ЎзА Ўзбек

05.02.2018 15:48 Чоп этиш версияси

Қозоғистон фуқароси чегарада наркотик модда билан қўлга тушди

Мамлакатимизда гиёҳванд моддалар савдоси ва истеъмолига қарши кескин чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бу борада Сирдарё вилояти божхона ходимлари томонидан наркотик савдоси билан шуғулланадиган гуруҳлар фаолиятини аниқлаш ва уларга чек қўйиш, контрабанда каналларини ёпиш, гиёҳванд ўсимликлар майдонларини йўқ қилиш ва гиёҳвандлик иллати ёйилишининг олдини олиш бўйича махсус тадбирлар ўтказилмоқда.

“Сирдарё” чегара божхона пости орқали Ўзбекистон ҳудудида пиёда ҳаракатланаётган Қозоғистон Республикаси фуқароси Ержан Сабитовга (исм-шарифи ўзгартирилган) тегишли қўл юклари холислар иштирокида божхона назоратидан ўтказилганда, унинг эгнидаги курткадан битта ва божхона назоратидан ўтиш жойидан бир қадам наридаги гул тувак олдига у томонидан ташлаб юборилган битта ҳамда чап оёғидаги пайпоқ ичидан битта, жами учта целлофан пакетга ўралган яшил рангли, ўзига хос ўткир ҳидли, “наша” гиёҳванд моддасига ўхшаш маҳсулот борлиги аниқланди.

–Дастлабки терговолди текширув жараёнида фуқаро Е.Сабитов берган кўрсатмаларда унинг ёнидан топилган “наша” ўсимлиги эканини, ўзи истеъмол қилиш учун олиб ўтаётганини баён қилди, – дейди вилоят божхона текширувлари ва суриштирув бўлими бош инспектор-суриштирувчиси Тоҳир Файзиев. – Холислар иштирокида унга нисбатан тегишли процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилиб, унинг ёнидан топилган гиёҳванд моддасига ўхшаш маҳсулот ашёвий далил сифатида олиниб, вилоят ИИБ эксперт-криминалистика бўлимига етказилди. Мутахассисларнинг хулосасига кўра, у “марихуана” моддаси экани маълум бўлди.

Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича Қозоғистон Республикаси фуқароси Ержан Сабитовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА
12 576