Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.03.2017 19:46 Чоп этиш версияси

Озодалик ва барака – эгизак

Хиёбонтепалик 77 ёшли Адҳам Умархўжаевнинг ажойиб одати бор. Ҳут шамоли эса бошлаши билан ота ёнига маҳалла фаолларидан бир-икки нафарини олиб, ҳудуднинг табиий ҳолатини, дов-дарахтларни кўздан кечиради. Қайси дарахтга қандай ишлов бериш, қуриган шох-шаббаларни буташ, янги ниҳоллар экиш бўйича ёшларга йўл-йўриқ кўрсатади.

Ота одатини бу йил ҳам канда қилмади. Куни кеча маҳаллада ўтган ҳашарга бош-қош бўлди. Ҳашарчилар саъй-ҳаракати билан ҳовли-жойлар, кўп қаватли уйлар, маҳалла гузари атрофи тозаланиб, чиқиндилар ташиб кетилди. Мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди. Кўчалар, аҳоли яшаш ҳудудларидаги бўш ерлар гул экишга тайёрланди.

Хиёбонтепа пойтахтимизнинг Юнусобод туманида, Бўзсув канали ва Шаҳидлар хотираси хиёбонига туташ ҳудудда жойлашган маҳалла. Тўрт мингга яқин аҳоли истиқомат қиладиган маҳалла аҳли ҳудуднинг ноёб табиий имкониятини ўзгача қадрлайди.

– Ҳудудларнинг тозалиги, озодалигини таъминлаш, яшил майдонларни кенгайтириш саломатлик омилидир, – дейди Адҳам Умархўжаев. – Шу мақсадда тез-тез оммавий ҳашар уюштирилади. Дов-дарахтларни асраш, кўпайтириш, ҳовли-жойлар, кўп қаватли уйлар атрофидаги бўш ерлардан унумли фойдаланиб, экологик муҳитни яхшилашга ўз ҳиссамизни қўшамиз. Ҳовлиларда манзарали дарахтлар билан бир қаторда олма, анор, гилос, ёнғоқ каби мевали дарахтлар парваришланади. Ҳар баҳорда янги ниҳоллар экиш, фарзандларни ҳам бу анъаналарнинг давомчиси этиб тарбиялашга эътибор қаратамиз.

Қишнинг изғиринли кунлари чекиниб, кўклам шамоли эса бошлаган шу кунларда юртимизнинг барча ҳудудлари, маҳаллалар, қишлоқларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари қизғин тус олган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 мартдаги фармойиши асосида бундай ишлар кенгаяётир. Мазкур фармойиш асосида март-апрель ойлари юртимизда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ойлиги, деб эълон қилинди.

11-12 март кунлари мамлакатимиз бўйлаб умумхалқ ҳашари ўтказиш режалаштирилган. Ҳашарга тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди.

Бу ишлар ҳудудларнинг санитария ҳолатини яхшилаш, яшил ҳудудларни кенгайтириш, Наврўз байрамини азалий қадриятларга мос тарзда нишонлаш, халқимизнинг асрлар оша боқий яшаб келаётган миллий анъаналари бардавомлигини таъминлашда муҳим омил бўлаётир.

– Маҳалламиз ҳудудига юз тупдан кўпроқ дарахт ва гул кўчатлари экишни режалаштирганмиз, – дейди «Хиёбонтепа» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Зафар Имомов. – Гул ва райҳонларнинг бир неча турларини экамиз. Каштан, қарағай, арча каби манзарали дарахтлар ҳудуд кўркига кўрк қўшиши баробарида, тоза ҳаво манбаидир. Мевали дарахтлар тўкинликни таъминлайди. Ўтган йилларда экилган шундай ниҳоллар ҳосилидан бугун баҳраманд бўлмоқдамиз.

Маҳалла гузарида мўъжазгина боғ барпо этилган. Ўттиз сотихга яқин майдонда яшнаб турган арчалар кўзни қувнатади. Мевали дарахтлар ҳадемай гуллаб, теварак-атрофга ажиб бўй таратади. Бу ерда ҳам ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари давом этмоқда.

Баҳор Хидирова, ЎзА
4 344






Все о погоде - Pogoda.uz