ЎзА Ўзбек

02.08.2018 17:01 Чоп этиш версияси

Қовун сайлида табаррук замин саховати намоён бўлди

Қовун сайлида табаррук замин саховати намоён бўлди
Қадим Бухоронинг Абу Али ибн Сино номидаги фавворалар хиёбонига туташ ҳудудда Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллигига бағишлаб анъанавий қовун сайли фестивали бўлиб ўтди.

“Бухоронинг табаррук замини саховати” шиори остида ташкил этилган сайил вилоят полизчилик имкониятларининг ўзига хос намойиши ва тақдимотига айланди.

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида соҳанинг барча тармоқлари каби полизчилик ҳам барқарор ривожланмоқда. Бунга қовун экини жойлаштирилаётган майдонлар кенгайиб, ҳудуд иқлимига мос навлар сони тикланаётгани яққол далилдир.

Бухоро азалдан ўзининг тилими тилни ёрар, таъми асалдан-да тотли қовунлари билан машҳур. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг “Бобурнома” асарида “Мовароуннаҳрда Бухоро қовунича кўп ва хўб қовун бўлмас. Агарчи Фарғона вилоятидин Ахсининг бир навъ қовуниким, “Миртемурий” дерлар, мунинг қовунидин чучукроқ ва нозукроқ бўлур, вале Бухорода ҳар жинс қовундин кўп бўлур ва яхши бўлур”, дея таърифлагани бежиз эмас. Афсуски, яқин ўтмишда – пахта яккаҳокимлиги даврида полизчиликка эътибор сусайди. Бу муаммо мустақиллик йилларида барҳам топди. Шу вақт мобайнида Бухорода ҳам неча ўнлаб қовун навлари тикланди. Бунда анъанавий қовун сайли фестивали ҳам муҳим рағбатлантирувчи омил бўлмоқда.

Бу галги тадбирда вилоятдаги 224 фермер хўжалиги томонидан 1 минг 890 тонна қовун-тарвуз кўргазма савдога қўйилди. Харидорларга таклиф этилган қовун навлари ҳам талайгина – "Амири", "Бекзоди", "Оқ уруғ", "Бўрикалла", "Гулоби"нинг бир неча тури.

Павильонлардаги нафақат полиз, балки мева маҳсулотлари хилма- хиллиги, мўллиги ва айни пайтда сифатию нархи арзонлиги билан эътиборни тортади.

– Фестивалда ҳақиқий деҳқон сахийлигини ҳис этасиз, – дейди харидор Анвар Рўзиев. – Нарх маҳсулот қўлдан-қўлга ўтиб келадиган бозордагига нисбатан икки баробар арзон. Дастурхонимизни тўкин қиладиган сахий деҳқонларимизга раҳмат.

Сайилда хорижлик сайёҳлар ҳам иштирок этди.

– Бухорога келадиган меҳмонни, аввало, шаҳардаги жаҳонга машҳур кўҳна меъморий обидалар қизиқтиради, – дейди россиялик сайёҳ Ильвира Василенко. – Мени эртакдаги гўзал шарқ тимсолига айланган тарихий маскан жуда ҳам мафтун этди. Умуман, бу воҳанинг ҳайратли жиҳатлари кўп экан. Масалан, бу заминда атрофингда сени танимаса-да, кўп йиллик қадрдонлардек илтифот кўрсатадиган кишилар борлигини ҳис қилиб турасан. Сайилда иштирок этиб, Бухоро ноз-неъматларга ҳам бойлигига яна бир бор амин бўлдим.

Сайил якунида фаол иштирокчилар муносиб тақдирланди.

Тадбирда мўл полиз маҳсулотлари билан қатнашган, янги қовун навларини яратиш борасидаги изланишлари учун Жондор туманидаги “Элмурод Дўстмурод Шаҳриёр” фермер хўжалиги раҳбари Дўстмурод Боймуродов, Пешку туманидаги “Баҳор баракаси” фермер хўжалиги раҳбари Шерали Умаров биринчи ўринга муносиб кўрилиб, юк мотоцикллари билан тақдирланди.

– Ота-боболармиз касбини замонавий деҳқончилик илмига амал қилиб давом эттираяпман, – дейди Дўстмурод Боймуродов. – Вилоятда биринчи бўлиб қовун экишга ихтисослашган фермер хўжалиги ташкил этганмиз. Дастлаб, 2 гектарга полиз эккан бўлсам, ҳозир 7 гектар ерим бор. Ҳар йили тўрт-беш нав алмашлаб экиб, юқори ҳосил олаяпман. Ушбу сайилнинг доимий иштирокчисиман. Бу гал сайилга 8 тоннадан зиёд қовун-тарвуз олиб келдим.

Павильонларни фестивалга мос кўркам дизайн асосида безатган Бухоро шаҳри, Олот ва Когон туманлари қимматбаҳо совғалар билан мукофотланди.

Фестивалда асал савдоси ҳам ташкил этилди. Унда бухоролик асаларичилар 3 тоннадан зиёд шифобахш маҳсулотлари билан қатнашди.

Тадбир давомида фольклор жамоаларининг чиқишлари иштирокчиларга хуш кайфият бағишлади.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
5 874