ЎзА Ўзбек

16.09.2020 Чоп этиш версияси

“Озон – ҳаёт учун!” танлови ғолиблари тақдирланди

“Озон – ҳаёт учун!” танлови ғолиблари тақдирланди
16 сентябрь – Халқаро озон қатламини муҳофаза қилиш куни

16 сентябрь – Халқаро озон қатламини муҳофаза қилиш куни муносабати билан “Озон – ҳаёт учун!” мавзусида ўтказилган ижодий ишлар онлайн танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, БМТ Тараққиёт дастури ва Глобал экологик жамғармасининг қўшма лойиҳаси доирасида ўтказилган онлайн танловда иштирокчилар “Энг яхши видеоролик”, “Энг яхши мақола” ва “Энг яхши шеър” номинациялари бўйича имкониятини синаб кўрди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ўзбекистон Ихтирочи аёллар маркази ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу танловдан кўзланган мақсад аҳоли, айниқса, ёшларнинг ушбу мавзуга оид билим ва хабардорлигини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Шавкат Абдураззоқов, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Гулнора Маруфова, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска ва бошқалар мамлакатимизда озон қатламини муҳофаза қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар табиат ва инсон саломатлигини асрашга хизмат қилишини таъкидлади.

Бугунги кунда Монреаль протоколининг самарали амалга оширилиши натижасида совуткич, кондиционер ва истеъмол буюмлари таркибида мавжуд бўлган озон қатламига салбий таъсир қилувчи кимёвий моддалардан босқичма-босқич дунё бўйича 99 фоизидан, Ўзбекистонда 99,5 фоизидан воз кечилган. 

Мамалакатимизда озон бузувчи моддаларнинг импортига квоталар белгиланган. Бундан мақсад, 2030 йилга келиб озон бузувчи моддалар импортига мутлақо тақиқ қўйиш ва шу орқали озон қатламини муҳофаза қилиш йўлидаги глобал ҳаракатларга ҳисса қўшишдан иборат.

Бу борадаги ишлар кўламини кенгайтиришда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 9 январдаги “Озонни бузувчи моддалар ва таркибида улар бўлган маҳсулотларнинг Ўзбекистон Республикасига импортини тартибга солишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

– Мазкур қарор ижроси доирасида Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда озонни бузувчи моддалар ва таркибида улар бўлган маҳсулотларнинг импорти ва экспорти юзасидан қатъий назорат ўрнатилган, – деди Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Ш.Абдураззоқов. – «Ўзбекистонда глобал исиш салоҳияти паст ва озонни емириш қобилияти бўлмаган энергия самарадор технологияларни жорий этиш орқали гидрохлорфторуглеродни бутунлай истеъмолдан чиқариш» қўшма лойиҳасининг амалга оширилиши ҳам бунга ёрқин мисол.

Танлов натижаларига кўра, биринчи ўрин шоира Зулфия Мўминова, Андижон шаҳридаги 55-умумтаълим мактаби ўқувчиси Санобархон Акрамова ва эркин ижодкор Рустам Жабборовга насиб этди.

1 655
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА