ЎзА Ўзбек

24.09.2019 Чоп этиш версияси

Озарбайжон шоираси Ганира Пашаеванинг китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Озарбайжон шоираси Ганира Пашаеванинг китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Наманганда мамлакатимиз бўйлаб давом этаётган “Кitob dunyosi” кунлари доирасида Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси депутати, таниқли сиёсатчи ҳамда шоира Ганира Пашаеванинг “Оч, эшикни” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

Дастлаб вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Ганира Пашаева раҳбарлигидаги бир гуруҳ ижодкорлар билан учрашди. Унда ўзбек ва озарбайжон халқлари муштарак адабий тарихининг сарчашмалари заминида адабий-маданий дўстлик алоқаларини тиклаш ҳамда мустаҳкамлаш хусусида фикр алмашилди.

Тўрақўрғон маданият саройида наманганлик ёзувчи ва шоирлар, бадиий шеърият мухлислари ва китобсеварлар Ганира Пашаева ва унга ҳамроҳлик қилаётган “Кitob dunyosi” газетаси муҳаррири, таниқли шоира Хосият Рустамовани карнай-сурнай садолари остида кутиб олди.

Маданият саройида бўлиб ўтган ижодий учрашув ва китоб тақдимоти маросимида шоир Зиёвиддин Мансур, вилоят ҳокими ўринбосари Пахриддин Маткаримов, адабиётшунос олим, таржимон Адҳамбек Алимбеков ва бошқалар озарбайжонлик шоир ва ёзувчилар билан қадимий қадриятга айланган адабий дўстлик алоқалари янги босқичга кўтарилаётганлигини таъкидлади.

Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси Эрон адабиёт шўъбаси раҳбари, “Адабиёт” газетаси бўлим мудири Сервоз Хусайн ўғли, Озарбайжоннинг Тошкентдаги маданият маркази раҳбари Самир Аббосов, “Кitob dunyosi” газетаси таҳрир кенгашининг аъзоси, НамДУ доценти Бахтиёр Исҳоқов, таниқли адиб Боқий Мирзо, “Ижод” фонди вилоят бўлими раҳбари, шоира Гулчеҳра Зокироваларнинг газета ва китобхонлик, адабий ва абадий дўстлик мавзусидаги мулоҳазалари буюк бобокалонларимиз Навоий ва Фузулий, Бахтиёр Ваҳобзода ва Ғафур Ғулом, Хосият Рустамова ҳамда Ганира Пашаевалар ҳамкорлик анъаналарининг жаранги билан унутилмас мазмун касб этди.

Озарбайжон Миллий Мажлиси депутати, Миллий Билимлар Академияси профессори, Евросиё Халқаро Изланишлар институти раҳбари, давлат ва жамоат арбоби Ганира Пашаева ҳар икки давлат, ҳар икки халқ эзгулик йўлида дўст-қардош бўлиб ривожланаётганини мамнуният билан эътироф этди. Таржимон шоира, “Кitob dunyosi” газетасининг бош муҳаррири Хосият Рустамовага миннатдорчилик билдираркан, миллатлараро тотувликка ҳисса қўшаётган бир қатор фаол ижодкорларга эсдалик совғалари топширди.

Меҳмонлар Ибрат мемориал-хотира боғи мажмуасида бўлиб, музей ва мактаб ҳаёти билан танишди.

17.jpg

16.jpg

3 713
Акромжон САТТОРОВ, ЎзА