ЎзА Ўзбек

25.05.2020 Чоп этиш версияси

Озиқ-овқат маҳсулотларида танқислик бўлмайди...

Озиқ-овқат маҳсулотларида танқислик бўлмайди...

Аҳолини арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, бозорларда нарх-навонинг сунъий равишда ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Қашқадарё вилояти бошқармаси, вилоят прокуратураси ҳамкорлигида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Вилоятда 55 минг 964 гектар томорқа ерларида сабзавот, полиз, дуккакли экинлар ва картошка етиштирилади.

Биргина Косон туманидаги Эсабой қишлоғи аҳолиси 192 гектар ерда томорқачилик билан шуғулланиб, вилоят деҳқон бозорларини бир кунда 100 тоннадан ортиқ сабзавот билан таъминлайди.

Шунингдек, Яккабоғ туманида жойлашган “Кумуш куз файзи” МЧЖ ва “Оқтош келажаги” МЧЖда бугунги кунда 350 мингдан ортиқ парранда боқилиб, бир кунда 175 минг дона тухум ва 1,7 тонна парҳез гўшти етиштириб берилади.

photo_2020-05-25_11-58-21.jpg

Маҳсулотларни тўғридан-тўғри биринчи қўл тамойили асосида улгуржи нархларда вилоят аҳолисига ҳамда қўшни вилоятларга етказиб беришни йўлга қўйиш мақсадида департамент органлари томонидан онлайн ахборот алмашиш тизими ташкил этилиб, маҳсулотлар етказиб берилмоқда.

Жумладан, Департаментнинг Қашқадарё вилояти бошқармасининг амалий кўмаги билан айни кунга қадар Тошкент шаҳрига ҳамда Бухоро, Самарқанд вилоятларига 20 тонна гўшт, 47 тонна сабзи, 30 тонна помидор, бодринг, 301 минг дона тухум жўнатилди.

Бу жараёнларда вилоятдан чиқиш постларида яшил йўлакларнинг ташкил этилгани маҳсулот етиштирувчи тадбиркор ва томорқа ер эгалари учун қулайлик туғдирмоқда.

photo_2020-05-25_11-58-22.jpg

photo_2020-05-25_11-58-23.jpg

1 632
Ў.БАРОТОВ, ЎзА