истиқомат қилаётган маҳалла-кўйнинг хабари бўлганмикин, деган ҳақли савол туғилади. Ёки Бухоро шаҳрининг Нуробод кўчаси маҳалла институти, профилактика хизмати каби тузилмалар эътиборидан ташқаридами?

Оилаларда тинчликни, хотиржамликни таъминлашга масъул бўлган мутасаддилар бу оилага вақтида кирганида, ичкиликка ружу қўйган одамни даволатиш чоралари кўрилганда, юқоридаги нохуш воқеа содир бўлмаслиги мумкин эди.

Шу сабабли суд бундай ҳодисанинг келгусида бошқа оилаларда такрорланмаслигининг олдини олиш, бу борада профилактика ишларини кучайтириш, маҳалла фуқаролар йиғини раислари ва профилактика инспекторларининг эътиборини мазкур масалага қаратишни лозим, деб топди. Уларнинг ўз вазифаларини лозим даражада бажаришларини таъминлаш мақсадида Бухоро шаҳар ҳокими ва Бухоро шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғига хусусий ажримлар чиқарилди.

Норгул Абдураимова, ЎзА
2 366






Все о погоде - Pogoda.uz