ЎзА Ўзбек

30.06.2020 Чоп этиш версияси

Ойжон қишлоғида 50 гектарлик иссиқхона қурилиши бошланди

Ойжон қишлоғида 50 гектарлик иссиқхона қурилиши бошланди

Гап Каттақўрғон туманининг шу номли қишлоғида ташкил этилаётган лимончилик кластери ҳақида кетмоқда. Бу ерда тадбиркорларга имтиёзли кредит асосида 1 гектардан замонавий иссиқхона қуриб берилиб, лимон етиштириш режалаштирилган. Лимон кўчатлари ҳосилга киргунига қадар қатор ораларида қулупнай етиштирилади.

– Умумий қиймати 80 миллиард сўм бўлган мазкур лойиҳага АТБ “Турон банки” томонидан Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) нинг имтиёзли кредити асосида қарийб 55 миллиард сўм маблағ ажратилмоқда, – дейди Каттақўрғон тумани ҳокими ўринбосари Абдували Эргашев. – Бу минтақада ягона лойиҳа бўлиб, жаҳон стандартлари асосида “OMAD START” масъулияти чекланган жамияти томонидан Хитой давлатидан келтириладиган хомашёлар ҳисобидан қуриб берилади. Жорий йилнинг IV чорагида ишга тушадиган ушбу лойиҳа амалга ошиши билан 800 киши доимий иш ўрнига эга бўлади.

Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов Каттақўрғон туманида 2020-2021 йилларда аҳоли бандлигини таъминлаш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва камбағалликни камайтириш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишиш жараёнида Ойжонда бўлиб иссиқхоналарни ташкил этишда эътибор қаратиш зарур бўлган масалалар юзасидан мутасаддилар билан суҳбатлашди.

photo_2020-06-30_11-23-51.jpg

Жорий йилги қишлоқ хўжалик мавсуми аввалида туманнинг Қўшҳовуз ҳудудидаги 70 гектар ер майдони эҳтиёжманд, ишсиз 140 оилага бўлиб берилган эди. Ҳозирда бу ерда аҳоли, жумладан, ёшлар томонидан токзорлар барпо этилди. Шу билан бирга ток қатор ораларида полиз ва сабзавот экинлари экилиб, яхшигина ҳосил етиштирилган.

Э.Турдимов ерли бўлган ёшлар билан суҳбатлашиб, уларнинг фикрлари, мақсадини эшитди. Шижоатли йигит-қизларга доимий иш ўрни ва даромад манбаига эга бўлиши учун амалий кўмак беришини таъкидлади.

Жорий йилда туманда 3556 та эҳтиёжманд оила рўйхати шакллантирилиб, уларни камбағалликдан чиқариш бўйича чора-тадбирлар белгиланган. Жумладан, 2316 нафар меҳнатга лаёқатли ишсиз фуқароларни ишга жойлаштириш, 2781 нафар фуқарони томорқа, кооператив ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги ерларига банд қилиш, 1802 нафарини тадбиркорликка жалб қилиш режалаштирилган. Бугунгача бу фуқароларнинг 5 минг нафардан ортиғи доимий даромад манбаига эга бўлди. 

894
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА