Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

26.09.2017 18:00 Чоп этиш версияси

Қозоғистон парламенти делегациясининг учрашувлари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатасида 26 сентябрь куни Қозоғистон Республикаси парламенти Сенати Раиси Касим-Жомарт Токаев бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашувлар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Йўлдошев билан учрашувда ўзаро ишонч, манфаатдорлик ва очиқ мулоқотга асосланган Ўзбекистон – Қозоғистон муносабатлари икки давлат раҳбарларининг мунтазамлик касб этган учрашувлари натижасида сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани таъкидланди.

Парламент делегациясининг ушбу ташрифи Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил март ойида Қозоғистонга давлат ташрифи чоғида икки мамлакат парламентлари юқори палаталари томонидан имзоланган меморандум доирасида амалга оширилмоқда. Ташриф дастуридан ўрин олган музокара ва учрашувлар Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш, икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга хизмат қилади.

Учрашувда томонлар парламентлараро алоқалар, шунингдек, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашдилар.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов билан суҳбатда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида барча тармоқларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани қайд этилди.

Икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги алоқалар фаол ривожланмоқда. Жумладан, парламентлар вакилларининг делегация алмашувлари қонун чиқарувчи органлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Тадбирда меҳмонларга Ўзбекистоннинг икки палатали парламенти фаолияти тўғрисида маълумот берилди. Парламентлараро ҳамкорликка доир масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Қозоғистон парламенти делегацияси Мустақиллик майдонига ташриф буюриб, ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди, пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойлари билан танишди.

Матназар Элмуродов, Улуғбек Шоназаров, ЎзА
1 427






Все о погоде - Pogoda.uz