ЎзА Ўзбек

26.07.2018 18:17 Чоп этиш версияси

Озодликка чиққан фуқароларга ёрдам кўрсатган ҳамюртимиз Ҳаж сафарига навбатсиз отланди

Озодликка чиққан фуқароларга ёрдам кўрсатган ҳамюртимиз Ҳаж сафарига навбатсиз отланди
Ҳаж зиёрати ҳар бир мусулмоннинг орзуси. Лекин Ўзбекистонга ажратилган Ҳаж квоталари оширилганига қарамай, муқаддас зиёрат орзусида бўлган минглаб фуқаролар навбат кутиб қолишмоқда. Бугун навбатсиз Ҳажга отланаётган фуқаролар буни қандай уддалашмоқда?

2017-2018 йилларда диний экстремистик гуруҳларга алоқадор бўлган (159-модда) ва назорат рўйхатига олинган 2273 нафар шахс тўлиқ реабилитация қилиниб, махсус рўйхатдан чиқарилган. Шу жумладан, 17-20 йил мобайнида озодликдан маҳрум бўлган 181 нафар фуқаро ўз оиласи бағрига қайтган. Бу фуқароларни ижтимоий ҳаётга мослашиши ва иш билан таъминланишида муаммо бўлиши табиий. 

Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ишга жойлашишда ёки янги тадбиркорлик фаолиятини бошлашда уларга молиявий ёрдам кўрсатган шахсларга Ҳажга навбатсиз боришда ёрдам кўрсатилиши белгиланган эди. Ана шундай юртдошларимиздан бири қамоқ жазосини ўтаб қайтган икки нафар фуқарога молиявий ёрдам кўрсатди. 

Юнусобод тумани, “Юнусобод” маҳалласида истиқомат қилувчи Нозимбек Ҳакимовга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун дастлаб 15 млн. сўм миқдорида маблағ зарур эди. Шунингдек, Учтепа тумани, “Хуршид” маҳалласида истиқомат қилувчи Ҳикмат Аҳмедов сартарошлик касбини давом эттириш мақсадида зарур асбоб-ускуналарни харид қилиш учун 3 млн. сўм маблағда ёрдам беришни сўраган. Мазкур вазиятдан хабар топган бир ҳамюртимиз (исмини сир тутишни маъқул кўрди) ўз хоҳиши ва ташаббуси билан уларга ёрдам кўрсатди. 

“Ҳамюртларимиз орасида савобли ишларга бош қўшадиган инсонлар кўп. Вақтида турли сабаблар билан адашиб ёт оқимларга қўшилиб қолган фуқаролар бугун афв этилиб ёки жазо муддатларини ўтаб ижтимоий ҳаётга қайтмоқда. Улар ижтимоий ҳаётимиздан чеккада қолиб кетишлари керак эмас. Уларга ҳаётда ўз йўлларини топишда, ишга жойлашишда ёрдам кўрсатиш аслида барчамизнинг вазифамиздир”, дейди Тошкент шаҳар ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Шуҳрат Турдиқулов. 

Ўзгаларнинг тақдирига бефарқ бўлмаган бу каби фуқароларимиз ибратга лойиқ. 

Анора Содиқова, ЎзА
7 538