ЎзА Ўзбек

04.02.2020 Чоп этиш версияси

«Маданият вазирлигида 600 минг сўм маошга ишлайдиган ходимлар бор​» — Озодбек Назарбеков яна коррупция ҳақида гапирди

«Маданият вазирлигида 600 минг сўм маошга ишлайдиган ходимлар бор​» — Озодбек Назарбеков яна коррупция ҳақида гапирди

Маданият вазири Озодбек Назарбеков фаолиятини журналистлар билан учрашув ташкил этишдан бошлади.

Бугун, Маданият вазирлигида “Ҳамкорлик вакцинаси” номида журналистлар ва вазирлик вакиллари билан учрашув ўтказилди. 

Учрашувда маданият вазири Озодбек Назарбеков маданият соҳасидаги муаммоларни кўтариш ва ҳал этишда журналистлар ва блогерларни ҳамкорликка чақирди.

Вазир соҳани ривожлантиришда журналистлар ва блогерлардан таклиф беришларини сўради.

"Маданият вазирлигини кўпинча одамлар артист ва хонандалар фаолиятини мувофиқлаштирувчи вазирлик", деб тушунади. Аслида Маданият вазирлиги вазифаси катта қамровга эга. Бугун айнан маданият соҳаси ислоҳотга муҳтож. Маданият вазирлигида 600 минг сўм маошга ишлайдиган ходимлар бор. Бу коррупцияга олиб келмайди, деб ким айта олади? 

Бугун, маданият соҳасидаги муаммолар бодроқдек юзага чиқиши учун бизга журналистлар ёрдам бериши керак. 

Бошқа соҳалардан кўра, маданият соҳаси нисбатан кўпроқ ислоҳга муҳтож. Маданияти юқори бўлган киши қонунга итоаткор бўлади. Жамиятни “гастарбайтер” бўлиш кайфиятидан чиқариш учун ҳам маданият керак. Бугун афсуски қишлоқлардаги оналарнинг орзуси фарзанди тезроқ паспорт олиб, Россияга ишга кетказиш бўлиб қолган. Бу ҳам иқтисодий муаммо билан бирга, маданий масала ҳамдир. Шундай экан, маданият соҳасини ислоҳ қилишда журналистлар биз билан бирга бўлишини сўраган бўлар эдим”, деди Озодбек Назарбеков

Маданият вазирлигида учрашув давом этмоқда.

11 444
Анора СОДИҚОВА, ЎзА