ЎзА Ўзбек

07.12.2019 Чоп этиш версияси

Озод ва эркин ҳаётимизнинг мустаҳкам пойдевори​

Озод ва эркин ҳаётимизнинг мустаҳкам пойдевори​

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллиги муносабати билан 7 декабрь куни “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида тантанали маросим бўлиб ўтди. Унда давлат ва жамоат арбоблари, ишлаб чиқариш, илм-фан, маданият, санъат ва спорт намояндалари, кенг жамоатчилик, юртимизда фаолият кўрсатаётган дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Президент Шавкат Мирзиёев халқимизни ушбу қутлуғ айём билан муборакбод этиб, Асосий Қонунимизда белгиланган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари, мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат, эркин фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидаги устувор йўналишлар ҳақида маъруза қилди.

1.JPG

Ўзбекистон янги тараққиёт йўлидан олға илдамламоқда. Барча соҳада жадал суръатда олиб борилаётган ислоҳотлар, аввало, халқимиз фаровонлигини юксалтиришни мақсад қилган. Ўзига хос йил сарҳисобига айланган Конституция байрамида якунланаётган йилда бажарилган ишлар кўз олдимиздан ўтади, нималарга эриша олдигу, қайси вазифаларни уддалашда сусткашликка йўл қўйилди, деган савол кўндаланг бўлади.

Давлатимиз раҳбари ўз маърузасида шу масалага эътибор қаратди. Мамлакатимизда қонунийликни таъминлаш, давлат ва жамият бошқарувида, кундалик ҳаётимизда очиқлик ва ошкоралик тамойилларини қарор топтириш, халқимизни рози қилиш борасидаги вазифаларга тўхталди.

3.JPG

Асосий Қонунимизда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият сифатида белгиланган. Мамлакатимизда бундан уч йил олдин халқ билан мулоқотнинг мутлақо янги шакли – Халқ қабулхоналари ташкил этилгани фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим омил бўлаётганини таъкидлаш жоиз. Бугун барча даражадаги давлат идораларида мурожаатлар билан ишлаш, одамларни тинглаш, муаммоларини ҳал этиш биринчи даражали масалага айланди. Одамларда адолатга, қонун устуворлигига ишонч ортди. Энг муҳими, юртдошларимизда ён-атрофидаги муаммоларга, ижтимоий жараёнларга нисбатан дахлдорлик туйғуси кучайди.

Лекин шу билан бирга қонунларнинг мукаммал ишлаши, шахс, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатлар тўла рўёбга чиқиши, соддароқ айтганда, ислоҳотлар ҳаётимизда ўз ифодасини топиши учун фуқароларда ҳуқуқий онг ва маданият шаклланган бўлиши зарур. Фуқароларда, барча бўғиндаги раҳбарларда Конституция ва қонунларга итоат туйғуси қарор топсагина жамиятимиз ўзгаради, ҳаётимиз янада фаровон бўлади.

4.JPG

Президентимиз ўз маърузасида қонун устуворлигини таъминлаш демократик ҳуқуқий давлатнинг бош мезони ҳисобланиши, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ишлаб чиқаётган ҳужжатлар, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари фақат ва фақат Конституция ҳамда қонунларга мувофиқ бўлиши шартлигини алоҳида таъкидлади. Конституция ва қонун устуворлигига эришишда жамоатчилик назоратидан самарали восита йўқ экани, қонунийликни қарор топтириш, қонун бузилишига қарши курашиш борасида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари “уйғонгани” қайд этилди. 

Жамиятда ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтириш борасидаги ишларни узлуксиз давом эттириш, бу борадаги кўникмаларни фарзандлар тарбиясига болаликдан сингдириш кераклигига эътибор қаратилди.

6.JPG

Бош қомусимизда белгиланган инсонпарвар тамойиллар тўла амалга оширилмоқда. Сўнгги йилларда Президентимизнинг жиноят содир этганларни афв этиш бўйича 8 та фармони қабул қилиниб, 4 мингдан зиёд шахс жазони ўташ жойларидан озод қилинди.

Конституция байрами арафасида давлатимиз раҳбари яна бир шундай фармонга имзо чекди. Унга биноан, жиноий қилмишига чин дилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган 92 нафар маҳкум афв этилди. Жорий йилда Жаслиқ қўрғонидаги жазони ижро этиш колонияси ёпилгани ҳам инсонпарвар сиёсатнинг амалий намунаси бўлди.

Ўтган уч йилда 9 минг 692 нафар, жумладан, бу йил 5 минг 868 нафар шахс Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинди.

Давлатимиз раҳбари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни фақат ва фақат халқ манфаати йўлида оғишмай хизмат қиладиган идораларга айлантириш зарурлигини таъкидлади.

7.JPG

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради. Байрам тантанасига йиғилганлар қўлларини кўксига қўйиб, Мустақиллигимиз қўшиғига жўр бўлди.

Бугунги шиддатли даврда олдимизга қўйган юксак марраларга эришишда, халқимиз учун ҳеч кимдан кам бўлмаган ҳаёт барпо этиш, иқтисодиётимизни жадал ривожлантириш, энг муҳими, мамлакатимизнинг ривожланган демократик давлатлар қаторидан жой олишида мустақил тараққиётимиз, озод ва эркин ҳаётимизнинг мустаҳкам пойдевори бўлган Конституциямиз беқиёс куч-қудрат манбаи бўлиб хизмат қилаверади.

Тантанали маросимда юртимиз санъат усталари ва ёш ижрочилар иштирокида концерт дастури намойиш этилди.

1 852
Аъло АБДУЛЛАЕВ, Оқил ҒУЛОМОВ (сурат), ЎзА