ЎзА Ўзбек

01.06.2018 20:38 Чоп этиш версияси

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда хорижий тажриба

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда хорижий тажриба Тошкент шаҳридаги халқаро Вестминстер университетида “Марказий Осиёда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ўзгаришлар, озиқ-овқат маҳсулотлари ва озиқланиш хавфсизлиги” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Тошкент шаҳридаги халқаро Вестминстер университети ректори К.Каримов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори В.Норов, Халқаро озиқ-овқат сиёсати илмий-тадқиқот институти бош директори Ш.Фан ва бошқалар озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мамлакат тараққиёти, сиёсий, иқтисодий ва маънавий ривожланиш даражасини белгиловчи муҳим омиллардан эканини таъкидлади.

Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ички бозорни сифатли, хавфсиз ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, аҳолининг харид имкониятларини мустаҳкамлаш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 16 январдаги «Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони бу борадаги ишларни сифат жиҳатдан юқори поғонага олиб чиқмоқда.

3.JPG

4.JPG

АҚШнинг изланишлар маркази ўтказган тадқиқотларга кўра, жорий йилда Ўзбекистон озиқ-овқат хавфсизлиги рейтингида 9 поғона юқорилаб, 64-ўринни эгаллаган.

Вашингтонда жойлашган Халқаро озиқ-овқат сиёсати илмий- тадқиқот институти ҳар йили глобал аҳамиятга эга озиқ-овқат муаммоларини таҳлил қилиб, ҳисобот тайёрлайди. Жорий йилда дунёнинг 14 шаҳрида мазкур ҳисобот тақдимотига бағишланган халқаро конференциялар ўтиши режалаштирилган. Хусусан, Берлин, Москва, Пекин, Токио каби шаҳарлар қаторида илк бор Тошкентда ҳам ушбу тақдимот конференцияси ташкил этилмоқда. Бу нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё ҳудудидаги илк тақдимотдир. Шу боис, анжуманга Халқаро озиқ-овқат сиёсати илмий-тадқиқот институти бош директори ва бир қатор етакчи илмий ходимлари ташриф буюрган.

5.JPG

9.JPG

– Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, минтақа давлатлари билан яхши қўшничилик алоқалари ривожланаётгани халқаро ташкилотларда катта қизиқиш уйғотмоқда, – деди Вашингтондаги Халқаро озиқ-овқат сиёсати илмий-тадқиқот институти катта илмий ходими Комилжон Акрамов. – Сўнгги йилларда Ўзбекистонда иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида қилинаётган кенг кўламли ишлар алоҳида эътиборга молик.

Халқаро анжуманда ҳисоботда келтирилган маълумотлар, Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистондаги вазият ҳақида тўхталиб ўтилди.

– Ушбу анжуманга жуда яхши тайёргарлик кўрилган, – деди Халқаро озиқ-овқат сиёсати илмий-тадқиқот институти етакчи илмий ходими Катрина Козек. – Тадбирда Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумотга эга бўлдик. Бу келгусидаги тадқиқот ишимизнинг янада мазмунли бўлишига ёрдам беради.

Анжуманда мавзу юзасидан маърузалар тингланди. Иштирокчилар ўртасида савол-жавоб ва муҳокамалар бўлиб ўтди.

Гўзал Сатторова, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА
9 856